Қирғизистон: Яна 70 болага ВИЧ юқтирилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Янги рақамлар билан Қирғизтон жанубида ВИЧ вируси юқтириб қўйилган болаларнинг сони қарийб 300 тага етган

Қатор Ғарб нашрларининг қирғизистонлик мулозимларга таяниб хабар беришларича, мамлакат жанубидаги касалхоналарда яна етмишта болага билмасдан ВИЧ вируси юқтириб қўйилган.

Сўнгги рақамлар Қирғизистон жанубида 110.000 дан ортиқ болани текшириш ортидан аниқланган.

Тиббий текширув ишлари 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар орасида ўтказилган.

Яқинда қирғизистонлик масъуллар Ўш ва Жалол-Обод атрофида яшовчи минглаб болаларни махсус текширувдан ўтказишга киришишганди.

Бунга ўтган ўн йил ичида маҳаллий касалхоналардаги гигиеник аҳволнинг ёмонлиги, инфекция тушган қондан фойдаланиш, игналар ва бошқа тиббиёт ускуналарини такрорий равишда қўллаш натижасида ўнлаб болаларнинг ВИЧ вирусига чалинганликлари аниқланиши сабаб бўлганди.

Сўнгги рақамлар билан Қирғизистон жанубида ОИТС хасталиги вирусини юқтирган болалар сони 270 тага етган.

Қирғизистон жанубида ВИЧ вирусига синовдан ўтиши керак бўлган болаларнинг сони ҳали минглаб экани айтилади.

Ўндан ортиқ тиббиёт ходимлари лоқайдликлари оқибатида юзлаб болаларга ВИЧ вирусини юқтириб қўйишда айбланишмоқда.

Соғлиқни сақлаш тизими

Аммо Бирлашган Миллатларнинг ЮНИСЕФ Болалар жамғармасига кўра, мазкур ҳолатга алоҳида бир шифокор ёки ҳамшира эмас, мамлакат соғлиқни сақлаш тизими айбдордир.

Қирғизистон Марказий Осиёнинг энг қашшоқ давлатларидан бири саналади.

Агар Жаҳон Банкининг сўнгги ҳисоб-китобларига қаралса, 2009 йилда Қирғизистонда соғлиқни сақлаш тизимида киши бошига 59 АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланган, холос.

“Қўшни Қозоғистон мисолида ушбу харажатлар олти маротаба кўп, Британияда эса, айни маблағнинг миқдори киши бошига 3.285 АҚШ долларини ташкил этади”, деб ёзади Британияда чоп этилувчи The Telegraph нашри.

Хорижий ёрдам

Шу йил январ ойида Қирғизистон жанубидаги ВИЧга чалинган болаларга амалий тиббий ёрдам кўрсатиш учун Словакиядан бир гуруҳ шифокорлар етиб келишганди.

Гуруҳ уч кун ичида ВИЧга чалинган болаларни тиббий текширувдан ўтказиш ва уларни даволаш учун Ўш, Боткен ва Жалол-Обод вилоятларига сафар қилишни режалаганди.

Хаста болалардан аксариятининг ўшликлар эканликлари айтилади.

Аён бўлишича, икки ўртада эришилган келишувга мувофиқ, келаси олти ой давомида, яъни токи бемор болалар ўзларини ўнглаб олгунларига қадар, словакиялик бир шифокор ва ҳамшира Қирғизистонда қолишади.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъулларига кўра, улар маҳаллий шифокорларга ВИЧга чалинган болаларга қандай амалий ёрдам кўрсатишни ўргатишади.

Норозилик

Сўнгги пайтларда Қирғизистонда ВИЧга чалинган болаларнинг яқинлари билан шифокорлар ўртасидаги зиддият кескинлашганди.

Фарзандларига тўрт йил аввал турли касалхоналарда ВИЧ юқтирилган бир гуруҳ оналар шифокорларнинг қамалишини ва давлат томонидан ўзларига каттароқ товон пули тўланишини талаб қилишмоқда.

Оналар ўзларига ўша пайтда берилган товон пулини "ҳақорат" дея тасвирлашган.

Тиббиёт ходимлари эса, ўзларининг айбдор эмасликларини айтиб, юқумли касалликнинг тарқалишига соғлиқни сақлаш муассасаларидаги ёмон шароитлар ва молиявий етишмовчиликлар сабаб дейишади.

Марказий Осиёнинг қолган давлатлари билан солиштирганда, Қирғизистон соғлиқни сақлаш соҳасига энг кам маблағ ажратади.

Шу боис, қирғиз ҳукумати шу кунгача жабрдийдаларнинг талабларини қондиришга муваффақ бўлган эмас.

Аммо Қирғизистон парламенти болалар орасида ВИЧ вирусининг тарқалишида айбдор шифокорларнинг қаттиқроқ жазоланишига ваъда берган.

Ўз ўрнида шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ўша пайтда шифокорлардан 35 нафарининг ҳам ўзларига ВИЧ вируси юқтириб олишгани аниқланган.

Бу мавзуда батафсилроқ