Туркманистонда президентлик сайловлари бўлиб ўтмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Кузатувчилар овоз бериш жараёнлари Президент Бердимуҳамедовга яна бир муддатни кафолатлашига шубҳа қилишмайди

Туркманистонликлар жорий Президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг яна бир муддатга сайланиши кутилаётган президентлик сайловларида овоз беришмоқда.

Сайловларда жаноб Бердимуҳамедовдан ташқари яна етти номзод қатнашмоқда.

Овоз бериш жараёнлари арафасида уларнинг барчаси жорий президентни мақташган.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Туркманистонга ўз кузатувчиларини юбормаган.

Ташкилот мамлакатда демократик ислоҳотларнинг ўтказилмаганини танқид қилган.

Туркманистон дунёнинг энг репрессив давлатларидан бири саналади.

Жаноб Бердимуҳамедов 2007 йилдан буён мамлакатни бошқариб келади ва мутлақ ҳокимиятга эга.

Би-би-сининг минтақадаги мухбири Райҳон Демитриега кўра, Туркманистоннинг ҳамма ерида-учоқлар салонидан тортиб, меҳмонхона ва ресторанларгача Президентнинг суратларини кўриш мумкин.

'Байрам кайфияти'

Туркманистон Марказий Сайлов Комиссиясига кўра, маҳаллий вақт билан эрталаб соат 10 га қадар сайловчиларнинг қарийб чорак фоизи овоз бериб бўлган.

Туркман матбуоти овоз бериш худудларида байрам кайфияти ҳукмрон экани ҳақида лавҳалар намойиш этмоқда.

Овоз бериш марказларида сайловчиларга совға-саломлар улашилаётгани хабар қилинади.

"Лойиқ номзодлар учун овоз бераётганлар орасида оқ соқолли нуроний отахонлар билан бирга биринчи марта сайловларда қатнашаётган ёшлар ҳам бор. Уларга совғалар улашилаётгани сайлов кунидаги байрам кайфиятига янада кўтаринки руҳ бағишлаган",- дейилади Туркманистоннинг расмий телеканали намойиш этган лавҳада.

Давлат телевидениеси бошловчиси "сайловлар демократик жараёнларни ортга қайтариб бўлмаслигининг яққол далили" эканини айтган.

'Жиддий ва масъулиятли танлов'

Пойтахт Ашхободдаги 11-сонли сайлов марказида овоз берган жорий Президент Гурбангули Бердимуҳамедов "рақиб" номзодларга омад тилаган.

Овоз бериш марказига отаси Маликгули Бердимуҳамедов ва ўғли ҳамда набираси ҳамроҳлигида келган жаноб Бердимуҳамедов сайловчиларни фаол бўлиш ҳамда "жиддий ва масъулиятли танлов" қилишга чақирган.

Аввалроқ давлат телевидениеси орқали намойиш этилган лавҳада сайловчилардан бири "азиз Президент, албатта сайловда бошқа номзодлар қатнашади...аммо бизнинг ўз президентимиз бор! Бизнинг президентдимиз қуёшдан меҳр ёғдиради, бошқа президент бизга нима керак?"- деб айтган.

Муҳожиротда яшаётган туркман адиби Ак Велсапарга кўра, жаноб Бердимуҳамедов ҳокимиятга келган 2007 йилда халқда нисбатан умид бор эди.

“Бугун Бердимуҳамедов Туркманистонда ислоҳотлар ўтказишига ҳеч кимда умид йўқ. Шахсга сиғинишга келсак... у бу йўлда Туркманбошини ортда қолдирадиган қадамларни ташлаб улгурди”, - дейди Ак Велсапар.

Гурбангули Бердимуҳамедов ҳокимиятга келган илк кунларданоқ мамлакатнинг марҳум биринчи президенти Сапармурод Ниёзов шахсига сиғинишга барҳам бериш томон айрим қадамларни қўйган.

У шунингдек, таълим ва соғлиқ соҳасида халқаро танқидларга сабаб бўлган чекловларни бекор қилган.

Аммо кузатувчилар охирги йилларда жаноб Бердимуҳамедов шахсига сиғиниш кучайиб бораётганига эътибор қаратишади.

Туркманистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Тожигул Бегметова айни ҳолатни жаноб Бердимуҳамедовнинг Президент Ниёзов бошқаруви остида вояга етгани ва мансаб пиллапояларидан юксалгани билан изоҳлайди.

"У пайтлар вазирларга сафар қилиш тақиқланган эди ва шу боис Бердимуҳамедов бошқарувнинг бошқа биронта ҳам кўриниши билан таниш эмас. Шунинг учун ҳам у ҳозирда ўз шахсига сиғинишни яратаяпти",- дейди Тожигул Бегметова.

Айрим кузатувчиларга кўра, бугунги сайловлардан мақсад газга бой Туркманистон халқаро нормаларни қайсидир шаклда бажараётгани ҳақидаги тасаввурни яратишдир.

Бу Туркманистоннинг ўз газини четга сотиш йўлларини турфалаштириш учун муҳим, дейишади таҳлилчилар.

Бу мавзуда батафсилроқ