BBC navigation

Бишкекдаги ҳибсхонада ғалаён юз берган: "жароҳат олганлар кўп"

Сўнгги янгиланиш 16 январ 2012 - 14:40 GMT

Қирғизистонлик маҳбуслар маъмуриятнинг муносабатидан норозилар

Қирғизистон пойтахти Бишкекдаги СИЗО-1 ҳибсхонаси маҳбуслари қўзғолон кўтариши оқибатида тўртта ходим жароҳат олган. Бу ҳақида Жазони ўташ бўйича давлат хизмати раиси Шейшенбек Байзаков хабар қилди.

Аввалроқ маҳбуслар жароҳат олганлар ичида ғалаён иштирокчилари ҳам бўлганини айтишганди.

Қирғизистон омбудсмени Турсунбек Ақун ҳалок бўлганлар ҳақида маълумотга эга эмаслиги, лекин маҳбуслар орасида ҳақиқатдан ҳам "яраланганлар кўп" эканини билдирди.

У яраланганларнинг бир қисми ўз томирларини кесганлари ва қоринларига пичоқ урганларини, бошқалар эса ғалаённи бостириш учун олиб келинган махсус кучлар билан тўқнашувда жароҳат олганларини айтди.

Бир версияга биноан, қўзғолонга ҳибсхона ходимларининг "ман қилинган жиҳозлар"ни излаб қилган тинтуви сабаб бўлган. Айни дамда, расмийлар бу тинтув аввалдан режаланган бўлганини айтишмоқда.

Бошқа версияга кўра эса, қўзғолон бир обрўли маҳбуснинг ўзга жазони ўташ муассасасига ўтказилгани сабаб бўлган.

СИЗО-1 Бишкекнинг деярли қоқ марказида - Жукеев-Пудовкин ва Горький кўчалари чорраҳасида жойлашган. Кун ярмида авж олган махсус кучлар амалиёти туфайли марказий йўлларда тирбандлик юзага келган.

Тартибсизликлар бошланганда ҳибсхонага етиб келган маҳбуслар яқинлари ҳам ҳибсга олингани хабар қилинади.

Қирғизистоннинг бир неча қамоқхоналари ва ҳибсхоналарида СИЗО-1даги сафдошларига хайрихоҳлик билдириб норозилик амаллари бошлангани айтилади. Баъзи хабарларга кўра, улар очлик эълон қилишган.

Жазони ўташ бўйича давлат хизмати раҳбарияти бу маълумотни на рад этмоқда, на тасдиқламоқда.

Қўзғолонлар тарихи

Қирғизистон колонияларида қўзғолонлар бот-бот юз бериб туради: одатда маҳбуслар ёппасига очлик эълон қиладилар. Инсон ҳақлари фаоллари кўп ҳолларда бу норозиликларга "маҳбуслар сақланувчи оғир шароитлар" сабаб бўлишини айтадилар.

Таниқли қирғиз ҳуқуқбони Азиза Абдирасулованинг фикрича, Қирғизистоннинг жазолаш тизимини ислоҳ қилиш вақти аллақачон етиб келган, ҳамда маҳбусларга муносабатни ўзгартириш лозим.

"Одамлар фақат озодликдан маҳрум қилинганлар, ҳуқуқларидан эмас. Мана, масалан, биз каби эркинликда бўлган одамлар учун тиш пастаси ҳеч нарсани англатмайди. Маҳбус учун эса бу бир дунё бойлик. Тасаввур қилинг, тинтув пайтида қўполлик билан унинг шахсий жиҳозлари остин-устун қилинса, у ўзини қандай ҳис қилади?" - дейди ҳуқуқбон.

Қирғиз қамоқхоналаридаги энг жиддий ғалаёнлар 2005-йилда бўлиб ўтган. Унда Молдовановка қишлоғидаги 31-сонли колония маҳбуслари текширув учун келган парламент комиссияси аъзоларига ташланишган.

Ҳодисада бир неча киши, хусусан парламент депутати Тиничбек Акматбаев ҳалок бўлган. Қирғизистон ижрони ўташ бўйича давлат хизматининг бош бошқармаси раҳбари Икматулла Полотов оғир жароҳат олганди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.