Тожикистонда хайру эҳсонлар солиққа тортилади

Image caption Тожикистондаги аксарият масжидлар хайрия пуллари орқасидан кун кўришади

Аён бўлишича, бундан буёғига Тожикистондаги диний идоралар масъулларга ўз ходимлари рўйхатини тақдим этишлари ва уларга бераётган ойлик маошларидан солиқ тўлашлари шарт бўлади.

Масъулларга кўра, масжидларга тушаётган хайрия пуллари энди у ердагиларнинг иш ҳақлари ҳисобланиб, солиққа тортилиши лозим кўрилади.

Бундан ташқари, масжидлардан ижтимоий жамғарма ва ер солиғи учун ҳам маблағ ундириб олинади.

Бунгача Тожикистондаги масжидлар, черковлар ва ибодатхоналар солиқлардан буткул озод этилишганди.

Масжидлар ва давлат бюджети

Тожикистонда масжидлар ва черковлар тужжорий ташкилот саналишмайди.

Аммо давлатдан ҳам бир тийин олишмайди.

Уларнинг асосий тушумларини намозхонларнинг хайру эҳсонлари ташкил этади.

Мамлакат диний раҳбарларига кўра, ҳукуматнинг янги қарори ортида нафақат масжидлар ва черковларнинг фаолиятларини назорат этиш мақсади, балки янгиларини очиш жараёнини қийинлаштириш ҳам турибди.

Тожикистонлик масъулларнинг таъкидлашларича эса, қабул қилинган чора-тадбирлар масжид ва черковларнинг молиявий фаолиятларини тартибга солишни кўзда тутади.

Мамлакатнинг Олий диний идораси - Тожикистон Уламолар кенгаши ҳам ҳукуматнинг ташаббусини қўллаб чиққан.

Кенгашга кўра, бу ўз вақтида ва давлатнинг бюджетини тўлдиришга ёрдам берувчи қарордир.

Имомларнинг чўнтагидан

Image caption Тожикистонлик таниқли уламо ҳукуматнинг қарори янги масжидларни очиш жараёнини қийинлаштиради, дейди

Тожикистонлик таниқли уламо Ҳожи Акбар Тўражонзаданинг таъкидлашича, масжидларнинг солиққа тортилиши янгиларини очиш жараёнини қийинлаштиради.

Унга кўра, ушбу қарор ортида ҳукуматнинг мустақил имомларнинг фаолиятларига тўсқинлик қилиш мақсади ётибди.

"Чунки одамлар зиёратга келадиган бир қанча йирик масжид ва мақбаралардан ташқари, Тожикистондаги аксарият масжидларнинг даромадлари йўқ", дейди таниқли уламо.

Унинг айтишича, бу каби масжидларда ёрдамчиларининг маошини имом-хатибнинг ўзи ўз чўнтагидан тўлайди.

Тожикистонлик уламоларга кўра, хайрия пулларининг катта қисми масжидни тоза тутиш ва электр токи тўловига кетади.

"Агар масжидлар бу каби солиқларга тортиладиган бўлса, улар бунча пулни тўлай олишмайди. Шу сабабдан ҳам, худди Шўро даврида бўлгани каби, имом-хатиб давлатга ўз чўнтагидан тўлаши керак бўлади ёки масжиди ёпилади", дейди Ҳожи Акбар Тўражонзода.

Тожикистон расман дунёвий давлат саналади.

Аммо ҳукумат диний идораларнинг ишига фаол аралашади ва имом-хатибларни танлашда ҳам ҳал қилувчи сўзни айтади.

Ҳафсаламни пир қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Тожикистондаги айрим уламолар янги қарор кўплаб масжидларнинг ёпилишига олиб келишидан хавотирдалар

Душанбелик намозхонлардан бири Камолиддин масъулларнинг янги қароридан ҳафсаласи пир бўлганини айтади.

"Ҳукуматнинг ушбу маблағларга кўз тиккани ғалати. Чунки оддий одамлар Худонинг йўлига деб, чин кўнгилдан масжидларга хайру эҳсон қилишади. Энди мен бундай қилишдан олдин яхшилаб ўйлаб кўраман", дейди у.

Сиёсатшунос-исломшунос Фаррух Умаровнинг айтишича эса, масжидларнинг молиявий фаолиятларини назорат этишнинг ўзи имконсиз нарса.

"Бу механизмнинг қандай ишлашини тасаввур қилишнинг ўзи қийин. Зиёратчилар ёки намозхонларнинг қанча хайру эҳсон қилганликларини билмай туриб, қандай қилиб солиқ тўлаш мумкин. Ким уларни ҳисоблайди, ким уларни текширади?", дейди жаноб Умаров.

Масъулларга кўра эса, худди шу омилни назарда тутиб, қатъий солиқ меъёри белгиланмаган. Тожикистонлик амалдорларга кўра, хайру эҳсонларнинг аниқ миқдори масаласида уламоларнинг ҳалоллигига умид қилишмоқда.

Сўнгги йилларда Тожик ҳукумати диндорларнинг ҳуқуқларини оёқ-ости қилишда танқидлар остида қолиб келади.

Буларнинг сирасида масжидлар фаолиятини текшириш, ёпиш, диний партия ва ҳаракатлар тарафдорларига қарши кўплаб маҳкама жараёнлари, ибодат либосида юрганлар ва соқоллиларга қарши таъқиблар тилга олинади.

Кўплаб кузатувчиларга кўра, сўнгги йилларда Тожикистонда динга қизиқишнинг кучайгани яққол кўзга ташланади.

Бу эса, радикал исломнинг кучайишига йўл қўймаслик учун мамлакатдаги диний ҳаётни ўз назорати остига олишга жиддий ҳаракат қилаётган масъулларни хавотирга солмай қўймаган.

Бу мавзуда батафсилроқ