'Human Rights Watch': 'Қозоғистонда ҳибсга олинган мухолиф фаоллар озод қилиниши керак'

Image caption Декабр ойида Жанаозендаги нефтчилар норозилигини полиция томонидан куч билан тарқатиб юбориши оқибатида 16 киши ҳалок бўлганди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти "Human Rights Watch" Қозоғистон расмийларини охирги ҳафталар мобайнида қўлга олинган мухолифат вакилларини озод этишга даъват қилди.

Қозоқ мухолифати вакиллари ўтган йил декабр ойидаги ҳодисалар билан боғлиқликда ҳибсга олингани хабар берилганди.

Қўлга олиниб, сўроққа тутилган ва жиноий иш очилган шахслар орасида рўйхатдан ўтказилмаган "Олға" партияси етакчи аъзолари, "Взгляд" рўзномаси муҳаррири ва яна қатор кишилар бор.

"Human Rights Watch"га кўра, айбловлар орасида "ижтимоий тартибсизликларни келтириб чиқариш" айблови хавотирларга сабаб бўлмоқда, чунки бу айблов анчайин кенг қамровли ва фундаментал ҳуқуқларнинг бузилишини англатиши мумкин.

"Human Rights Watch"нинг Марказий Осиё бўлими раҳбари Хю Уилямснинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, 23 январ куни Қозоғистон Миллий Хавфсизлик Қўмитаси баёнот чиқариб, мухолифат вакилларининг ҳибсга олинганлкиларини маълум қилган.

Хю Уилямс: Бош хавотир жиноий қонунларни кенг талқин қилиш мумкинлигидир. Бу айблов асосида ҳатто 10 йилгача бўлган қамоқ жазоси белгиланиши мумкин. Бизнинг назаримизда, бу каби кенг, умумий талқинлар Қозоғистон ўз елкасига олган халқаро мажбуриятларига, инсон ҳуқуқлари қонунларига мос эмас. Бундайин қонунлар ўтган йили иш ташлаган нефтчиларнинг адвокати - Наталья Соколовага нисбатан ҳам қўлланганди. Жамоат тартибига хавф солишга оид айбловлар билан уни ўшанда 6 йилга ҳукм этишган. Айнан шу қонун талқинидан фойдаланиб, ҳукумат ўз танқидчиларини бостираётгани бизни хавотирга солади. Яъни қонун бандлари аниқ ва шаффоф ҳолатда қўлланилиши керак.

Би-би-си: Айни жараён борасида суриштирув ва тадқиқот олиб борганингизда, Қозоқ ҳукумати қанчалик ҳамкорлик қилаяпти ва маълумот бермоқда?

Хю Уилямс: Улар баёнот эълон қилишди. Бу бироз ёрдам берди. Аммо улар бу шахслар қандай қилиб жамоат тартибига таҳдид солгани борасида аниқ маълумотлар беришаётгани йўқ. Бу шахсларнинг айнан нима қилишгани далиллари маълум қилинмаган. Қачон бу масалага ойдинлик киритишлари ҳам аниқ эмас. Жараён шаффоф олиб борилмаяпти. Шунингдек, жуда машҳур газета муҳаррири - Игорь Винявский ҳам қўлга олиниб, бир кеча-кундуз ушлаб турилган. У билан кечган ҳодислар тафсилотлари ҳам ошкор этилмаяпти. Ушбу ҳолатда ҳам поилция эмас, балки хавфсизлик хизматлари аралашгани бизни янада кўпроқ хавотирга солади. Ҳали Жаноўзендаги воқеалар чоғи Президент Назарбоев очиқ, шаффоф ва мустақил текширувлар ўтказилишини айтганди. Аммо мухолифат фаоллари ва вакилларининг бу каби ёппасига ҳибсга олиниши Президент гапларига мос тушмаяпти. Биз ҳамон очиқ ва мустақил текширувларга умид қилиб қоламиз, лекин жорий воқеалар бошқача манзарани чизмоқда.