Қирғизистон қамоқларида маҳбуслар очликни тўхтатишган

Фото муаллифлик ҳуқуқи b
Image caption Маҳкумларни бориб кўрган Қирғизистон омбудсмени Турсунбек Охун уларнинг аҳволи ўта ёмонлигини айтмоқда

Қирғизистондаги бир нечта қамоқхонада очлик эълон қилган маҳкумлар норозилик амалларини тўхтатишган.

Бу борада билдирган мамлакат омбудсмени Турсунбек Охуннинг айтишича, норозилик сифатида оғизларини тиккан маҳбуслар ҳам лабларидан ўтказилган ипларни олганлар.

Бир қамоқхонада нозирнинг маҳкумларга куч ишлатиши туфайли бошланиб кетган норозилик амалига мамлакат қамоқхоналари бўйлаб етти мингга яқин маҳкум қўшилгани айтилади.

Шу асно юзага келган ғалаёнда бир маҳкум нобуд бўлганди. Кейинроқ минглаб маҳбуслар очлик эълон қилишган, ораларида 1300 нафари эса ҳатто оғизларини ҳам тикишганди.

Маҳкумлар ўзларига нисбатан куч ишлатмаслик, қамоқхона шароитларини яхшилаш каби талабларни илгари сургандилар. Шунингдек, мамлакат Жазони ижро этиш хизмати раҳбарини ўзгартиришни ҳам сўрашган.

Аммо бу талаблар бажарилгани йўқ. Расмийларга кўра, шароитларин яхшилаш учун пул йўқ.

Расмийлар очлик амаллари ортида қамоқхоналарда интизомни кучайтаришга қарши чиққан жиниой гуруҳлар турган, дейишади.

Маҳкумлар билан учрашган Қирғизистон омбудсменига кўра, маҳкумлар ўзларини таҳқирлаш ҳолларини тўхтатишни сўрашмоқда.

"Уларнинг аҳволи жуда ёмон" - дейди ўтган ҳафта қамоқхоналарда бўлган Турсунбек Охун - "Баъзи маҳкумлар ҳолсизликдан йиқилиб қолган, айримларининг гапиришга мажоли йўқ. Кўпчилиги очликни тўхтатсак, яна калтаклашади деган қўрқувда".

Маълум бўлишича, очликни тўхтатган маҳкумлар эндиликда расмийлар бу амалларни бошлаган ташаббускорларни жазолашади, деган хавотирдалар.

Айни дамда, пойтахт Бишкек яқинидаги аёллар қамоқхонасида ҳамон очлик амали давом этаётгани айтилади.

Бир ой олдин Қирғизистонга сафар қилган БМТ Қийноқлар бўйича махсус маърузачиси эса, бу мамлакат қамоқхоналарида шароитлар ўта ёмонлигини, маҳкумларга нисбатан қийноқлар ҳамда ноинсоний муносабат кўрсатиш кенг тарқалганини қайд этган эди.