'Ғалаба-Аму-Занг' темир йўлида таъмирлаш бормоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Ўзбекистон ўтган йил ноябрида портлаш рўй бериб бузилгани хабар қилинган "Ғалаба-Аму-Занг" темир йўлини таъмирлашга киришган. Бу ҳақда Тожикистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари маълум қилган.

Портлаш оқибатида Тожикистон жанубини ташқи дунё билан боғлайдиган темир йўл қатнови тўхтаб қолган эди.

Тожикистондаги "Роғун2 ГЭСи лойиҳаси устидан Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида келиб чиққан баҳслар ортидан Тожикистонга мўлжалланган юкларнинг Ўзбекистон ҳудудидан ўтишида мушкулликлар юзага келган, Тожик расмийлари Ўзбекистонни иқтисодий қамалда айблаганлар.

'Муносабатлар барқарор риовжланмоқда'

Душанбедаги матбуот анжуманида Тожикистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Низомиддин Зоҳидовнинг айтишича, Ўзбекистон томони Термиз-Қўрғонтепа темир йўлини таъмирлашни бошлаганини Тожик расмийларига маълум қилган.

"Шу кунларда Тошкент бизни Хатлон вилоятини ташқи дунё билан боғлайдиган "Ғалаба-Аму-Занг" темир йўлида қайта тиклаш ишлари бошлангани ҳақида хабардор қилди", деб айтган Тожик ташқи ишлар вазири муовини.

Бироқ, жаноб Зоҳидов сўзларига кўра, таъмирлаш ишлари қачон тугалланиши ҳақида маълумот берилмаган.

Тожикистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари икки мамлакат муносабатларига ижобий баҳо берган куни Тошкентда Ўзбекистоннинг яна Ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллаган Абдулазиз Комилов Тожикистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Музаффар Ҳусейнов билан учрашган.

Дипломатлар Ўзбек-Тожик муносабатларининг бугунги аҳволи ва истиқболини муҳокама қилганлари ҳақида ахборот тарқатилган.

Тожик Ташқи ишлар вазири ўринбосари Низомиддин Зоҳидов айтишича, Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида келишмовчиликлар, хусусан, сув-энергетика муаммолари мажудлигига қарамасдан, "муносабатлар барқарор ривожланаяпти".

Жаноб Зоҳидов ўз сўзларининг исботи сифатида яқинда Ўзбекистон Тожикистонга табиий газ узатишни тўхтатганидан атиги бир кун ўтиб газ таъминоти қайта йўлга қўйилгани мисолини келтирган.

Тожик дипломатига кўра, феврал ойида Душанбега Ўзбекистон расмий ҳайъати ташриф буюриши кутилмоқда, музокараларнинг асосий мавзуси икки мамлакат чегараларини аниқлаб олиш бўлади.

Низомиддин Зоҳидов айтишича, Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида умумий чегараларнинг делимитация ва демаркация қилинмаган атиги 20 фоизлик ҳудуди қолган ва бу ҳудуд Суғд вилоятидадир.

Бунгача Ўзбекистон билан Тожикистоннинг ўзаро алоқалари таранг бўлиб келаётгани кузатилган.

Image caption Роғун ГЭСи қурилиши ўзбек-тожик муносабатларидаги оғриқли нуқталардан бири

Роғун 'муаммоси'

Сўнгги йиллардаги энг йирик баҳс мавзуси Тожикистоннинг Роғун ГЭСи лойиҳасидир.

Тожик расмийлари мамлакат айниқса қиш ойларида электр энергияси таъминотида мушкулликлар сезаётганини важ қилиб, қўшимча энергия манбасига эҳтиёжи борлигини айтиб келади ва шунинг учун ҳам Роғун ГЭСи қурилишини қайта бошлаган.

Бироқ, Ўзбекистон минтақавий сув манбаларидан фойдаланишда халқаро қонунларга таянилиши лозимлигини урғулаб келади, Ўзбекистон Роғун ГЭСи қурилиши боис Амударё суви камайиши ва натижада мамлакатнинг асосий даромад манбаи пахта ҳосилдорлиги камайиши эҳтимолидан хавотир билдиради.

Ўзбекистон ушбу лойиҳа Жаҳон банки экспертизасидан ўтказилиши талабини илгари суриб чиққанди.

Тоғли ўлка Тожикистонни қуруқлик орқали боғлайдиган асосий йўллар Ўзбекистон ҳудудидан ўтади, сўнгги йилларда Тожикистон ўз юклари Ўзбекистон ҳудудида жиддий сабабсиз туриб қолаётганидан ва бунинг оқибатида иқтисодий зарарлар кўраётганидан шикоят қилиб келади.

Бу амаллар Ўзбекистоннинг Роғун ГЭСи қурилишига халақит бериш ҳаракатлари деб ҳам баҳоланган.

Ўтган йил ноябр ойида Ўзбекистон жанубидаги темир йўлда портлаш рўй бергани ҳақида хабарлар тарқалган, Ўзбек расмийлари террорчилик амали бўйича жиноят иши очилганини айтганлар.

Бунинг оқибатида Тожик расмийлари мамлакат улкан иқтисодий зарар кўраётганини айтганлар.

Бу мавзуда батафсилроқ