Қирғизистон қамоқхоналарида 7 мингга яқин маҳкум очлик қилмоқда

Маҳкумлар
Image caption БМТ маърузачисига кўра, Қирғизистон қамоқхоналарида шароит жуда ёмон

Қирғизистонда 1300дан кўпроқ маҳкум қамоқхоналарда шароитнинг ёмонлигига эътирозан ўз оғизларини тикиб ташлаган.

Ўтган ҳафта Бишкекдаги қамоқхонада маҳкумлар ғалаён кўтариши ортидан юзлаб маҳкумлар очлик эълон қилишганэди.

Ғалаён пайтида бир маҳкум ҳалок бўлган ва яна ўнлаб одам яраланган эди.

Қирғиз расмийларига кўра, 1300дан кўпроқ маҳкумлар оғизларини тикиб ташлашган ва 7 мингга яқин маҳкум очлик қилмоқда.

Маҳкумлар ўз оғизларини қамоқхона маъмурияти уларни куч билан овқатлантиришга қарор қилишлари ортидан тикиб ташлашган.

Маҳкумлар 16 январ куни Бишкекдаги қамоқхоналардан бирида полициянинг маҳкумларга нисбатан куч ишлатишига эътирозан очлик амалини давом эттиришмоқда.

Расмийларнинг даъво қилишларича, очлик амали қамоқхонада тартиб-интизомнинг кучайтирилишига қарши бўлган жиноий гуруҳлар томонидан ташкиллаштирилган.

Аммо чоршанба куни баъзи маҳкумлар билан учрашган Қирғизистон Омбуцмени Турсунбек Акун уларнинг асосий талаби қамқохоналарда таҳқирлашларни тўхтатиш эканини айтган.

"Уларнинг вазияти ҳалокатли даражада. Уларнинг баъзилари ҳолсизликдан йиқилиб қолган, баъзиларининг гапиришга мажоли йўқ. Улар қамоқхона нозирларидан калтаклашларни тўхтатишни талаб қилишмоқда. Улар 16 январ ҳодисаси такрорланмайди деб кафолат берилишини истайди. Улар, агар очликни тўхтатсак, калтаклашлар яна бошланади, деган хавотирда," - дейди Турсунбек Акун.

Қирғизистон қамоқхоналарида очлик ва намойишлар тез-тез юз бериб туради.

Маҳкумлар асосан жазони ўташ муассисаларида шароитларнинг яхшиланишини талаб қилишади.

Расмийлар қамоқхоналарда шароитни яхшилаш учун маблағ етарли эмаслигини айтишади.

Ўтган ой Қирғизистонга сафар қилган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қийноқлар бўйича маърузачиси баъзи қамоқхоналарда шароитлар ўта ёмон, қийноқлар ва ноинсоний муносабатлар кенг тарқалган деган хулосага келганди.

Бу мавзуда батафсилроқ