Қозоғистон парламенти энди кўппартиявийлик асосида фаолият олиб боради

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Қозоғистон Марказий Сайлов комиссияси муддатидан олдин бўлиб ўтган сайловларнинг тахминий натижасини эълон қилган.

Президент Назарбоевнинг раҳбарлигидаги "Нур Отан" партияси энг юқори 80 фоиз овоз тўплаган.

Иккинчи ва учинчи ўринда "Ақ жўл" ва Қозоғистон Коммунистлар халқ партияси 7 фоиздан кўпроқ овоз тўплаб парламентга киришга муваффақ бўлди.

Президент Назарбоев сайловчилар "Нур Отан" партиясига яна бир бор ишонч билдирганини айтган.

Мухолиф партияси бўлмиш "Азат" сайловларнинг ноқонуний ва нопок ўтганини маълум қилган. Партия эртадан бошлаб норозиликларини муддатсиз намойишлар ўтказиш орқали билдиришини маълум қилган.

'Билдирилган ишонч'

Марказий Сайлов комиссиясининг тахминий маълумотларига кўра, биринчи ўринни катта фарқ билан "Нур Отан" партияси тўплаган. Партия 80 фоизлик натижани қайд этган ва парламентдаги мутлоқ кўпчилик ўринларни қўлга киритади.

Президент Назарбоев ярим тунда партиядошларини ғалаба билан табриклаш учун "Нур Отан"нинг марказий сайлов олди штабига келган.

Элбоши қозоғистонликлар яна бир бор "Нур Отан"га ишонч билдирганини ва бу партия дастурлари ва иши халқ томонидан қўллаб-қувватлашини англатишини айтган.

Сайловларнинг мувафаққиятли ўтиши мамлакатдаги бирдамликнинг нишонаси эканлигини урғулаган.

"Бирлигимизга ҳеч нарса ғов бўла олмади. Айрим шахслар Жанаўзендаги ҳодисаларни сиёсий мақсадларда ишлатиб кўришга ҳаракат қилди. Жанаўзенликлар эса, 70 фоиз овозини "Нур Отан"га бериб ҳаммага ўз позициясини кўрсатиб қўйди", - дейган Нурсултон Назарбоев.

"Нур Отан" билан бирга парламентга "Ақ жўл" ва Коммунистлар халқ партияси кирадиган бўлди. Етти фоиздан овозни бўлиб олган ушбу партияларнинг парламентда муҳим қарорларнинг олинишида таъсир ўтказа олмаслиги айтилмоқда.

Парламент сайловларида иштирок этган мухолифатдаги "Азат" умуммилий социал-демократлар партияси 1,5 фоиздан кўпроқ овоз олган ва парламентга киролмай қолган.

Партия аъзолари ушбу сайловларни Қозоғистон тарихидаги энг нопок сайловлар эканлигини билдирди ва эртадан бошлаб муддатсиз норозилик намойиши ўтказишини маълум қилди.

Партия масъуллари ушбу сайловлардаги қонунбузарликлар учун шахсан президент Назарбоев жавобгар эканлигини урғулашди.

"Бугун ўз норозилигимизни билдирамиз. Ҳукумат амал қилмайдиган ва бузадиган қонун остида яшашни бас қилиш керак. Шунинг учун эртага норозилик акциясини ўтказамиз. Ҳар доимгидек, "Сариарқа" кинотеатри орқасида эмас, балки Республика майдонида йиғиламиз. Сиёсий кенгаш аъзолари келишга ва бўлиб ўтган шармандали сайловларга норозилик билдиришга аҳд қилди", - дейди "Азат" партияси бош котиби Амиржан Қўсанов.

Партия маъсуллари ушбу норозилик амаллари муддатсиз давом этишини ва норози кайфиятда бўлган бошқа сиёсий партия ва жамоатчилик ташкилотлари ҳам иштирок этиши мумкинлигини билдиришди.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти Қозоғистондаги сайловларни демократик принципларга мос келмаганини айтиб чиқди. Ташкилотга кўра, овоз бериш жараёни қаттиқ назорат муҳитида ўтган.