Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўш кўчаларида 'миллатчилик руҳидаги ёзувлар' пайдо бўлган

Image caption Ўшнинг ўзбек маҳаллаларида ҳануз зўравонликлар изларини кўриш мумкин

Қирғиз ҳуқуқ фаоллари Ўшнинг ўзбек маҳаллаларида миллатчилик руҳидаги ёзув ва белгиларнинг пайдо бўлганидан хавотир билдиришган.

КирТАГ хабар агентлигининг Инсон ҳуқуқлари адвокатлик маркази эксперти Нурбек Исмоиловга таяниб хабар беришича, янги йилдан кейин бирданига Ўшнинг уч маҳалласида ана шундай ёзувлар пайдо бўлган.

Ҳуқуқ фаолининг айтишича, улардан бири 2010 йилдаги этник зўравонликлардан энг кўп жабр кўрган "Черемушки" маҳалласи яқинидаги ҳарбий қисм девори, қолган иккитаси эса кимга тегишли экани айтилмаган уйлардан бири ҳамда Бобур номли Ўш драма театри биноси деворида пайдо бўлган.

"Таҳдид оҳангидаги граффити бўёқ билан ёзилган", - деб айтган қирғиз эксперти.

У маҳаллий ўзбеклардан бирининг ушбу ёзувлар ўзларини қўрқитгани ҳақидаги сўзларини келтиради.

Ўшлик инсон ҳуқуқлари фаоли Равшан Гапировга кўра, ўзбек маҳаллаларида қўрқув ҳисси кучайган.

Унинг айтишича, янги йил арафасида Қорасувда ўтган мактаблараро эркин кураш бўйича мусобақа чоғида ўзбек миллатига мансуб ёш спортчилар ва тренерлар номаълум шахслар томонидан дўппосланган.

Ҳодиса жойига етиб келган Қорасув ҳокими Аҳмад Полвон Раҳимов ва маҳаллий милиция бошлиғи ҳужумчиларни тўхтата олишмаган.

Ўзбек фаоли янги йил арафасида юз берган ҳодиса тафсилотлари ҳақида гапириб берди.