Тожикистон: ёпилаётган мадрасалар ва янги очилаётган масжидлар

Image caption Тожикистонда айрим мадрасалар ёпилаётган пайтда янги масжидлар қурилмоқда.

Шимолий Тожикистонда тўрт мадраса фаолияти тўхтатилган. Расмий диний идоралардан билдиришларича, бунга қайтадан қайддан ўтиш учун зарур ҳужжатлар тақдим этилмагани боис бўлган.

Айни бир пайтда бу ёпилишлар ортидан ҳозирда амал қилиб турган айрим мадрасалар раҳбарлари орасида хавотирлик уйғонган.

Суғд вилоятининг Ашт, Мастчоҳ, Жаббор Расулов ва Тоғли Мастчоҳ туманларидаги мадрасалар ёпилган.

Суғд вилояти ҳукумати диний ишлар мутасадди раҳбарларидан бирининг айтишича, агар ҳозирда фаолияти тўхтатилган тўрт мадрасада зарур ҳужжатлар тайёрланиб, тақдим этилса, мадрасалар қайтадан иш бошлашлари мумкин.

Аслида Суғд вилоятида тўққизта мадраса фаолият олиб бораётганди. Энди уларнинг сони деярли тенг ярмига қисқарар экан, қолган мадрасаларда ҳам ёпилган мадрасалар тақдирига учраб қолиш борасида хавотирликлар пайдо бўлган.

"Айниқса кейинги пайтларда турли хил текширишлар кўпайиб кетди. Гоҳ прокуратурага чақиришади, гоҳ санитария-эпидемиология хизматидан, гоҳ ёнғин ўчирувчилар келиб кетишади. Ҳар бир текширувчи албатта қандайдир бир камчилик топади ва мадрасани вақтинча ёпиш қарорини чиқаради", дейди маҳаллий мадрасалардан бирининг мутасаддиларидан бири.

Ўз номини ошкор этишни истамаган мударрислардан бирининг фикрича, вилоятдаги мавжуд мадрасалардаги ўқувчилар учун ажратилган ўринлар ҳам аслида исломий илм олишни истайдиган йигитлар ва қизларнинг талабини қондира олмайди.

Исфара туманининг 25 минг нафардан ортиқ аҳоли яшайдиган Чоркў қишлоғида яшайдиганлар эса бу ердаги мадрасанинг ёпиб қўйилганига 10 йилдан ортганидан ёзғиришади. Чоркўликларнинг айтишларича бу мадраса биноси замонавий тарзда қурилган ва у ерда таълим учун барча зарур шароитлар яратиш имконияти бор.

"Мен чет элда таълим олишни истайман. Лекин бунга йўл беришмаяпти", дейди исфаралик ўн олти ёшли йигит.

Ўтган йили Тожикистон ҳукумати қарорига кўра, чет элда исломий таълим олиш учун ўзлари йўл олган ёшларни мамлакатга қайтариш бошланганди. Араб мамлакатлари, Покистон ва Эронда ўқиётган юзлаб ёшлар Тожикистонга қайтарилди.

Тожикистон расмийлари эса, Шўролар даврида ҳозирги мамлакат ҳудудида биронта ҳам мадраса бўлмаганлигини айтишади. Тожикистонлик иқболи кулган саноқли ёшларгина қўшни Ўзбекистоннинг Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасаси, ё Тошкент олий исломий маъҳадида таълим олишган.

Эндиликда Тожикистонда 20 га яқин мадрасадан ташқари Имоми Аъзам Абу Ҳанафия номли Ислом олий ўқув юрти фаолият юритаётганлиги таъкидланади.

Хукумат диний идоралари вакиллари мадрасаларда ўқитиш ишларига эътибор кучайтирилаётганини урғулашар экан, жумладан, Хўжанддаги мадраса янги замонавий бино қурилиши давом этаётганлигини айтишади.

Синовдан ўта олмаган имом-хатиблар

Image caption Таниқли уламо Ҳои Акбар Тўражонзода Тожик ҳукуматининг диний сиёсатини танқид қилиб туради.
Image caption Тожикистонда Ислом дини ва бугунги замон муносабатларида мураккаблик кўзга ташланади.

Айни бир пайтда Тожикистон жанубидан олинган хабарларга кўра, Кўлоб минтақасида 6 нафар имом-хатиб синовдан ўта олмаган.

Кўлоб минтақавий диний идорасидан билдиришларича, у ердаги 60 га яқин масжидда имом-хатиблар билими, уларнинг исломий қадриятларга қанчалик риоя этишлари синалган.

Минтақавий диний идора ходимларидан бирининг айтишича, Кўлоб шаҳридаги масжидлардан бирининг имом-хатиби оддий талабларга ҳам мувофиқ эмаслиги маълум бўлган. Яна беш нафар имом-хатиб эса, синовда ҳозир бўлишмаган. Бунга уларнинг ўз диний ва қонуний билимларига ишонмасликлари боис бўлган, дейди диний идора ходими.

Душанбе шаҳридаги йирик масжидлардан бири - "Қозоқон" Жоъме масжидининг имом-хатиби Мулло Абдураҳим истеъфо берган. Унинг изоҳлашича, бу истеъфога мамлакат Уламолар кенгашининг ўтган йил декабрида ака-ука Тўражонзодаларнинг шиаларга хос "Ашура" маросимини ўтказганликларига оид маъвизасини ўқимаслиги сабаб бўлган.

Тожикистонлик таниқли руҳоний Ҳожи Акбар Тўражонзода Мулло Абдураҳимни Тожикистондаги энг кучли имом-хатиблардан бири сифатида таърифлаган.

Мулло Абдураҳимдан олдинроқ Тожикистоннинг турли минтақаларидаги масжидларнинг яна етти нафар имом-хатиби вазифасидан бўшатилганди. Жумладан, Душанбедаги Баҳовуддин Нақшбандий номли Жоъме масжидининг йигирма йиллик иш тажрибасига эга имом-хатиби нафақага чиқарилган. Маҳаллий ҳукумат раҳбари унга узоқ йиллик фаолияти учун раҳмат айтган.

Тожикистон қонунларига кўра имом-хатибларни намозхонларнинг ўзлари сайлашлари зарур.

Тожикистон Диний идораси эса имом-хатибларнинг ишдан кетишларини уларнинг синовлардан ўта олмаганликлари билан изоҳлашган.

Солиқлар қандай ҳисобланади?

Кўлоб минтақаси диний идораси ходимининг айтишича, айрим имом-хатиблар намозхонлар томонидан бериладиган хайриялар миқдорини яширишади. У бунга ана шу хайриялар ҳисобидан давлат бюджетига пул топширмаслик учун интилиш боис бўлаётир, дейди. Айни шу ходим имом-хатибларнинг бу каби хатти-ҳаракатларини ўзлари тарғиб этаётган Ислом қадриятларини бузиш дея баҳолайди.

Айни бир пайтда Тожикистон Диний ишлар қўмитаси мамлакатдаги барча масжидларга иш ҳақи оладиган ходимлар рўйхатини тақдим этишни топширган. Бу масжидларнинг молиявий фаолиятини тартибга солиш билан изоҳланган.

Шу пайтгача имом-хатиблар ва масжидларнинг бошқа ходимлари намозхонлар хайриялари ҳисобига оладиган иш ҳақларидан солиқ тўлашмасди.

Солиқ тўлаш борасидаги бошланмани қўллаб-қувватлаган Тожикистон Уламолар кенгаши раҳбарлари бу янгилик мамлакат бюджетини тўлдириш омилларидан бири бўлади, дея ҳисоблашади.

Айни бир пайтда Душанбе шаҳрида Рашт водийсидаги 15 та жоме масжидига фаолият юритиш учун ҳужжатлар топшириш маросими бўлиб ўтган. Бу масжидлар вакилларига ҳужжат билан биргаликда тожик тилидаги "Қуръон" топширилган.

Тожикистон Диний ишлар қўмитаси раис муовини Мавлон Мухторов ҳужжатларни топширар экан, масжидлар ибодат, тавба-тазарру макони эканлигини, асло зиёфатлар, сиёсий ўйинлар, қўни-қўшниларни муҳокама этиш, ғийбатлар ери бўлмаслигини таъкидлаган.

У имом-хатибларга қарата уларнинг масъулияти қаттиқ ортганлиги, ўзлари билан бирга намозхонларга нисбатан масъулият сезишлари зарурлигини урғулаган. У имом-хатибларни мавжуд низомларга кўра масжид меҳробларида уларнинг ўзлари ва ҳукумат вакилларидан ташқари ҳеч ким сўзлай олмаслиги борасида огоҳлантирган.

Тожикистон Диний ишлар қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг ўзида 47 та янги масжид рўйхатга олинган. Ўтган йили бу рақам 151 тани ташкил этганди. Расмий маълумотларда нечта масжид ёпилгани борасида гап кетмайди.

Айни шу қўмита маълумотларига қараганда 2011 йилда Тожикистонда 3 минг 370 нафарга яқин имом-хатиб синовдан ўтказилган. Улардан 106 нафари синовдан ўта олмаган.

Имом-хатибларни синовдан ўтказиш давом эттирилмоқда. Синовдан ўтганлар учун малака ошириш ўқувлари ташкил этилмоқда. Ўтган йил охирроғида эълон қилинган расмий маълумотларга кўра, Тожикистонда 3746 та масжид фаолият юритган. Шунингдек, битта Исмоилийлар жамоатхонаси ва 74 та исломий бўлмаган диний уюшма мавжуд.

Ўз ўрнида кузатувчилар масжидлардаги намозхонлар сони ўтган йили бошидагига қараганда ҳозирда анча камайиб кетганлигини таъкидлашади. Уларнинг айтишларича, бунга ҳукумат томонидан мактаб ёшидаги болалар (умуман) ва олий ўкув юртлари талабаларининг ўқиш пайтида масжидга боришлари тақиқлангани сабаб бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ