Қозоғистонда муддатидан илгари парламент сайловлари бўлиб ўтди

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Марказий Сайлов Комиссиясига кўра, маҳаллий вақт билан соат 16 гача сайловчиларнинг қарийб 70 фоизи овоз берган.

Сайловларнинг дастлабки натижалари душанба куни эълон қилиниши кутилмоқда.

Президент Нурсултон Назарбоевнинг "Нур Отан" партияси аксарият овозларни олиши кутилаётир.

2007 йилдаги сайловларда иқтидордаги партия парламент қуйи палатасидаги 107 ўриннинг ҳаммасини эгаллаган.

Мухолифат партиялари сайловлардан четлатилган.

Сайловларда шунингдек, Қозоғистон ватанпарварлари партияси, Коммунистик партия, "Адилет", ОСДП бирлашган мухолифат партияси ва "Ауыл" партиялари иштирок этмоқда.

Аммо Олма-Отадаги Би-би-си мухбирига кўра, улардан фақат "Ақ Жол" гина Президент сиёсатининг ҳаққоний танқидчисидир.

Сайловларни аслида шу йилнинг августида ўтказиш режаланган эди.

Аммо Президент Назарбоев ўтган йил ноябрида парламентни тарқатиб юборди ва муддатидан илгари сайловларни эълон қилди.

Расман "Миллат раҳнамоси" мақоми берилган жаноб Назарбоев ўтган йил апрелида 95 ярим овоз билан яна бир муддатга президентликка сайланган.

71 ёшли Нурсултон Назарбоев Қозоғистонни совет давридан буён бошқариб келади.

Унинг бошқаруви сиёсий барқарорлик ва иқтисодий ислохотлар учун олқишланган, аммо яккаҳокимлиги учун танқид қилинади.

Ёппасига овоз беришлар

Қозоғистондаги мухбиримиз Шодиёр Сайф Олма-Ота вилоятидаги Қаскелен шаҳарчаси ва бир неча овулларда бўлиб, овоз бериш жараёнларини кузатган.

Бир сайловчи мухбирнинг кўз кўнгида бир неча кишига овоз бериш ҳолати бир неча марта такрорланган.

360 чи сайлов участкаси котиби Ассем Молдабек қизи соат 12 га қадар сайловчиларнинг деярли 50 фоиз овоз берганини, ўтган парламент сайловларида ушбу участкадаги 2 мингдан ортиқ сайловчи тўлиқ 100 фоиз овоз берганини айтган.

Мухбиримиз сайловчиларнинг асосан қариялар эканига эътибор қаратган. Сайловчилар парламентнинг янги аъзоларидан ҳаётни янада яхшилашни, нафақа ва маошларнинг оширилишини кутишаётганини айтган.

Овулнинг бошқа жойларида бўлган Би-би-си мухбири одамларнинг сайловга бормаётганини ўрганган. Ёшлар иш билан бўлиб сайловга вақт йўқлигини айтган бўлса, айрим фуқаролар сайловга таклифнома олмаганини ва қаерга бориб овоз беришни билмаслигини айтган.

Лира қишлоқ округидаги одамлар сайлов таклифномасини умуман олмаганини айтишган. Мухбиримиз билан суҳбатда бўлган нафақа ёшидаги чол кампир овоз бериш учун туман марказига кетаётганини ва у ерда қўшимча рўйхат тузиб исмларини тиркашларини ва шундан сўнгина овоз беришлари мумкинлигини айтишган.

Ушба қариялар бир неча йилдан бери ер ололмаётганини ва давлат томонидан берилаётган нафақа фақат кўмир олишга етаётганини парламентга келувчи депутатлар аҳолининг ушбу муаммоларига эътибор қаратишига умид билдирган.

Ёшлар эса парламент депутатлари янги иш ўринлари яратишда фаол ҳаракат қилишини ҳамда чекка қишлоқлардаги болаларнинг мактаб етишмаслиги билан боғлиқ муаммосини ечиши кераклигини уқтиришган.

Олма ота шаҳридаги сайловчилар қудратдаги Нур отан партиясига овоз беришаётганини айтишган. Улар бошқа партиялар ҳақида билмаслиги учун шундай қарорга келганини билдиришган.

'Осойишталикка даъват'

Сайловлар арафасида жаноб Назарбоев қозоғистонликларни мамлакатдаги тинчлик ва осойишталикни сақлашга даъват этган.

Пойтахт Остонада овоз берган Президент Назарбоев сайловлар Қозоғистон учун муҳим синов эканини айтган.

"Бу биз учун катта синовдир. Бутун дунёдан келган 1000 дан ортиқ кузатувчилар ушбу сайловларни кузатмоқда. Мен ишонаманки, Қозоғистон халқи ўз келажаги, мамлакат тараққиёти ҳамда умумий уйимиз бўлган Қозоғистонда тинч-тотув ҳаёт учун овоз берадилар", - деган жаноб Назарбоев.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Жаноб Назарбоев сайловлар Қозоғистон учун муҳим синов эканини айтган

Овоз бериш жараёнлари ўтган ой Жанаўзенда содир бўлган тартибсизликлар манзарасида ўтмоқда.

Иш ташлаган нефтчилар билан полиция ўртасидаги тўқнашувларда камида 16 инсон ҳалок бўлган.

Жанаўзендаги комендантлик соати январ ойи охиригача узайтирилган.

Президент Назарбоев мамлакат Конституциявий Кенгашининг Жанаўзенда сайловларни бекор қилиш ҳақидаги қарорига вето қўйган.

Марказий Сайлов Комиссияси Жанаўзенга кузатувчиларнинг қўйилишини айтган.

Аввалроқ мухолифат нашри бўлган "Голос Республики" рўзномаси мухбирларининг Жанаўзенга қўйилмагани ҳақида хабарлар олинган, аммо кейинроқ журналистларнинг ўзлари шаҳар комендантига мурожаатларидан сўнг рухсат берилганини айтишган.

Нодемократик сайловлар

Қозоғистонда ҳозирга қадар биронта ҳам сайлов ғарблик кузатувчилар томонидан эркин ва демократик, деб тан олинмаган.

Аммо Президент Назарбоев бу сафарги сайловларда халқаро ҳамжамиятга Қозоғистонда ҳақиқий мухолифат борлигини намойиш этишларини айтган.

Ўтган ҳафта Лондондаги анжуманда чиқиш қилган Қозоғистон Президентининг сиёсий масалалар бўйича маслахатчиси Ермуҳамет Ертисбаев ҳокимият Жанаўзендаги тартибсизликларга "ижтимоий давлат" барпо этиш билан жавоб беришини айтган.

Унинг айтишича, сайловларда иқтидордаги "Нур Отан" партияси мутлақ ғалабани қўлга киритади ва Президент "Жанаўзен омили"ни ҳисобга олган ҳолда янги ҳукуматни тузади.

Фуқаролик жамияти фаоллари мухолифат партияларини сайловларда иштирок этмасликка чақиришган.

Бир неча таниқли номзодлар Жанаўзендаги воқеаларга норозилик белгиси сифатида ўз номзодларини қайтариб олганлар.

Нефтга бой Қозоғистон миллиардлаб доллар хорижий сармояларни жалб этган, аммо аҳолининг баъзи қисмлари бу бойликлар Президент ва оиласига яқин бир ҳовуч инсонлар қўлида тўпланганидан норози.

Бу мавзуда батафсилроқ