Жалолободда "Ҳизбу Таҳрир"га аъзоликда гумон қилинган 9 киши ҳисбга олинди

Қирғизистон жанубидаги Жалолобод вилояти Ички Ишлар Бошқармасининг маълум қилишича, "Экстремист" номи остида ўтказилган махсус амалиёт натижасида 9 киши ҳисбга олинган.

Амалиёт 9 февралдан 14 февралгача ўтказилган.

Расмийларнинг айтишларича, қўлга олинган 9 кишидан 5 нафари шахслари аниқлангач ва уларнинг уйларидан топилган китоб ва варақалар юзасидан экспертиза хулосалари маълум бўлгунга қадар қайта озод этилганлар.

Лекин ҳибсга олинганларнинг ҳаммаси Қирғизистонда ноқонунуий, дея эълон қилинган "Ҳизбу Таҳрир" диний сиёсий фирқасига аъзо бўлишда гумон қилинмоқда.

Жалолобод милицияси расмийларига кўра, ҳибсга олинганлар уйида маҳкама қарори билан тинтув ўтказилган ва бунинг натижасида диний адабиёт ва варақалар топилган.

Ҳибсга олинганларнинг ҳаммаси 40-50 ёшлар ўртасида, аксари ишсиз эканликлари айтилган.

Ички Ишлар Вазирлиги зобитига кўра, ҳибс остида қолган 4 нафар шахс ҳозирда Сузоқ тумани вақтинча ҳибсхонасида ушлаб турилибди.

Улардан бири маҳаллий масжидларнинг бирининг имоми эканлиги ҳам айтилган.

Қирғизистонда "Ҳезбу Таҳрир" каби ноқонуний диний-сиёсий гуруҳларга мансубликда айбланиб, ҳибсга олишлар тез-тез рўй бериб туради.