Тожикистон: "Таблиғ жамоати" аъзолари устидан ҳукм ўқилди

Маҳкама биноси
Image caption Тожикистонда "Таблиғ жамоати" фаолияти 2006 йилда ман қилинган

Шимолий Тожикистонда етти киши "Таблиғ жамоати" номли диний гуруҳга мансубликда айбланиб, озодликдан маҳрум этилган.

Улар ноқонуний гуруҳ тузиш ё унга аъзо бўлишда айбдор деб топилганлар.

Шимолий Тожикистонда биринчи марта "Таблиғ жамоати"га мансубликда айбланганлар қамоқ жазосига ҳукм этилмоқда.

Тожикистон шимолидаги Бобожон Ғафуров туман суди маҳкамага тортилганларни уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум этган.

Жазоланганларнинг ҳаммаси шу туманнинг Қистакўз қишлоғида яшашган.

"Таблиғ жамоати"га аъзликда айбланганларнинг ёши 27 дан 48 гача экани айтилган.

Маҳкамада айтилишича, вақтида Покистонда таълим олиб қайтган Абдужалол Валиев ва Тоҳир Зоҳиров даъвати билан бошқалар "Таблиғ жамоати" гуруҳига аъзо бўлганлар.

Маҳкамага тортилганлардан бирининг ҳимоячисига кўра, аслида "Таблиғ жамоати" аъзолари ҳеч бир ерда ҳеч кимни бирон-бир ноқонуний ишларни бажаришга даъват этмаганлар.

Улар одамларни фақатгина намоз ўқишга ва исломий фарзларни бажаришга чақирганлар.

"Таблиғ жамоати"га мансубликда айбланганлар кўпинча дунёвий ишлардан узоқлашиб, масжидда ибодат қилиш билан банд бўлганлар.

Бу каби ибодатлар уч ё 40 кундан тортиб, тўрт ойгача давом этган.

Олти йил муқаддам Тожикистон Олий суди "Таблиғ жамоати"ни ноқонуний деб эълон қилганди.

Ортидан мамлакатда бу гуруҳга мансуб кўрилганларни аниқлаш ва жазога тортиш бошланиб кетди.

Биргина 2010 йилнинг ўзида Тожикистон жанубида "Таблиғ жамоати"га мансуб кўрилганларнинг икки йирик гуруҳи устидан маҳкамалар бўлиб ўтганди.

Бу икки маҳкама ҳукмига кўра, 80 нафардан ортиқ инсон икки-уч йиллик муддатга озодликдан маҳрум этилган ё жаримага тортилганди.

"Таблиғ жамоати" йигирманчи асрнинг ўттизинчи йилларида Ҳиндистонда ташкил топилган.

Кузатувчиларга кўра, ҳозирда бу гуруҳ мансублари дунёнинг 120 дан ортиқ мамлакатида фаолият юритишади.

Кейинги йилларда Тожикистондан ташқари Қозоғистон ва Ўзбекистонда ҳам "Таблиғ жамоати" фаоллашгани кузатилган.

Тожикистон раҳбарлари мамлакатда террорчилик амалларини содир этган кишилар билан бирга "Таблиғ жамоати" мансубларини ҳам Покистон каби чет давлатларда ўқиб қайтишганини айтишади.

Бу борада мамлакат президенти чиқишидан сўнг Покистон, Эрон ва араб мамлакатларида таълим олаётган тожикистонлик ёшларни Тожикистонга қайтаришга киришилди.

Кейинги икки йил давомида юзлаб тожикистонлик ёшлар ватанларига қайтарилди.

Тожикистонда сўнгги йиллар турли ноанъанавий диний оқимлар купайгани кузатилади.

Улар орасида "Таблик жамоати" дохил Ҳизб ут-Таҳрир ва "Салафийлар" гурухлари фаоллашаётгани айтилади.

Бугунга қадар айни гуруҳларга аъзолик айблари билан юзлаб тожикистонликлар турли қамоқ жазоларига ҳукм этилганлар.