Президент Имомали Раҳмон: ‘Менга лаганбардорлик қилманг’

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Президент Раҳмон ўз шарафига уюштирилаётган дабдабалардан хижолатда қолаётганини айтган

Тожикистон раҳбари мамлакат бўйлаб маҳаллий мулозимлари ўз шарафига уюштираётган тўкин-сочин зиёфатлардан хижолатда эканини айтиб, бу каби лаганбардорликни бас қилишга буйруқ берган.

Тожикистон 15 собиқ Шўро республикалари ичида энг қашшоқларидан бири саналади.

7.5 миллион аҳолисидан бир миллионга яқини биргина Россиянинг ўзида меҳнат муҳожирлигида банд.

Мамлакат Йиллик Ялпи Ички ишлаб чиқариш кўламининг эллик фоизга яқинини ана шу меҳнат муҳожирлари юбораётган даромад ташкил этади.

Аммо мамлакатда қашшоқликнинг бу қадар тус олганига қарамай, маҳаллий мулозимлар президент Раҳмонни дабдаба билан қарши олишга ҳаракат қилишади:

Тожикистон раҳбари ўтадиган йўлни катта пулга таъмирлашади, йўл ёқасига президент ёқтирадиган дарахтларни ўтқазишади, қўлларида гулдасталар билан олқишлаб туришлари учун ўқувчиларни таҳсилдан узиб, сафарбар этишади ва нутқ ирод этиши учун антиқа минбарлар тиклашади.

Ҳукумат йиғинида сўзларкан, жаноб Раҳмон “бу каби лаганбардорликларнинг барчасидан уятда” эканини айтган.

Президентнинг чиқиши Тожикистондаги барча давлат телеканаллари орқали олиб узатилган.

“Мен хизмат сафари билан борган туману шаҳарларда одамлар ёнимга келиб, “Ҳар бир сафар қилганингизда, сизнинг иззатингизни жойига қўйиш, қолин гиламлар, гуллар ва базму жамшидлар учун бизнинг чўнтагимизни қоқлашиб олишади”, деб шикоят қилишади. Бу нима деган гап? Бас қилинг. Бунақа ишларнинг менга ҳеч бир кераги йўқ”, деб айтган жаноб Раҳмон.

Бироқ...

Аммо Тожикистонда бўлган мухбирларимизга кўра, бу - президент Раҳмоннинг ушбу мавзуга илк бор эътибор қаратиши эмас.

"Амалиётда эса, буларнинг ҳаммаси қуруқ гаплигича қолиб кетади. Фақат дастлабки бир-икки ой ичида кўчалардан президент Раҳмоннинг портретлари олиб ташланади. Кейин ҳаммаси яна эски туришига қайтади. Ёки ундан ҳам баттарлашади", дейди мухбиримиз Искандар Фируз.

Мухбиримизнинг айтишича, Тожикистонда мавжуд сиёсий сценарийга мувофиқ, президентнинг барча фармойишлари сўзсиз бажарилиши тақозо этилади, аммо, негадир, айнан унинг шарафига уюштирилаётган дабдабалар масаласида берилаётган ёки бериб келинган қарорлар эътибордан четда қолиб кетади.

Таҳлилчилар, худди шу сабабдан ҳам, Тожикистон раҳбарининг бу каби чиқишлари кўпроқ халқбоз характерга эга экани ва оддий одамларга мўлжалланганини таъкидлашади.

"Президентнинг бу каби танқидларини телевизиор орқали кўрган оддий халқ раҳбаримиз қанчалар доно, ҳаммасига унинг атрофидагилар айбдор", деган хулосага келишади.

Уларга кўра, давлат оммавий-ахборот воситаларидан бошқа муқобил ахборот манбаига эга бўлмагани боис, аксарият аҳоли президент Раҳмоннинг сўзларига ишонишади.

Қарорлар

2009 йилда Тожикистон раҳбари маҳаллий мулозимлари қуршовида тургани акс этган барча плакатларни олиб ташлашга буйруқ берганди.

Ҳозир эса, мамлакатнинг барча туман ва шаҳарларини асосан президент Раҳмоннинг ёлғиз ўзи акс этган тасвирлар безаб туради.

Имомали Раҳмон бундан аввал қашшоқлашиб қолган аҳолисини тўй ва аза маросимларини камхаржроқ қилиш, меҳмону таомлар сонини камайтиришга ҳам ундаганди.

Собиқ колхоз раиси бўлган 59 ёшли президент Раҳмон Тожикистоннинг икки ўн йилликдан буён бошқариб келади.

Жаноб Раҳмоннинг танқидчилари уни мамлакат конституциясига ўз манфаатларига мослаштириб, тузатишлар киритишда айблашади.

Унинг жорий президентлик ваколати 2013 йилнинг ноябр ойида расман ўз ниҳоясига етади, аммо Тожик раҳбарининг яна етти йилга мамлакатни бошқариш ниятлари ҳам йўқ эмас.

Бу мавзуда батафсилроқ