Июн қирғинига алоқадор жиноятларнинг бор-йўғи етти фоизи очилган

Image caption 2010 йилги июн миллий низоларида юзлаб кишилар қурбон бўлган, улардан аксариятининг ўзбеклар экани айтилганди

"Қирғизистон жанубида 2010 йилнинг июн ойида юз берган миллатлараро низо юзасидан қайд этилган 5748 жиноятнинг фақат 402 таси ошкор этилган".

Бу ҳақда Қирғизистон бош прокурор муовини Нурланбек Жияналиев журналистларга маълум қилган.

Нима учун миллий низолардан буён бир ярим йилдан кўпроқ вақт ўтган эсада, содир этилган жиноятларнинг бор-йўғи етти фоизи очилган?

Жаноб Жияналиевнинг айтишича, 20 дан ортиқ жасадни генетик экспертиза қилиш мақсадида Россия ва Хитойга етқазилган.

Лекин ҳозирча, бу иш самара бермаган.

"Бу борада энди Олмония ва Қизил Хоч ташкилоти билан музокаралар олиб борилмоқда",- деган Нурлан Жияналиев.

Унга кўра, июн воқеаларига алоқадор қариийб 550 фуқаро жиноий жавобгарликка тортилган.

Аввалроқ Қирғизистон прокурори Аида Салянованинг билдиришича, 5500 жиноий ишларга боғлиқ тергов амалиётларида куч ва воситаларни натижасиз сочмаслик учун уларни тахминан 2000 жиноий ишларга бирлаштиришга қарор қилинган.

Лекин халқаро ва нодавлат ташкилотлар шу пайтга қадар уларнинг жиддий бир қисми ҳам якунланмаганлигини айтиб келишади.

2010 йил июн ойида Қирғизистон жанубида содир этилган миллий низоларни ўрганиш учун ташкил этилган халқаро комиссия раиси Киммо Киллюненнинг билдиришича, мазкур воқеада қурбон бўлганларнинг тахминан 75 фоизи ўзбеклар бўлган.

Лекин зўрлик ва зўравонликка алоқадор қўзғатилган жиноятлар асосида жавобгарликка тортилганлардан қариийб 80 фоизи ҳам ўзбек миллатига мансублиги халқаро мулозимни ҳайрон қолдирган.

Махсус халқаро комиссия хулосасига мувофиқ Қирғизистон жанубида юз берган миллатлараро зўравонликлар давомида расмий маълумотларга қараганда 450 одам ўлдирилган.

2000 дан ошиқ турар жой бинолари ва корхоналар вайрон қилинган ёки бутунлай ёқиб юборилган.

14 мингдан ортиқ фуқарорлар бутунлай уй-жойсиз қолишган.