Туркманистонда сиёсий партиялар тузишга рухсат этилди

Image caption Жаноб Бердимуҳаммадовнинг Туркманистон Демократик партияси мамлакатдаги ягона партия саналади

Туркманистон парламенти "Сиёсий партиялар тўғрисидаги" қонунни қабул қилган.

Туркман давлат матбуотининг хабар қилишича, янги қонун партия тузиш шартларини белгилаб беради ва сиёсий партияларнинг давлат билан муносабатларини тартибга солади.

Ҳозирча Туркманистонда ягона партия - Туркманистон Демократик партияси амал қилади.

1991 йилда асос солинган ТДП собиқ коммунистик партиянинг меросхўридир.

Жорий президент Гурбангули Бердимуҳаммадовга қадар партияга 15 йил давомида мамлакатнинг марҳум президенти Сапармурод Ниёзов раҳбарлик қилган.

2006 йилда Туркманбошининг ўлимидан сўнг ҳокимиятга келган жаноб Бердимуҳаммадов бир неча бор мамлакатда янги партиялар тузилиши эҳтимоли ҳақида гапирган.

У жумладан, деҳқонлар партияси ҳукуматнинг аграр сиёсатини тадбиқ этишга ёрдам бериши мумкинлигини айтган.

Аммо бу борадаги баёнотларга қарамай, ҳозирча жаноб Бердимуҳаммадовнинг партияси ягона партия бўлиб қолмоқда.

'Ҳақиқий демократия'

"Сиёсий партиялар тўғрисида"ги қонун мамлакат президентлигига сайловлар арафасида қабул қилинган.

12 февралда ўтадиган сайловларда уч номзод жорий президент билан беллашади.

Туркман телевидениесининг хабарига кўра, Тошовуз вилояти ҳокими ҳамда ўрта бўғиндаги ҳокимият мулозимлари бўлган яна икки номзод аллақачон сайловларда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтишган.

Президент Гурбангули Бердимуҳаммадов адолатли ва эркин сайловлар ўтказишга ваъда берган.

У шунингдек, муҳожиротдаги мухолиф гуруҳларини айни сайловда иштирок этишга таклиф қилган.

Президент "Туркманистон ҳақиқий демократия йўлидан бориши ва ривожланиши"ни айтган.

Туркманистоннинг хориждаги мухолифати аксарият фаолларнинг мамлакат ичкарисида сиртдан ҳукм этилгани ва уларнинг президентлик сайловларида иштирок этишлари имконсиз эканини айтган.

Мустақил Туркманистон тарихида ҳеч қачон эркин ва адолатли сайлов ўтмаган.

Мамлакат собиқ Президент Ниёзов - Туркманбоши бошқаруви остида дунёдаги энг ёпиқ диктаторлик тузумларидан бири сифатида танилганди.

Аксарият кузатувчилар, ўтган 5 йил мобайнида Туркманбоши шахсига сиғиниш ўрнини Бердимуҳаммадов шахсига сиғиниш эгаллаб бораётганига эътибор қаратишади.

Жаноб Бердимуҳаммадов таълим ва соғлиқ соҳаларида айрим ислоҳотларни ўтказган, аммо жиддий сиёсий ислоҳотларга қўл урмаган.

Жумладан, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият абгорлигича қолаётгани айтилади.

Бу мавзуда батафсилроқ