Тожикистон президентининг ўғли мамлакат футбол федерацияси раҳбари бўлди

Тожикистон президентининг ўғли Рустами Эмомали Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Рустами Эмомали бир неча давлат лавозимларини эгаллаган

Тожикистон президентининг ўғли Рустами Эмомали Тожикистон Футбол федерацияси раиси этиб сайланган.

Айни дамда Рустам Тожикистон божхона хизматида юқори лавозимни ҳам эгаллаган.

Тожикистон Футбол федерациясидаги сайлов ёпиқ эшиклар ортида ўтган ва Рустами Эмомалининг бир овоздан федерация раиси этиб сайлангани хабар қилинган.

Футбол федерациясининг матбуот котиби Али Шарифовнинг айтишича, ушбу сайлов жараёнида ҳеч ким Тожикистон президентнинг ўғли билан рақобат қилишга журъат этмаган.

- Бирорта ҳам рақиб йўқ эди ва бирон киши ҳам қарши овоз бермади. Ўттиз тўрт вакилнинг барчаси Рустами Эмомали номзодлигини қўллаб-қувватладилар, - деб айтган Али Шарифов.

Тожикистон Футбол федерациясининг тўрт йиллик фаолиятига бағишланган йиғилиш бошланиши билан барча журналистлардан зални тарк этиш талаб қилинди.

Шу тартибда федерация раҳбарияти сайлови қандай тарзда ўтганлиги ва демократик усулларга риоя этилганлари маълум эмас.

Ўз исми-шарифи эълон этилишини истамаган бир вакилга кўра, Рустами Эмомали номзоди ўртага қўйилганидан кейин бошқа номзод бу лавозимга таклиф этилмаган.

Федерациянинг собиқ раиси ва Эмомали Раҳмоннинг қудратга келишида хизмат кўрсатган Халқ фронт қўмондони Суҳроб Қосимов ҳам Рустами Эмомали билан рақобат қилишдан воз кечган.

Кузатувчиларнинг фикрича, Тожикистон президентнинг катта ўғли, 24 ёшли Рустами Эмомали ҳозирча Тожикистон Ёшлар, спорт ва сайёҳлик қўмитаси раиси ўринбосари ва Божхона хизматининг божхона жиноятларига қарши кураш бўлимининг раиси лавозимларини эгаллаган.

Айни пайтда у Душанбе шаҳар мажлиси вакили ҳамдир.

Мустақил таҳлилчи Ражаби Мирзонинг айтишича, шу йўсинда Тожикистон президенти ўғли учун катта сиёсатга йўл очиб, ўзига ворис тайёрлашга ҳаракат қилмоқда.

- Бир неча йилдан бери Рустами Эмомали Президент Раҳмоннинг вориси эканлиги борасида дув-дув гаплар тарқалган. Яъни, бу янги гап эмас. Аммо ҳукумат расмийлари доирасида Рустами Эмомали ворислиги борасида аниқ бир фикр мавжуд эмас. Раҳмон яқинлари орасида давлатдаги юқори мансабга талабгорлар кам эмас, - дейди Ражаби Мирзо.

Эмомали Раҳмон тўққиз фарзанднинг отаси бӯлиб, унинг қизлари ва куёвлари Тожикистон ҳукуматида баланд лавозимларни эгаллаганлар.

Бу мавзуда батафсилроқ