Жанаўзенда парламент сайловлари бўлмайди

Image caption Жанаўзенда парламент сайловлари ўтказилмаслиги айтилмоқда

Қонли тўқнашувлар бўлиб ўтган Жанаўзен шаҳрида парламент сайловлари бўлмайди.

Маҳаллий Маслиҳат кенгашларига эса сайловлар фавқулодда ҳолат бекор қилинганидан сўнг бўлиб ўтади.

Қозоғистон Марказий Сайлов комиссияси мана шундай қарорга келган.

“Парламент сайловлари бўлмайди. Чунки конституцион кенгаш сайловнинг қолдирилиши қонунга зид эмас ва бу билан ҳуқуқ бузилмайди деб топди. Шу сабабдан биз парламент сайловлари бўлмайди деган қарорга келдик”, - дейди Би-би-си билан суҳбатда Марказий Сайлов комиссияси матбуот котиби Айгерим Тажиева.

Бунгача Конституцион кенгаш фавқулодда ҳолат амал қилиб турган ҳудудда сайловлар ўтказиш мумкин эмаслигини билдирганди.

“Давлат фуқароларга сайлов ҳуқуқини амалга ошириш учун нафақат тартиб ва шароит белгилаб бериши керак. Балки фуқароларнинг ушбу ҳуқуқини кафолатлаш учун уларнинг шахсий хавфсизлиги ва сайловларнинг очиқ ҳамда рақобатли ўтишини тўлиқ таъминлаши керак. Бироқ фавқулодда ҳолат тартиби вақтида ва бир қатор ҳуқуқ ва эркинликлар вақтинчалик чекланган пайтда жисмоний ва юридик шахсларнинг ушбу мақсадларни амалга ошириши муаммоли бўлиб қолади”, - дейди Конституцион кенгаш раиси Игор Рогов.

Мухолифат талаби

Мухолифат партиялари президентдан мамлакатда умуман сайловларни ортга суришни сўрашганди.

“Азат” умуммиллий социал-демократик партияси лидерларидан Жармахан Туяқбай Жанаўзен шаҳрида мухолифат кўпроқ имкониятга эга бўлиши мумкинлигини айтаркан, Марказий сайлов комиссияси одамларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини бузаётганилигини таъкидлайди.

“Фуқароларнинг сайловларда қатнашиш ва номзодини қўйиш каби конституцион ҳуқуқлари чекланса, бу керакли равишда расмийлаштирилиши лозим. Мен Жанаўзенда ҳолат ўта жиддий эмас деб ўйламайман ва фавқулодда ҳолат тартибини узайтиришга ҳожам йўқ эди”, - дейди Жармахан Туяқбай.

Қонли тўқнашувлар

16 декабр куни қонли тўқнашувлар бўлиб ўтган Жанаўзен шаҳрида расмий маълумотларга кўра 16 киши ҳалок бўлган ва 100 атрофида одам жароҳатланган.

Ҳукумат қуюшқондан чиқиб кетган оломондан ҳимояланиш мақсадида полиция ўқ узганини айтади.

Интернетга сизган видеода эса, полиция кучлари қочиб кетаётган одамларга қарши ўқ узгани ва ўқ еб йиқилганларни тўқмоқлагани акс этганди.

Тўқнашувларнинг эртаси куни президент Назарбоев ушбу шаҳарда 5 январгача фавқулодда ҳолат жорий қилди.

Мустақил Қозоғистон тарихидаги илк фавқулодда ҳолат президентнинг қарори билан 31 январгача узайтирилди.

Ҳукумат фавқулодда ҳолатнинг узайтирилиши борасида бирор изоҳ бермаган.

Жанаўзен шаҳрида расмий маълумотларга кўра 75 минг аҳоли истиқомат қилади.

Асосан нефт ва газ қазиб олиш саноатига асосланган шаҳарда ижтимоий ҳаётнинг бошқа бўлгаларга солиштирганда ортда эканлиги айтилади.

Бу мавзуда батафсилроқ