Қирғизистондаги ўзбек лидерларига чиқарилган ҳукм ўз кучида қолди

Апрел воқеалари ортидан Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Қирғиз ҳукумати Ўш ва Жалолобод воқеалари учун Бакиев ҳукумати ва ўзбек жамоалари раҳбарларинри айблаб келади

Қирғизистон жанубидаги Жалолобод вилоят маҳкамаси ўзбеклар жамоасиниг бир неча раҳбарига шаҳар маҳкамаси чиқарган ҳукмни ўз кучида қолдирди.

Жалолобод шаҳар маҳкамаси ўзбек миллий-маданий маркази раҳбари Қодиржон Ботиров ва Қирғизистон парламентининг собиқ аъзоси Иномжон Абдурасуловни бир ярим йил муқаддам мамлакат жанубида юз берган миллий низоларни уюштиришда айбдор деб топиб, сиртдан бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этганди.

Маҳкамани кузатган Қирғизистон омбудсмани Турсунбек Охуннинг билдиришича, ўзбек лидерларига тегишли мол-мулкни мусодара этиш қарори ҳам чиқарилган.

Шунингдек, Олий Кенгашнинг яна бир собиқ депутати Абдураҳмон Абдуллаев ва ЎшТВнинг собиқ директори Ҳалилжон Худойбердиев сиртдан 20 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Уларнинг ҳам мол-мулки давлат фойдасига мусодара этилган.

Ўзбеклар жамоасининг яна бир фаоли Маҳамадрасул Абоқжоновга эса олти йиллик қамоқ жазоси тайинланган.

Олдинроқ тарафлар музокараси пайтида адвокатлар сиртдан маҳкамага тортилган ўзбек рахбарларига устиан қўзғатилган жиноят ишларини қайта терговга жўнатишни талаб қилган эдилар.

Бироқ, Жалолобод вилоят маҳкамаси уларнинг бу талабини инобатга олмаган.

Жалолобод маҳкамаси, шунингдек, қирғизлар билан ўзбеклар ўртасидаги миллий низони Қирғизистондаги ўзбеклар раҳбарлари уюштирган деб билдирган.

Ҳукмда зўравонликлар ортида Жалолобод ўзбек миллий-маданий маркази раҳбари Қодиржон Ботиров тургани айтилган.

Лекин, хорижда бошпана топган Қодиржон Ботиров ва бошқа айбланувчилар барча айбловларни қатъиян рад этганлар.

2010-йил июнида Ўш ва Жалолобод вилоятларида қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида юз берган қонли низоларда юзлаб инсонлар ҳалок бўлди, икки мингдан ортиқ уй-жойлар, дўконлар ва корхоналарга ўт қўйилган.

Тахминан 375 минг одам ўз яшаш жойларини тарк этишга мажбур бўлган.

Қирғизистонлик ўзбекларнинг аксари Ўзбекистон ҳудудидан паноҳ топган.

Финландиялик таниқли сиёсатчи Киммо Киллюнен етакчилигида қонли этник низо сабабларини ўрганиш бўйича халқаро мустақил тергов ҳайъати тузилган, ҳайъат ўтган йил май ойида ўзининг текширишлари асосидаги ҳисоботини эълон қилган.

Халқаро комиссия ўз ҳисоботида Қирғизистон раҳбариятига қатор тавсияларни берган.

Хусусан, Қирғизистонда ўта миллатчилик ва миллат ажратиш ҳолларига қарши кескин курашиш лозимлиги айтилган.

Бу мавзуда батафсилроқ