Қаҳратон совуқ туфайли Тожикистонда барча мактаблар ёпилди

Image caption Тожикистонда ҳам, айниқса, қишлоқ жойларидаги шароитнинг оғир экани айтилади

Тожикистон Маориф вазирлиги об-ҳаво ҳароратининг ниҳоятда совуқ экани боис, мамлакат бўйлаб барча ўрта таълим мактабларида 6 февралдан бошлаб, 4 кунлик таътил эълон қилган.

Режадан ташқари таътилнинг 10 февралга қадар давом этиши ва хусусий ёки давлатники эканидан қатъиназар, барча мактаблар учун бирдек тааллуқли экани айтилади.

Тожикистондан олинган хабарларга кўра, бу ҳақдаги қарор душанба куни, вазирликнинг фавқулодда йиғини чоғида олинган.

Ўқувчилар шундоқ ҳам бир ойлик қишки таътилдан бор-йўғи бир ҳафта бурун, яъни 31 январ куни қайтишганди, холос.

Тожикистонда сўнгги кунларда ҳаво ҳароратининг кундузлари Цельсий шкаласи бўйича -15, тоғи туманларда эса, -25 даражага етиши айтилади.

Аён бўлишича, бу каби ҳолат Тожикистонда ўтган 2008 йилдан буён кузатилмаган.

Сабаблар

Мамлакатдаги аксарият мактабларда марказий иситиш тизими ишламаслиги, электр таъминоти йўқлиги сабаб, синфхоналарни иситиш учун кўмир ва ўтиндан фойдаланилмоқда экан.

Айниқса, Тожикистоннинг чекка қишлоқ ҳудудларидаги мактабларда аҳволнинг ниҳоятда оғир экани айтилади.

Тожикистонда, шундоқ ҳам, ҳар йили электр токи истеъмолига кескин чекловлар киритилади.

Хабарларга кўра, жорий пайтда пойтахт Душанбедан ташқари, мамлакатнинг қолган барча ҳудудларига кунига 4-5 соат электр токи берилаяпти, холос.

Тожикистондаги мухбирларимизга кўра, мазкур ҳолат вазиятни янада оғирлаштирган.

"Тўғри, масъуллар ёз вақтида қишнинг ғамини еб, мактабларни иситиш учун ўтин, таппи ва кўмир ғамлаб қўйишади. Аммо мактабларнинг молияланиши билан боғлиқ абгор вазият туфайли, тўплаган захираларининг миқдори ҳам шунга яраша бўлади. Маориф вазирлигининг расман билдиришича эса, совуқдан хаста болаларнинг сони кўпайиб кетмаслиги учун шундай йўл тутишга мажбур бўлишган", дейди мухбиримиз Искандар Фируз.

Бу йил қишнинг ниҳоятда совуқ келиши Тожикистонда кўплаб ижтимоий муаммоларни келтириб чиқарган.

Амал-тақал қилиб...

Аён бўлишича, мажбурий таътил эълон қилинмасидан аввал, ўқитувчилар ўқувчилари билан бирга ҳар ўн дақиқада бадан тарбия қилиб туришларига тўғри келган.

Синфхоналарида ҳавонинг ҳарорати минус даражада совуқ экани бунга сабаб бўлган.

Душанбедаги мухбиримиз Анора Саркорова суҳбатлашишга муваффақ бўлган бошланғич таълим ўқитувчиси Тожинисо ўзи она тили ва адабиётидан дарс берса-да, болаларни совуқдан асраш учун тиббиёт ва ҳатто, йогани ўрганаётганини айтади.

“Лекин шунда ҳам, исишингиз қийин,..”, дейди у.

“Ҳамма жой совуқ. Айниқса, ёзиш қийин бўлаяпти. Уй вазифасини тайёрлаш учун ҳам шароит йўқ. Битта хонани иситишга пулимиз етгани учун, ҳамма шу ерга тиқилиб кетади”, дейди унинг ўқувчиси Фарруҳ.

4 кун нимани ўзгартиради?

Тожикистонлик об-ҳавони кузатувчи мутахассисларнинг башоратларига кўра, мамлакат ҳудудида ўрнашиб олган ўта совуқ ҳаво оқими ана шу давр ичида ўтиб кетади.

Улар ҳафта охирига бориб, Тожикистонда ҳавонинг бироз илиб кетишига умид қилишмоқда.

Вазирликнинг ушбу қарори тожикистонлик ўқитувчилар учун бироз ноқулайлик туғдириши табиий, дейди мухбиримиз Искандар Фируз.

"Чунки мажбурий таътил сабаб, ўқувчиларнинг қолиб кетган дарсларини ўзлаштиришлари учун улар ўқув дастурига тузатишлар киритишлари лозим бўлади".

Мухбиримизга кўра, бир ойлик қишки таътилдан энди қайтган болаларнинг яна таҳсилдан узилишлари уларга руҳан таъсир этмай қўймайди.

Лекин Тожикистонда вазирликнинг ушбу қарорини ўз вақтида кўрилган чора сифатида баҳолаётганлар ҳам оз эмас.

Тожикистон мактабларида бир миллионга яқин ўқувчининг таҳсил олиши айтилади.

Бу мавзуда батафсилроқ