Владимир Фарафонов: менинг устимдан маҳкама 1 мартга белгиланган

Владимир Фарафонов
Image caption Владимир Фарафонов дастлабки терговда Қирғизистон қонунлари бузилган, дейди.

Ўзига нисбатан қўзғатилган жиноят ишидаги миллий низо қўзғаш айбловларини рад этадиган қирғизистонлик рус журналисти Владимир Фарафоновнинг Би-би-сига айтишича, ўзига маҳкама тингловига тайёрланишга етарли муҳлат бермаганлар.

"Жиноят иши терговининг 18 февралда якунланганини ўзига маълум қилган масъуллар биринчи маҳкама иши 1 мартга белгиланини айтдилар. Менинг мақолаларим юзасидан ўтказилган экспертизага қарши экспертиза ташкил қилишга деярли вақт берилмади", деган Владимир Фарафонов.

У Россия элчихонасига мурожаат қилиб сиёсий бошпана сўрагани ҳақидаги хабарларни тасдиқлади.

Бундан олдин Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Владимир Фарафоновни ўз мақолалари билан миллий низо қўзғашда айблаб, жиноят ишини Бош прокуратурага узатгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Айни пайтда Владимир Фарафонов Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоевга мурожаат эълон қилган.

Ўз мурожаатида Фарафонов ёзишича, мамлакатда агрессив қирғиз миллатчилиги хавфи мавжудлиги ҳақида ўз мақолаларида ёзгани учун унинг оғзини ёпмоқчи бўлаяптилар.

Қирғизистон Миллий Хавфсизлик давлат қўмитасига кўра, Владимир Фарафоновнинг мақолалари экспертизадан ўтказиш учун Қирғизистон Фанлар Академиясига тақдим этилган, Интернет фойдаланувчилари сўроқ қилинган.

Асосан "Русское единство" Интернет порталида эълон қилинган Владимир Фарафанов мақолаларининг 16 жойида Қирғизистон Жиноят кодексининг "оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиб миллий, ирқий, диний ёки минтақалараро низо келтириб чиқариш" бандига мос тушадиган матнлар топилгани айтилган.

Қирғизистон қонунчилигида ушбу банд бўйича 3 йилдан 5 йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилган.

Президент Атамбоевга очиқ хат

Владимир Фарафонов Қирғизистондаги президентлик сайловлари, Қирғизистон рус казачествоси тарихи ва мамлакатдаги миллатлараро низолар мавзусида мақолалар ёзган.

Рус журналистининг мақолаларига қирғиз тилидаги оммавий ахборот воситалари ғазабнок муносабат билдирганлар.

Журналист мақолаларидаги қайси жумлалар қирғиз ҳуқуқ-тартибот органлари назарида миллий низога қўзғагани маълум эмас.

Журналист ўзига қўйилаётган айбловларни рад этади.

"Русское единство" Интернет портали ҳатто жуда синчковлик билан текширилганда ҳам Фарафонов мақолаларида миллий низо қўзғаш мазмунини топиб бўлмаслигини айтиб, ҳайронлик изҳор қилган.

Президент Атамбоевнинг президентлик сайлови олдидан мамлакатда миллатчиликка барҳам бериш ваъдаларини эслатган Владимир Фарафонов унга очиқ хат эълон қилган.

У ўз мурожаатида Қирғизистонда қирғиз миллатчилиги таҳдиди кучайиб бораётгани, миллатчи чиқишлар учун ҳеч кимга жазо кўрилмаётганлигини, аксинча Фарафонов мамлакатда "агрессив этномиллатчилик таҳдиди ҳақида фаол огоҳлантиргани учун" омма олдида жазолаб қўйишга ҳаракат бўлаётганини ёзган.

Қирғизистондаги русийзабон журналистга жиноят иши очилиши Президент Атамбоевнинг миллатлараро низо қўзғаш айблови билан боғлиқ янги баёноти ҳақида хабарлар тарқалган пайтга тўғри келган.

Ўш шаҳрига сафар қилиб 2010 йил июн ойидаги этник зўравонлик айбдорлари топилади, деб айтган жаноб Атамбоев қирғизистонлик дунёга таниқли ўзбек фазогири Солижон Шариповнинг ушбу зўравонликларга алоқаси борлиги ҳақидаги даъволар текширилишини айтган.

Жаноб Атамбоев Солижон Шарипов, ўз таъбирича, бўлгинчи кучларни қўллаб-қувватлаганини иддао қилган.

Аввалроқ Қирғизистон Бош прокурори Аида Салянова парламентдаги чиқишида Жалолободдаги ўзбек раҳбарларидан Қодиржон Ботировга тегишли мулкнинг бир қисми Россия фуқароси бўлган ўзбек фазогир номига расмийлаштирилганини айтган.

Қодиржон Ботиров Би-би-си билан суҳбатда ўзларига тегишли мол-мулкнинг Солижон Шарипов номига расмийлаштирилишида бирор-бир қонунга зид амал йўқлигини айтган.

Ўзига нисбатан айбловдан ҳайронлик билдирган Солижон Шарипов Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоевнинг 23 февралда Москвага бошланаётган сафари пайтида ушбу саволга ойдинлик киритишга ҳаракат қилишини айтган.

Бу мавзуда батафсилроқ