Хўжандда 34 киши Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига аъзоликда айбланмоқда

Image caption Тожикистонда тақводорлик кучаяр экан, ҳукумат мустақил диний фаолиятдан ўзига катта хавф кўра бошлаган

Шимолий Тожикистонда Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига аъзоликка оид айбловлар билан 34 киши маҳкамага тортилмоқда. Бошланиши кутилган жараён озодликда юрган айрим айбланувчилар ва баъзи ҳимоячилар келмагани учун сешанба кунига қолдирилган.

Хабарларга кўра, маҳкама Хўжанддаги муваққат ҳибсхоналардан бирида ёпиқ тарзда ўтиши режаланган.

Қўйилаётган қатор айбловлар орасида ноқонуний қуролли гуруҳ тузиш, миллий, ирқий ва ё диний асосда низолар уйғотиш, Тожикистондаги мавжуд тузумни зўрлик билан ўзгартиришга даъват каби ҳатти-ҳаракатлар келтирилмоқда.

Бу шахслар шимолий Тожикистонда бир қатор жиноятларга қўл урган дейилади. Хусусан, Қайроққумдаги муваққат ҳибсхонага ҳужум қилиш, Конибодом ва Исфара шаҳарларида милиция ходимларига қуроли ҳужум қилиб, уларни ўлдириш ҳамда яралаш каби ҳаракатлар қайд этилаётир.

Ҳимоячи Файзинисо Воҳидованинг билдиришича, бу шахслар бир пайтлар Ўзбекистон ёки Туркистон Исломий Ҳаракатига аъзо бўлишган, аммо ҳозир мазкур ҳаракатдан узоқлашиб кетганлар.

"Уларга тўнкалаётган қотиллик ва қуролли ҳужумларни эса аслида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг шимолий Тожикистондаги раҳбарлари ва фаол аъзолари содир этишган" - дейди Файзинисо Воҳидова.

Айбланувчиларнинг барчаси Исфара шаҳри ва унинг атрофидаги қишлоқлардан. Баъзилари Тожикистонда, айримлари эса қўшни мамлакатларда ҳибсга олинган.

Қатор айбланувчиларнинг қариндошлари эса ўз яқинлари ҳеч бир жиноятга қўл урмаган, деб урғулашади.

Иккинчи йирик маҳкама

Хўжандда бошланаётган ушбу жараён Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига оид Тожикистонда кечаётган иккинчи йирик маҳкамадир.

Ўтган йил декабрида аксар шимолий тожикистонликлардан иборат 53 киши Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига аъзолик айблари билан бир умрлик ва ё узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этилгандилар.

Ўшанда маҳкамага тортилганлар Тожикистонда содир этилган илк худкушлик ҳужумини ташкиллаштиришга ҳам алоқадорликда кўрилган. Хўжанддаги ҳужумда 3 нафар милиция ходими ҳалок бўлган, ўттизга яқин киши жароҳат олганди.

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари Тожикистонда фуқаролар уруши даврларида пайдо бўлишган.

Улар ўз пайтида Тожик ҳукуматига қарши курашган мамлакат шарқидаги мухолиф кучларга ёрдамга ўтишганди. Кейинчалик уларнинг ёнига қатор тожикистонликлар ҳам бориб қўшиладилар.

Тожикистонда фуқаролар уруши тугаши ортидан эса бу ҳаракат аъзоларининг бир қисми Афғонистонга ўтиб кетган, бир қисми Тожикистонда қолган.