АҚШ элчиси билан учрашган А.Асқаров ўзининг айбсизлигини урғулаган

Image caption "Мен айбдор эмасман!.."

Вашингтон қирғизистонлик таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Азимжон Асқаров ишида ёрдамчи бўлишга тайёр, деб айтган Американинг бу мамлакатдаги элчиси Памела Спратлен.

Спратлен хоним ўтган ҳафта Азимжон Асқаров билан Бишкекдаги қамоқхонада учрашган.

Америка элчихонасининг матбуот воизига кўра, учрашувдан мақсад Асқаров жаноблари қамоқхонадаги яшаш шарт – шароитлари билан танишиш бўлган

Азимжон Асқаров Америка элчиси билан учрашув чоғида ўзига қўйилган айбларни кескин рад этган, аммо қамоқхона мулозимларининг муносабатини яхши деб баҳолаган.

Матбуот воизи Кристиан Райт Америка элчихонасининг аввалги баёнотларига ишора қилар экан, Асқаров жанобларининг маҳкама жараёни пала-партиш, унга чиқарилган ҳукмни дастакловчи далиллар деярли йўқлигини урғулаган.

“Америка элчихонаси Азимжон Асқаров ва яна бошқа юзлаб маҳкама жараёнини кутаётган шахсларнинг ишларини кузатиб боради”, деб айтган Кристиан Райт.

Америка элчихонаси мулозимига кўра, АҚШ элчиси Вашингтон нафақат умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган Азимжон Асқаровнинг масаласи, балки бутун Қирғизистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти Вашингтоннинг диққат эътиборида бўлишини айтган.

Азимжон Асқаров Қирғизистон жанубидаги этник низолар чоғида бир милиция ходимини ўлдириш ва миллий нафрат уйғотишда айбдор деб топилиб, бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Ҳуқуқбоннинг ўзи ҳамда уни яқиндан билган журналистлар ва фаоллар бу айбловларни қатъий рад этади.

Асқаров жаноблари қонли ҳодисалар рўй берган вақти фақат далил сифатида суратга туширишга ҳаракат қилганини айтади.

Бундан бир неча ҳафта аввал АҚШ, Оврўпо ва собиқ Совет республикаларидан бўлган 50 дан ортиқ инсон ҳуқуқлари ва нодавлат ташкилотлари Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевга мактуб йўллаб, таниқли ҳуқуқбон Азимжон Асқаровни инсонийлик тамойилларига асосланиб озод этишни сўраганлар.

Азимжон Асқаровнинг ҳимоячиси Нурбек Тўхтохунов мижозининг саломатлиги янада ёмонлашганини ҳам айтган.

Унга кўра, қамоқда экани чоғида ҳуқуқ фаоли яна калтакланган, буйраклари зарба еган, кўзининг зеҳни ҳам пасайган.

Бу мавзуда батафсилроқ