Қирғизистон Иссиқ кўл атрофида улкан велотрек қурмоқчи

Image caption Янги лойиҳа муаллифлари, "Бир ўқ билан икки қуённи уришмоқчи"

Қирғизистон собиқ Шўролар Иттифоқи даврида торпедолар синаб кўрилган кўл ёқалаб қарийб 500 чақиримга узанган велотрек қурмоқчи.

Лойиҳадан мақсад, бу ерга келиб хордиқ чиқаришлари учун бутун дунёдан велосипедчиларни жалб этиш экани айтилмоқда.

"Велосипедда юриш Оврўпо, Америка Қўшма Штатлари, Россия ва Хитойда жуда оммабоп. Шу боис янги лойиҳамиз сайёҳларга ниҳоятда қўл келади", дейди лойиҳа раҳбари Алмаз Айилчиев.

Ташаббускорларга кўра, лойиҳанинг номини ҳам хорижий сайёҳларни ўйлаб, Bai Issyk-Kul деб қўйишган.

"Қирғиз тилида бу "Бой Иссиқ-Кўл деган маънони берса, инглиз тилида худди велосипед(bicycle)га ўхшаб жаранглайди", дейди жаноб Айилчиев.

Унинг айтишича, янги лойиҳаси ҳам марказий ва ҳам маҳаллий ҳокимият томонидан қўллаб-қувватланган.

"Буёғига фақатгина лойиҳанинг молиявий сарф-харажатларини кўтарадиган ҳамкор топиш қолган, холос", деб давом этади Алмаз Айилчиев.

Аён бўлишича, лойиҳа муаллифлари янги велотрекни Иссиқ-Кўл соҳилига имкон қадар яқинроқ қилиб қуришмоқчи.

Бундан мақсад эса, хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатиб, пул ишлашлари учун маҳаллий аҳолига меҳмонхоналар ва қаҳвахонaлар қуришга имкон бериш экани айтилади.

Уларга кўра, "Бир ўқ билан икки қуённи уришади", яъни ҳам одамлар ва ҳам сайёҳлар фойда кўришади.

Аммо масаланинг бошқа томони ҳам бор:

Қирғизистон 2005 йилдан буён иккита инқилобга саҳна бўлди, яқинда эса, мамлакат жанубида юзлаб кишиларнинг умрларига зомин бўлган қонли этник низолар кузатилди.

Бу эса, велосипедда мазза қилиб хордиқ чиқариш истагида бўлган ҳар қандай оилани чўчитмай қўймайди.

Аммо лойиҳа муаллифлари шунча беқарорликлар манзарасида ҳам Иссиқ-Кўл тинч қолганига умид қилишаётганини айтишади.

Иссиқ-Кўлнинг жанубий соҳилларига эса, унча-мунча одамнинг қадами етмаган.

Бу ернинг қирғоққа туташиб кетган ям-яшил водийларида маҳаллий аҳоли ҳануз ўтовларда яшашади.

Дунё бўйлаб уч йиллик сафари чоғида велосипедда Қирғизистонни ҳам кесиб ўтган голландиялик Фридел Грант Қирғизистоннинг табиий гўзаллиги ва кўлнинг қанчалар сокинлиги ўзининг хотирасида муҳрланиб қолганини айтади.

Британияда чоп этилувчи The Telegraph газети велосипедчидан иқтибос келтираркан, унинг "янги велотрек сўзсиз велосипедчиларнинг эътиборларини ўзига жалб этиши ва одамлар учун ҳам хайрли ибтидо", эканига оид сўзларини келтиради.

Бу мавзуда батафсилроқ