'Эронга қарши жазо чоралари тожик иқтисодига салбий таъсир қилади'

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Эрон Тожикистоннинг зиддиятли гидроиншоот лойиҳаларига сармоя киритган.

Тожикистон иқтисодиёт ва савдо вазири Шариф Раҳимзодага кўра, Эронга қарши жазо чоралари Тожикистон иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатади.

Тожик мулозими бу ҳақда Душанбеда ўтган матбуот анжуманида гапирган.

Регнум хабар агентлигининг жаноб Раҳимзодадан иқтибос келтиришича, АҚШ ва Оврўпо Иттифоқининг расмий Теҳронга янги жазо чоралари Эрон билан ҳамкорлик қилаётган тожик ширкатларининг ишини қийинлаштиради.

Айни пайтда мулозим Эрон ва ғарб давлатлари ўртасидаги зиддиятнинг янада чуқурлашиб кетмаслигига умид билдирган.

"Эрон ҳам, араб давлатлари ҳам бундан манфаатдор эмас", - деган Тожикистон иқтисодиёт ва савдо вазири.

Муҳим шерик

Тожикистоннинг йирик иқтисодий ва савдо шерикларидан бири бўлган Эрон Тожикистонга 1 миллиард доллардан кўпроқ сармоя киритган.

Эрон Тожикистоннинг зиддиятли гидроиншоот лойиҳаларига ҳам сармоя киритган.

Душанба куни Оврўпо Иттифоқи Ташқи ишлар вазирлари Эронга қарши янги жазо чораларини қўллаб-қувватлашган.

Эрон нефтини сотиб олмаслик шулар жумласидандир.

Шарҳловчиларга кўра, Оврўпо Иттифоқининг Эрон нефтини бойкот қилиш қарори Эрон иқтисодига таъсир кўрсатмасдан қолмайди.

Эрон нефтининг бешдан бир қисмини ОИга аъзо давлатлар харид қилади.

Бундай харидорни йўқотиш Эрон иқтисодиётига кучли зарба беради.

Бошқа мамлакатлар ҳам Эрон нефтини сотиб олишни тўхтатиши мумкин.

Аммо Эрон нефтининг энг йирик харидори бўлмиш Хитой жазо чораларини қўллаб-қувватламаган.

Эроннинг атом энергиясини тадқиқ этишдаги муҳим шериги бўлган Россия ҳам жазо чораларига қарши.

Ғарб Эронни ядровий қурол ишлаб чиқаришга ҳаракат қилаётганликда айблайди.

Расмий Теҳрон эса бу даъволарни рад этади ва ўртадаги келишмовчиликни бартараф этиш йўли жазо чоралари эмас, балки балки мулоқот экании айтиб келади.

Бу мавзуда батафсилроқ