АҚШ Марказий Осиё давлатларига транзит тўловларини ошириши мумкин

Image caption Ўзбекистон Шимолий Таъминот Тармоғидаги муҳим боғловчи нуқта ҳисобланади

АҚШнинг Миллий Мудофаага доир сўнгги қонуни Шимолий Таъминот тармоғида иштирок этаётган Марказий Осиё давлатларига Афғонистонга мўлжалланган юклар учун қўшимча маблағ ажратишни кўзда тутади.

Еurasianet нашрининг тахминича, қўшимча 90 миллион доллар миқдоридаги маблағнинг катта қисми ушбу тармоқнинг боғловчи нуқтаси бўлган Ўзбекистонга берилиши мумкин.

"АҚШнинг ҳарбий амалиётларига кўмаклашаётган алоҳида давлатлар" учун товон пули экани айтилган маблағлар сўнгги йилларда давомли равишда ошириб келинган.

Жумладан, 2008 йилда бу маблағ 1.2 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2011 йилда 1.69 миллиард долларга етган.

Россия матбуоти АҚШ қўшинлари 2014 йилда Афғонистонни тарк этгач, у ердаги оғир ҳарбий техниканинг бир қисмини Ўзбекистонга қолдириш борасида Тошкент ва Вашингтон ўртасида музокаралар кечаётгани ҳақида ёзган, аммо на ўзбек ва на америка томони бу хабарларни шарҳламаган.

Ўтган ҳафта Президент Обама АҚШ ҳарбий бюджетидаги қисқартиришларни эълон қилган.

Оқ Уйнинг янги стратегиясига мувофиқ, келаётган 10 йил ичида қўшинлар сони бир неча минг кишига қисқартирилади.

Ҳарбий бюджет жорий йил охирида 500 миллиард долларга қисқариши кутилмоқда.

Жаноб Обама Афғонистондаги уруш ниҳоясига етаётгани ва Қўшма Штатлар ўзининг иқтисодий қудратини қайтадан тиклаши зарурлигини айтган.

'Коррупцияга ботган ва яккаҳоким ҳамкорлар'

АҚШ Сенати ўтган йил охирида эълон қилган ҳисоботда Қўшма Штатлар Шимолий Таъминот Тармоғининг узлуксиз фаолиятини таъминлашда дуч келаётган муаммолар ҳам тилга олинган.

"Қўшма Штатлар аҳолиси АҚШнинг ниятларига шубҳуа билан қаровчи давлатларнинг коррупциялашган, яккаҳоким ҳукуматларига таянишга мажбур", дея иқтибос келтиради ҳисоботдан Еurasianet.

АҚШ Марказий Осиё давлатларига ҳамкорлик эвазига ҳарбий техник кўмак кўрсатиши ва ҳарбий кадрлар тайёрлашда ёрдам бериши кўзда тутилган.

Ўтган йил сентябрида АҚШ Сенати Ўзбекистонга ҳарбий ёрдамни тақиқловчи инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ чекловларни бекор қилган эди.

Конгресс қарори Барак Обама маъмуриятининг сўровига биноан қабул қилинган.

Америка матбуотига кўра, Оқ Уй Афғонистондаги ҳарбий амалиётларда муҳим транзит нуқтасига айланган Ўзбекистонни рағбатлантириш учун 7 йил муқаддам жорий этилган чекловни олиб ташлашни сўраган.

'Диктаторга ёрдам'

Обама маъмуриятининг Ўзбекистонга инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ёрдам чекловларини бекор қилиш қарори инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг ғазабига сабаб бўлган.

Уларга кўра, Каримов ҳукумати инсон ҳуқуқлари борасида бирон ижобий қадам қўймасидан туриб, бу каби ёрдамнинг маъқулланиши "диктаторни тақдирлаш"дан бошқа нарса эмас.

Ҳюман райтс Вотч ташкилоти Обама маъмуриятининг қарорини "дунёнинг энг репрессив тузумларидан бирининг армиясини молиялаш", дея танқид қилган.

Покистондаги беқарорлик сабаб Вашингтоннинг Афғонистондаги ҳарбий амалиётларда Ўзбекистондан ўтган Шимолий таъминот йўлига қарамлиги ортган.

Вашингтон 2002 -2004 йиллар орасида Ислом Каримов ҳукуматига ҳарбий ёрдам бериб келган.

Бу кўмак Ўзбекистон АҚШ билан стратегик Ҳамкорлик Битимини имзолаши ортидан бошланган эди.

Икки йил давомида Ўзбекистон АҚШдан қарийб ярим миллиард доллар ёрдам олгани айтилади.

Аммо 2004 йилда АҚШ Конгресси Ўзбекистон ҳукумати ушбу битимнинг сиёсий эркинликлар ва инсон ҳуқуқларининг аҳволини яхшилашга доир бандини бажармагани важидан мазкур ёрдамни тўхтатган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ