Тожикистон: 2011 йилда 200га яқин "террорчи ва экстремист" ҳибсга олинди

Абдуқодир Муҳаммадиев
Image caption Абдуқодир Муҳаммадиевнинг айтишича, мамлакатда ўтган йил 2010 йилга нисбатан кўпроқ оғир жиноятлар содир этилган

Тожикистон Бош прокуратураси маълумотига кўра, 2011 йилда мамлакатда 200га яқин "террорчи ва экстремист гуруҳлар аъзолари ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олинган.

Бош прокуратура ҳибсга олинганларнинг кўпини "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати" аъзолари ташкил этган.

Тожикистон бош прокурорининг биринчи ўринбосари Абдуқодир Муҳаммадиевнинг маълум қилишича, Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган матбуъот йиғилишида юздан ортиқ "террорчи гуруҳлар аъзолари"нинг ишлари маҳкамага оширилган ва улардан баъзилари узоқ муддатли қамоқ жазоларига ҳукм этилган.

"Ўтган йил мазкур гуруҳларнинг 178 аъзоси устидан очилган жиноий ишлар маҳкамаларга юборилди. Улардан 53 киши террорчилик ҳужумлари уюштириш айбловлари билан узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этилди," - деб айтди жаноб Муҳаммадиев.

Унинг айтишича, ўтган ой охирларида "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати"нинг 33 аъзосига нисбатан жиноий иш шимолий Тожикистондаги Суғд вилояти маҳкамасига юборилган.

Ўтган ой Суғд вилояти маҳкамаси Хўжанд шаҳар ички ишлар идорасига худкушлик ҳужумда айбланган эллик уч киши ишини кўриб чиқиб, улардан беш нафарини бир умрлик қамоқ жазосига ва қолган 48 кишини 8 йилдан 30 йилгача бўлган қамоқ жазоларига ҳукм этди.

Тожикистон Бош прокуратураси маълумотига кўра, ўтган йил "Ҳизб ут-Таҳрир"нинг 17 нафар аъзоси ва "Жамоати Таблиғ"нинг тўрт нафар аъзоси устидан жиноий иш очилган.

Бу мавзуда батафсилроқ