Марказий осиёликлар Афғонистондан бошпана излашмоқда?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Ўтган йили Афғонистондан бошпана сўраган хорижликлардан аксариятининг марказий осиёликлар экани айтилади

Расмий маълумотларга қаралса, ўтган йили аксарияти марказий осиёликлардан иборат 100 дан ортиқ хорижий фуқаролар Афғонистондан бошпана сўрашган.

Ўттиз йилдирки, урушларга саҳна бўлиб келаётган Афғонистоннинг ўзи эса, ўзга юртлардан бошпана сўраётган фуқароларининг сони бўйича дунёда етакчи ўринда туради.

Марказий осиёлик қочқинлардан айримлари Бирлашган Миллатларнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги, баъзилари афғон ҳукуматига мурожаат этишган.

Бирлашган Миллатлар идораси воизи Нодир Фарҳоднинг Би-би-сига айтишича, улардан айримларига бошпана берилган, кўпларининг иши кўриб чиқилмоқда, бошқаларининг мурожаатлари рад этилган.

Дунёнинг кўплаб давлатлари учун бу каби ҳолат одатий бўлиб кўринса-да, Афғонистон мисолида сўнгги янгилик кўпчилик учун кутилмаган бўлган.

Сўнгги ҳисоб-китобларга қаралса, бугунги кунда уч миллиондан ортиқ афғонистонлик дунёнинг 75 давлатидан бошпана топган.

Бошқа томондан, жаҳондаги барча қочқинларнинг 10 тадан 3 таси афғонистонликлар ҳиссасига тўғри келади.

Тожикистонлик Амир Ҳамза улардан бири. У 90-йиллар бошида Тожикистонда кечган фуқаролар урушидан қочиб Афғонистонга ўтган.

Амир Ҳамза ҳали-ҳануз Афғонистон фуқароси бўлиш истагидан воз кечмаган. Ўзининг фуқаролиги эса, бекор қилинган.

Ўша пайтда Тожик ҳукуматининг кўплаб сиёсий мухолифлари Афғонистонга қочиб ўтган бўлишса ҳам, улардан аксарияти кейинчалик ортга қайтишган.

Аммо Амир Ҳамзага ўхшаган айримлари Афғонистонда қолишни маъқул кўришган.

Яхши ҳаёт умидида?..

Қочқинлардан аксариятининг яхши ёки хавфсизроқ ҳаёт умидида ўз юртларини ташлаб, Афғонистонга ўтганликлари айтилади.

Аммо орада кечган вақт давомида Афғонистон фуқаролар уруши, Толибон ҳукмдорлиги ва Америка бошчилигидаги ишғолга саҳна бўлди.

2001 йилда Толибон тузумининг қулаши кўплаб афғонларда янги умидларни пайдо қилди.

Бир неча миллиард долларлик халқаро ёрдам ва нисбатан хавфсизликнинг таъминланиши ортидан мамлакат аҳолиси бироз тин олгандек бўлди.

Аммо сўнгги йилларга келиб, Толибон ҳаракатининг янада кучайиб бориши аксарият афғонларнинг умидларини чилпарчин қилди.

Ўтган йил сўнгги 10 йил бадалида кузатилмаган сондаги афғонлар Ғарб давлатларидан бошпана сўраб, мурожаат қилишди.

Ҳаётларини хавф остига қўйиб, минглаб доллар маблағ сарфлаб, юк машиналари, қайиқлар, пою пиёда ўрмонзорларни кечиб, саҳро ва тоғларни босиб ўтиб, Оврўпо ёки Австралияга қочишди.

Аммо мавжуд вазиятга қарамай, айрим хорижий фуқаролар учун Афғонистон ўз давлатларига қараганда, хавфсизроқ экан.

Бахтга қарши, Амир Ҳамза каби қочқинлар Афғонистонда ўзларининг қонуний ҳимояларига ҳам умид қилишолмайди.

Чунки у ерда бошпана изловчилар ва қочқинларга оид қонун ҳануз ишлаб чиқилмаган.