Оврўпо Банки: "Иқтисод ўсиши ҳақида расмий маълумотларга шубҳа билан қараймиз"

Оврўпо Тикланиш ва Тараққиёт Банкининг минтақа давлатлари иқтисодларининг ўсиши борасида берган ҳисоботида айтилишича, Марказий Осиё давлатлари иқтисоди энг баланд суръатлар билан ўсиб келаётганларидан.

Жумладан, Ўзбекистон Ялпи Ички Маҳсулоти ўтган йили 8 фоиздан кўпроққа ўсган ва бу ҳукумат тақдим этган рақамлар билан деярли тенг.

Лекин жорий 2012 йилда Марказий Осиё давлатларида ўсиш бир қадар сусайиши башорат қилинмоқда, аммо барибир бошқа минтақаларга нисбатан баландроқ бўлиб қолади.

Айни вақтда мутахассислар минтақа давлатлари ҳукуматларининг иқтисодий ўсиш борасида бераётган расмий маълумотларини шубҳа остига олиш кераклигини ҳам таъкидламоқдалар.

Оврўпо Тикланиш ва Тараққиёт Банкининг Марказий Осиё бўлими раҳбари Ниенке Омеснинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, Марказий Осиё давлатлари иқтисодининг бу каби суръатлар билан ўсишига асосий сабаблардан бири бу мамлакатларнинг табиий захирларга бой эканлигидир.

Ниенке Омес: 2011 йилда минтақада мавжуд хом ашёлар нархи аввалги йилга қараганда баланд бўлди. Бундан ташқари табиий захираларга у қадар бой бўлмаган, масалан Тожикистон ва Қирғизистон иқтисодлари Россия ва Қозоғистон каби давлатлардан меҳнат муҳожирлари юборадиган пуллар ва хориждан киритиладиган тўғридан-тўғри сармояларга асосланади. Хуллас табиий захираларни экспорт қилувчи давлатлар иқтисоди тез суръатлар билан ўсмоқда, бу эса ўз навбатида хом ашёга у қадар эга бўлмаган давлатлар иқтисоди учун ҳам, бу давлатлардан кириб келаётган сармоялар билан таъсир ўтказмоқда.

Би-би-си: Минтақада Қозоғистон иқтисоди нисбатан кучли ҳисобланади ва табиий бойликлари ҳам кўпроқ. Лекин сизнинг ҳисоботингизга қарайдиган бўлсак, ўтган йили Ўзбекистон иқтисоди Қозоғистонникига қараганда кўпроқ ўсибди. Агар иқтисод ўсиши кўрсаткичлари сиз айтгандек, асосан табиий бойликлар экспортига асосланган бўлса, Ўзбекистон экспорти ҳажми Қозоғистондан кўра кўпроқ эмасдир?

Ниенке Омес: Мен тилга олмаган яна бир омил бор - бу ҳукумат томонидан иқтисоднинг қўлланиши. Қатор Марказий Осиё давлатларида ҳукуматлар бунинг учун, иқтисодни замонавийлаштириш, турфахиллашатириш учун анчайин маблағ ажратиб қўйишган. Бу каби сиёсат Марказий Осиё давлатларига аввалги инқироздан ўнгланишга ҳам ёрдам берганди.

Би-би-си: Лекин Қозоғистон ҳукуматининг бу каби қадамлар учун пули кўпроқ бўлса керак, келгуси йилги ўсиш учун тахмин эса Ўзбекистонники барибир юқорироқ?

Ниенке Омес: Қозоғистон минтақа давлатлари орасида энг бой мамлакат, шунингдек ташқи жаҳон иқтисоди билан энг уйғунлашган ва очиқ. Ана шунинг учун Қозоғистон иқтисодига охирги инқироз энг кўп таъсир қилди. Қозоғистон банклари хориж банкларидан жуда кўплаб қарзлар олганлар. Ана шу омил мамлакат молия тизимига анчайин зарар етказди. Ўзбекистон ва Туркманистон иқтисодлари эса ташқи дунёга анчайин ёпиқ. Айнан ҳозир бу омил бу мамлакатлар учун ижобий ҳолат бўлмоқда.

Би-би-си: Узоқ муддатни кўзлаб айтадиган бўлсак ҳам бу ижобий омилми?

Ниенке Омес: Балким йўқ. Лекин ҳозирда Оврўпо юз тутаётган инқироз манзарасида ижобий ҳолат бўлмоқда. Лекин узоқ муддат нуқтаи назаридан айтсак, мамлакат ташқи жаҳон учун очилиши керак. Бу иқтисодни турфахиллашатириш ва замонавийлаштириш, ғарб технологиялари ва бошқарув услубларини олиб кириш, узоқ муддатли иқтисод ўсишини таъминлаш йўлида хорижий сармояларни жалб этиш учун керакдир. Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, ташқи дунёга очиқ бўлиш, бошқа давлатлар билан кенг савдо алоқаларига эга бўлиш умуман олганда иқтисодга ижобий таъсир қилади.

Би-би-си: Ўтган ҳафта Ўзбекистон Президенти ҳам келгуси йил ўсиш суръатини 8 фоиз атрофида, дея айтди. Бу рақамни халқаро ташкилотлар ҳам қўллаётганлигини билдирди. Халқаро ташкилотлар эса кўпда ўз тахминларини ҳукумат берган рақамларга асослашларини айтадилар. Демак улар маълумотларни биридан бирига ошираётгандек тасаввур туғилади. Бу соҳада амалда вазиятни аниқлаштиришнинг иложи борми?

Ниенке Омес: Афсуски, халқаро ташкилотлар бирон мамлакатнинг Ялпи Ички Маҳсулоти ҳақида ўз маълумотларини тўплаши қийин масала. Чунки бунинг учун ўша мамлакатда кўплаб ходимлар бориб кўплаб соҳалар ҳақида кўплаб маълумотларни йиғишлари керак. Халқаро Валюта Жамғармаси, Жаҳон банки каби ташкилотлар учун буни амалга ошириш мушкул ва самарали бўлиши ҳам нореал. Халқаро ташкилотлар кўпда маҳаллий ҳукуматларга статистик ва бошқа маълумотларни йиғишни яхшилаш йўлида ёрдам кўрсатишлари мумкин. Лекин унгача бизда бошқа илож йўқ, биз ҳукуматлар тақдим қилаётган маълумотларга асосланишимиздан бошқа иложимиз йўқ. Албатта бу маълумотларга бир қадар шубҳа билан қарашга ҳаракат қиламиз. Бу маълумотлар рисоладагидек эмаслигини тушунамиз. Бундан ташқари Марказий Осиё давлатларининг аксарида "қора бозор" мавжудлиги, бу ноқонунуий иқтисоддагилар қанча маҳсулот чиқаришаётгани, қанча маблағ топаётганлари ҳақида ҳисобот бермайдилар. Баъзи давлатларда бу каби ноқонунуий иқтисод улуши 30-40 фоизга қадар етади. Ана шу нарса назарда тутилса мамлакат Ялпи Ички Маҳсулоти ҳаиқдаги маълумотларга аниқлик киритиш ўта мушкул эканлигини тушунса бўлади.

Бу мавзуда батафсилроқ