Қозоғистонда таъқиблар давом этмоқда

Image caption Жанаўзенда ўтган декабр ойида юз берган тўқнашувларда камида 16 киши қурбон бўлганди

Қозоғистонда мухолифат вакиллари ва мустақил журналистларни таъқиб этиш давом этмоқда.

Шу кунларда ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари Жанаўзендаги ҳодисаларга алоқаси борликда гумон қилиб “Алға” партиясининг жойлардаги филиалларини тинтув қилган.

Мустақил "Республика" газетасининг айрим техника воситалари олиб қўйилди.

Қозоғистондаги сўнгги ҳибсга олинишлар мамлакатни қай томонга бошламоқда.

Ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари “Алға” партиясининг Қўстанай вилоятидаги филиалига тинтув ўтказишга келган вақт камерага олинган.

Фуқаро кийимидаги ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари эшикни очишмагандан сўнг уни бузиб киришга ҳаракат қилади.

Фаоллар партия раҳбари Владимир Козловнинг ҳибсга олинганидан сўнг Миллий хавфсизлик қўмитаси партиянинг барча филиалларида мана шундай тинтувлар ўтказишини кутаётганини айтади.

Шу кунларда партиянинг Петропавловскдаги бўлимига ҳам ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари текшириш учун келган.

- Бу нарса барча ҳудудлардаги филиалларимизда бўлиши мумкин. Бу ишлар бизларга ҳалақит бериш учун, ҳибсга олинганларни ҳимоя қилишга тўсқинлик қилиш учун амалга оширилмоқда. Биз сиёсий қатағон давом этаётганини Қозоғистон ва халқаро жамоатчиликка етказишда давом этамиз, - дейди “Алға” партиясининг Қарағанда филиали раҳбари Валентина Махотина.

Махотина хонимнинг айтишича, шу кунларда жойларда ҳар бир фаолнинг ортидан кузатув қўйилган.Партияга номаълум аёллар мурожаат қилиб миллатлараро низо бўйича масалани ҳал қилиб беришни сўрашган. Партия вакиллари бу билан ҳукумат уларга яна бир айбни тақамоқчи деган даъвони олға сурмоқда.

“Алға” партияси лидери Владимир Козлов ва партия фаоли Айжангул Амировалар Жанаўзенда ижтимоий адоват қўзғаш айби билан тергов қилинмоқда.

Нима айби бор?

Жамоат фаоли Газиз Алдамжаров одамларнинг дардини тинглаш ва уларга ёрдам қўлини чўзишда ҳеч қандай айб йўқлигини айтади.

“Барча фуқаролар бирор нарса йиғсак ва у ерга чодирлар олиб борсак ёки пул билан ёрдам берсак нима уяти бор. Бир-бирини қўллаб қувватлашни дунёнинг исталган нуқтасида топиш мумкин, бу халқнинг уюшқоқлигидан дарак беради. Агар кимдир бизни Жанаўзен қизиқтирмайди деса, қаттиқ адашади”, - дейди Газиз Алдамжаров.

Мухолифат газетаси бўлмиш “Взгляд” бош муҳаррири Игор Винявскийга конституцион тузумни ағдаришга чақириқ айблари қўйилмоқда. Винявский жанобларининг 2010 йили Қирғизистонда президент Бакиевни тахтдан кетгизган инқилоб арафасида чоп этилган варақа туфайли айбланаётгани маълум бўлган.

Варақада сабр қилишни бас қил, ювиндига ташла, дея Назарбоевнинг портретини кўтариб олган одамларнинг сурати акс этади.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Сергей Уткин ушбу варақада конституцияни куч билан ағдаришга даъват йўқлиги ва тергов жараёни очиқ бўлиши керак, деган фикрда

“Ушбу варақани таҳлил қиларкан, ҳукуматни куч билан ағдариш ҳақида ҳеч қандай чақириқ йўқлигини кўриш мумкин. Афсуски, экспертиза матнлари йўқ. Матн яширилмоқда. Агар бирор нарса яширилса, унинг ҳали хом эканлигини, ноқонуний ёки кўрсатишга уялар даражада эканлигини тушунамиз”, - дейди Сергей Уткин.

Ҳукуматга яқин доиралар мухолифат хорижда қочқинликда юрган қозоқ бойларидан молиявий кўмак олиб, Қозоғистон ғарбида тўпалон бошлашни ва шу йўл билан ҳукуматни ағдаришни мақсад қилганини даъво қилади.

Кураш

Чегаралараро ҳамкорлик уюшмаси таҳлилчиси Марат Шибутов айни дамларда амалдаги ҳукумат ва қочқиндаги қозоғистонлик мухолифатчи Мухтар Аблязов ўртасида кураш кетаётганини урғулайди. Таҳлилчи мухолифат фаолларини ҳибсга олаётган ҳукумат қонуний жиҳатдан тўғри йўл тутаётганини айтади.

“Агар қонуний жиҳатдан гапирадиган бўлсак, албатта ҳукумат тўғри йўл тутмоқда. Қозоғистон қонунчилиги бўйича ушбу шахсларга жиноий иш очишга асос бор. Аммо норасмий томондан ёндашадиган бўлсак, албатта, ушбу ҳибслар Қозоғистоннинг халқаро миқёсдаги обрўйига салбий таъсир қилиши мумкин ”, - дейди Марат Шибутов.

“Либерти” жамғармаси раҳбари Галим Агелеуов Қозоғистон Жанаўзен ҳодисаларидан сўнг мухолифатга нисбатан бетоқат бўлиб қолганини ва қаттиқроқ босим ўтказиб, уни ўз измида юргизишга ҳаракат қилаётганин айтади. Жамоат фаолига кўра, Ғарб жамоатчилигининг Қозоғистон ҳукуматига нисбатан юмшоқ сиёсатни танлагани Оқ ўрданинг ўзини янада эркин ҳис қилишига олиб келган.

- Албатта демократия эвазига нефт принципи олдиндан бор ва ҳозир ҳам давом этмоқда. Сўзсиз, Жанаўзендаги ҳодисаларга муносабат билдирмасликнинг имкони йўқ эди, аммо бу етарли даражада бўлмади, - дейди Галим Агелеуов.

Қозоғистонда фаолият юритувчи мустақил журналист Жоанна Лиллис Қозоғистон сўнгги ҳодисалар туфайли минтақадаги ўта авторитар давлат Туркманистон ва Ўзбекистонга ўхшаб бораётганини, аммо шундай бўлса-да, фуқаролик жамиятининг учқунлари сақланиб қолаётганини айтади.

“Ушбу йўналиш томон қандайдир қадамларни кўраяпмиз. Аммо шундай бўлса ҳам, Қозоғистон Туркманистон ва Ўзбекистонга қарганда бирмунча очиқ жамиятдир. Заиф бўлса-да, фуқаролик жамияти бор. Фаолларнинг Қозоғистонда нималар содир бўлаётганини етказишга ҳаракат қилаётганини кўришимиз мумкин. Мухолиф газеталари бу ҳақда ёзишда давом этмоқда”, - дейди Жоанна Лиллис

Жамоат фаоли Галим Агелеуов Қозоғистон демократик жараёнлар борасида Россия ва Ўзбекистон ўртасида бўлишини айтади. Унга кўра, мамлакатда мухолифатни очиқдан очиқ қўллаб-қувватлай оладиган фуқаролар камчиликни ташкил қилади.

Бу мавзуда батафсилроқ