Қозоғистон: илк бор норозилик намойишида 'Назарбоев кет' ҳайқириғи янграган

Норозилик намойиши
Image caption Норозилик намойиши Facebook тармоғи орқали ташкилллаштирилган

Қозоғистоннинг бир неча шаҳарларида норозилик намойишлари бўлиб ўтган. Шуларнинг энг йириги Олма ота шаҳрида ўтказилган. Намойишлар Facebook ижтимоий тармоғида тузилган “Қозоғистон норозилари” гуруҳи ташаббуси билан амалга оширилган.

Мухолифат партияси лидерлари ва Facebookда ушбу норозилар гуруҳини ташкиллаштирган фаоллар ҳибсда олинган бўлса-да, Олма отада жамиятнинг турли қатламидаги одамлар тўпланган.

Ҳукумат ушбу митингга рухсат бермаган ва намойиш ўтказилиши керак бўлган жой темир панжара ҳамда полция махсус кучлари билан ўраб олинган.

Намойишни бевосита кузатган мухбиримиз Шодиёр Сайф йиғилганлар тротуар ҳамда дарахтлар орасида туриб ўз позицияларини билдирганини айтади.

Намойишда фаол иштирок этиб нутқ сўзлаган фаолларни полиция куч билан тутиб кетган.

Шаҳар марказида рухсат этилмаган намойишда илк бор “Назарбоев кет” деган ҳайқириқ янгради.

Тўпланган оломон ушбу жумлани бир неча маротаба жўр бўлиб такрорлаган.

Оташин нутқ сўзлаган фаолни эса ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари куч билан полиция идорасига олиб кетишди.

Полиция томонидан қўлга олишлар намойиш бошланмасидан олдинроқ бошланган.

Бундан бир ой олдинги намойишда фаол бўлган “Азат” партияси лидерлари ва намойиш ташкилотчилари эрталабдан полиция идорасига олиб кетилган.

Ҳукумат томонидан бу каби кескин қаршиликка қарамасдан Қозоғистондаги норозилар иккинчи марта Олма ота шаҳри марказида намойиш ўтказишнинг уддасидан чиқди.

Олма ота шаҳри марказидаги норозилик намойиши кўп йиллардан бери иккинчи марта ўтказилган.

Бир ой олдин мухолифатдаги “Азат” умуммиллий социал демократлар партияси “Адолатли сайловлар учун” шиори остида бўлиб ўтган парламент сайловларига ўз норозилигини билдирган ва кейинги намойиш 25 феврал куни бўлишини эълон қилганди.

Бу сафарги намойиш биргина мухолифат партияси билан чекланиб қолгани йўқ.

“Ижтимоий позиция” газетаси бош муҳаррири Ермурат Бапи бошчилигида Facebook ижтимоий тармоғида очилган “Қозоғистон норозилари” гуруҳига қисқа вақтнинг ичида 4500 ошиқ фойдаланувчи аъзо бўлди.

Гуруҳ 25 феврал куни ижтимоий ва сиёсий адолатсизликдан норозиликларни Қозоғистоннинг учта Остона, Олма ота ва Ўрол шаҳарларида намойишга келишга чорлади.

“Мен бу ерда ўз фуқаролик позициямни билдириш учун келдим. Аввало, мен Жанаўзендаги қон тўкилишига қаршиман. Мен холис суриштирувни қўллайман. Масъул одамлар қонуний жавобгарликка тортилсин. Иккинчидан мен сайловларнинг натижалари кўриб чиқилишини талаб қиламан. Адолатли сайловлар бўлсин”, - дейди бирорта мухолифат партияси ва жамоатчилик ташкилоти аъзоси бўлмаган ҳамда юзини бўйинбоғ билан тўсиб олган 35 ёшлардаги молиячи йигит.

Би-би-си билан суҳбатда бўлган намойишнинг бошқа иштирокчилари ҳам бирор мухолиф партиясига аъзо эмаслигини жамиятдаги адолатсизликка муносабатини билдиришаётганини айтишди.

“Бу ерга келишимдан мақсад – жиноий коррупцияга қаршилигимни кўрсатиш. Ҳукуматнинг барча соҳалари бошдан-оёқ коррупцияга ботган. Атроф қонунсизликка тўлган, ҳам маънавий ҳамда инсоний қонунлар бузилмоқда. Ҳеч нарса ижро этилмаяпти”, - дейди славян қиёфасидаги ёш йигит.

Мухолифат шу вақтгача ҳокимият белгилаб берган жойда, яъни кўздан пана шаҳар марказидан олисроқ манзилда турли норозиликлар ўтказиб келган.

"25 февралдаги норозиликнинг олдингиларидан фарқи шунда бўлдики, одамлар ҳокимият эмас, ўзлари истаган жойга чиқишди", дейди мухбиримиз.

Намойиш илк маротаба партия лидерларисиз ва ташаббускорларсиз ўтказилди.

Олдинги намойишларда кўпроқ қарияларни кўриш мумкин эди, бугун эса намойишга чиққанларнинг орасида турли қатлам вакиллари ва ёшларни кўриш мумкин эди.

Намойишчиларнинг орасида одамлар кўриб ўрганиб қолган лидерлар бўлмаса-да, ўз фикрларини изҳор этувчи нотиқлар кўплаб топилди.

Айниқса, нотаниш оқинннинг Президент Нурсултон Назарбоевга хиргойи оҳангидаги мурожаати қўллаб-қувватловларга сабаб бўлди.

Ўрта ёшлардаги Роза исмли намойиш иштирокчиси Жанаўзендаги ҳодисалар халқнинг кўчага чиқишига ва ўз фикрини билдиришга асосий туртки бўлганини айтади.

“Жанаўзенда қуюшқондан чиқиш одамларни намойишга келишга ундади. 7 ой тинч йўл билан ҳаққини талаб қилган нефтчиларга қарата ҳукуматнинг ўқ узиши сўнгги чегара бўлди. Биз олдин порлоқ келажакни ваъда қилувчи турли дастурларга ва уринишларга ишонган бўлсак, бу ишонч энди битди”, - дейди ўрта ёшлардаги Роза.

Намойишлар яна бир ойдан сўнг шу ерда йиғилишга қарор берди.

Йиғилганларнинг бир гуруҳи тарқалди, қолган гуруҳ эса намойиш муносабати билан ҳибсга олинган лидерларнинг озод этилишини талаб қилиш мақсадида Медеу туман ички ишлар бошқармаси томон юришга ҳаракат қилди.

Аммо резина тўқмоқлар билан қуролланган полиция махсус кучлари намойишчиларни ушлаб, автобусларга тиқишди.