Россияда ўз чақалоғини сотишга уринган ўзбекистонликлар қўлга олинган

Image caption Россияда марказий осиёлик оналарнинг ўз болаларини туғиб, ташлаб кетиш ҳоллари кўпайган

Россия Тергов Қўмитасига кўра, Калуга вилоятида икки ўзбекистонлик ўзининг янги туғилган боласини сотишга уринишда гумон қилинмоқда.

Гумондорларнинг 32 ёшли аёл ва у билан бирга яшаб келган 21 яшар эркак экани айтилади.

Терговнинг фаразича, улар ўз фарзандларини туғилишидан аввал сотишни режалаганлар.

Аввалига бола учун 1 минг АҚШ доллари сўрашган, кейин эса нархни тенг ярмига туширишган.

26 феврал куни Калуга шаҳридаги туғруқхонада кўзи ёриган ўзбекистонлик аёл орадан уч кун ўтиб, чақалоқни харидорга 15 минг рублга сотаётган пайт ҳибсга олинган.

Боланинг шифохонага ётқизилгани, ҳодиса юзасидан Россия Жиноят Кодексининг "Одам савдоси" банди бўйича суриштирув ишлари олиб борилаётгани айтилади.

Ташландиқ болалар

Калугадаги ҳодиса биринчиси эмас.

2008 йилда Екатеринбург шаҳрида 4 ойлик фарзандини сотишга уринган ўзбекистонлик аёл ва унинг опаси 6 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилганди.

Опа-сингиллар шу йўл билан ҳомиладан қутулмоқчи бўлганлари айтилади.

Россияда шунингдек, муҳожир аёлларнинг янги туғилган болаларни ўлдириш ҳоллари ҳам қайд этилган.

Кузатувчиларга кўра, Марказий Осиё ҳукуматлари муҳожир аёлларнинг тақдири ҳақида қайғурмас эканлар, вазиятни ўнглаб бўлмайди.

Россия расмийларига кўра, сўнгги йилларда Россия туғруқхоналарида марказий осиёлик аёллар туғиб, ташлаб кетган болалар сони кўпайган.

Расмий маълумотларга кўра, 2010 йилда биргина Москва туғруқхоналарида ўнлаб марказий осиёлик оналар ўз фарзандидан воз кечган.

Ҳар йили юзлаб марказий осиёлик чақалоқлар Россия туғруқхоналарида ташлаб кетилади.

Нодавлат ташкилотлари Россия ҳукуматини ҳам муҳожир аёллар ва уларнинг болалари тақдирига кўпроқ эътибор қаратишга чақиришмоқда.