'Нур Отан 'партияси идораси қаршисида норозилик намойиши уюштирилди

Норозилик намойиши иштирокчилари
Image caption Норозилик намойишчилари "Нур Отан" партиясини Президент Назарбоевнинг коррупцияга қарши курша топшириғини бажармаётганликда айблашди

Президент Нурсултон Назарбоев етакчиси бўлган "Нур Отан" партиясининг Олма-Ота шаҳридаги идораси қаршисида норозилик амалиёти бўлиб ўтган. Ҳуқуқ-тартибот органларининг фаолиятидан норози кишилар "Нур Отан" партиясини коррупцияга қарши кураш бўйича Президент Назарбоев томонидан берилган топшириқларни бажармаётганликда айблаган. Ўз навбатида "Нур Отан" партияси вакиллари намойишчиларни партияни обрўсизлантириш мақсадида чиққанликда айблаганлар.

Олма-Отадаги "Нур Отан" партияси биносига олдига 10 зиёд одам йиғилди. Улар турли плакатларни кўтариб олиб адолат талаб қилишди.

Намойишчиларнинг барчаси маҳкама, прокуратура ва полиция фаолиятидан норози. Улар ҳаёти давомида ушбу тизимлардан жабр чекканини айтадилар. Ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятидан норози ташаббус гуруҳ ўз атрофида 100 дан ортиқ одамни бирлаштирганини даъво қилади, аммо намойишга уларнинг ҳаммаси ҳам келмаган.

Сатпаев номидаги Қозоғистон Миллий техника университетининг профессори, тарих фанлари доктори Есен Қуандиқ талабалари билан прокуратурага университетдаги порахўрлик ҳақида ёзиб натижада ишдан бўшатилган.

"2011 йилнинг 19 октябрида 200 нафар талаба билан биргаликда бош прокурорга ушбу олийгоҳдаги коррупция ҳолатлари ҳақида мурожаат қилдик. Бу ҳақда хабар топган университет раҳбарияти ушбу талабалар ва мени кузатув остига олишди. 24 ноябрда эса мени ноқонуний равишда ишдан олиб ташлашди”, - дейди профессор Есен Қуандиқ.

Чимкентлик Гулсара Лебекованинг 2008 йилда қизини олиб қочишган. Гулсара Лебекованинг айтишича, қизини ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари 17 кун тутқунликда ушлаб қийнашгач, жонига қасд қилишга мажбур бўлади.

Гулсара Лебековнинг айтишича, шу вақтгача шикоят ёзмаган жойи қолмаган. Қудратдаги "Нур Отан" партияси унинг аризасини устидан шикоят қилиб ёзган вилоят прокуратурасига юборади.

"Нур Отан"нинг "Коррупция билан курашиш" дастури бор. Аммо ҳеч қандай курашиш бўлаётгани йўқ. Биз уларга коррупция фактларини берсак, улар бўлса Бош прокуратурага ёзишмоқда. Мана менинг ишим бўйича худди шундай йўл тутишди. Бош прокуратура эса 1 ой жавоб бермай, кеча мен кутмаган жойдан хабар келди. Менинг шикоятимга устидан арз қилганим вилоят прокуратураси жавоб бераяпти”, - дейди Гулсара Лебекова.

"Нур Отан" партиясининг Олма-Ота шаҳри бўлими раҳбарларидан Санжар Бокаев мамлакатда коррупция борлигини ва партия бу борасида кураш олиб бораётганини таъкидлайди.

Аммо партия расмийси муаммони плакат кўтариб намойишга чиқиш орқали эмас, балки қонуний йўл билан ечиш кераклигини урғулайди.

"Агар одам партияга аъзо бўлмай, ўз шиорларини кўтариб бақиришни бошласа, албатта бу сиёсий тарғиботга киради. Ушбу сиёсат партиямизнинг обрўсини тўкишга қаратилгандир. Бунга йўл қўйиб бўлмайди ва бундай ҳолатда ҳеч қандай мулоқотга ўрин йўқ”, - дейди Санжар Бокаев.

Намойишчилар парламент сайловлари арафасида норозиликларини очлик амалиёти орқали давом эттиришларини билдиришди.

Ушбу одамларнинг айнан "Нур Отан" партиясига шикоят қилишига бир неча сабаблар бор. Партия шу вақтгача мавжуд бўлган парламентда якка ҳукмрон партия эди.

15 январда бўлиб ўтажак парламент сайловида ҳам Президент Назарбоев партиясининг ғолиб чиқишига кўпчилик шубҳа қилаётгани йўқ.

Бундан ташқари 2008 йилнинг феврал ойида Элбоши Назарбоев коррупцияга қарши кураш эълон қилган ва ушбу масъулиятни айнан "Нур Отан" партияси зиммасига юклаган.

Бу мавзуда батафсилроқ