Президент Гурбангули Бердимуҳамедов иккинчи муддатга қасамёд қабул қилди

Президент Гурбангули Бердимуҳамедов Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Президентлик сайловида Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ғалаба қозонишига кўпчилик шубҳа қилмаган.

Туркманистондаги президентлик сайловидан кейин ғалабаси эълон қилинган Гурбангули Бердимуҳамедовнинг инагурация маросими бўлиб ўтган.

Президентлигининг иккинчи муддати учун қасамёд қабул қилар экан, Гурбангули Бердимуҳамедов инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишга ваъда берган.

17 феврал кунидаги инагурация маросимини Туркманистоннинг давлат телевидениеси "Олтин Аср" тўғридан-тўғри намойиш этган.

Маросимда кўп сондаги туркман оқсоқоллари ва оддий инсонлар иштирок этганлар.

Ашхободдаги саройга 3000 дан ортиқ иштирокчи йиғилган.

"Мен, Гурбангули Мяликович Бердимуҳамедов, нейтрал Туркманистон давлатининг президенти лавозимини эгаллар эканман, конституция ва Туркманистон қонунларига бўйсунишга ваъда бераман", дея қасамёдини бошлаган президент.

У "инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш ва ҳимоялаши"ни айтган.

Туркманистонда 12 феврал куни президентлик сайлови ўтказилди.

Жаноб Бердимуҳамедовга қарши етти номзод мухолиф сифатида рўйхатга олинган эдилар.

Мухолиф номзодларнинг ҳаммаси Президент Бердимуҳамедов сиёсатини дастакловчилар бўлганлар.

Туркман сайлов идорасига кўра, Гурбангули Бердимуҳамедов 97,14 фоиз овоз тўплаб ғалаба қозонган.

Туркманистондаги президентлик сайловига Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти ўз кузатувчиларини юбормаган, ташкилот мамлакатда демократик ислоҳотларнинг ўтказилмаганини танқид қилган.

54 ёшли Президент Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистонни узоқ йиллар бошқарган Сапармурод Ниёзовнинг 2006 йил декабридаги тўсатдан вафот этиши ортидан ҳокимиятга келди.

У қудратга келган илк кунларданоқ Сапармурод Ниёзов шахсига сиғинишга барҳам бериш томон айрим қадамларни қўйган.

У шунингдек, таълим ва соғлиқ соҳасида халқаро танқидларга сабаб бўлган чекловларни бекор қилган.

Аммо кузатувчилар охирги йилларда жаноб Бердимуҳамедов шахсига сиғиниш кучайиб бораётганига эътибор қаратишади.

Бу мавзуда батафсилроқ