'Ўш шаҳар кенгашига сайлов қонунбузарликларга тўла бўлди'

Ўш шаҳри маркази
Image caption 1 март куни адолатли сайловлар ўтказиш талаби билан Ўшда кўп минг кишилик норозилик намойиши уюштирилди

4 март куни Ўш шаҳар кенгашига сайлов ўтказилган.

Би-би-си билан суҳбатда ўшликларнинг айтишларича, маҳаллий кенгашга ўз номзодини илгари сурган етти партия ҳам сохтагарчиликка йўл қўйганлар.

Шаҳар кенгаши ўз-ўзини бошқариш органи бўлиб, Ўш шаҳар кенгаши 45 вакилдан иборат бўлиши талаб этилади.

Бу ўринларга 700 номзод рўйхатга олинган.

Бу галги сайловга Қирғизистонда рўйхатдан ўтган 7 партия ўз аъзоларининг Ўш шаҳар кенгашига сайланишлари учун курашга киришганлар.

Булар - Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаевнинг Социал-Демократик партияси, Бош вазир Ўмурбек Бабановнинг "Республика" партияси, "Ата Мекен", Ўш шаҳри ҳокими Мелис Мирзакматов етакчилигидаги "Улуттар Биримдиги"(Халқлар бирлиги), "Адилетуу Киргизстан"(Адолатли Қирғизистон), Халқ-демократик партияси ва "Замондош" партиялари.

Кузатувчиларга кўра, бу партиялар орасида энг кўп овозни "Улуттар Биримдиги", "Республика" ва Социал-демократик партия вакиллари тўплашлари кутилган.

1 март куни

Бироқ ўшликлар овоз бериш куни асли шаҳарда истиқомат қилмайдиган инсонларни Ўш шаҳри атрофидан автобус ва маршрут таксиларида тўплаб овоз бериш учун олиб келинганликларини айтишди.

У ёки бу партияга овоз берган кишига 100 Қирғиз сомидан 500 сўмгача ваъда қилингани маълум бўлган.

Бундай қаллобликлар барча партиялар томонидан содир этилганини айтишган Ўш шаҳрида яшайдиган одамлар.

Ўшда яшайдиган ўзбеклар ўтган йил кузидаги Қирғизистон президентлигига сайловларни эркин, ҳаққоний ўтганини, хоҳлаган одам хоҳлаган сиёсатчисига овоз бериш эркинлигига чиндан ҳам эга бўлишганини айтишади.

Бу президентлик сайлови якуний натижасига ҳам таъсир кўрсатмай қолмаган, мамлакатдаги аксар ўзбекларнинг Президент Алмазбек Атамбоевга овоз берганлари хабар қилинганлар.

Бироқ 4 март кунидаги маҳаллий кенгашга сайлов кунида мухбирлар Ўш шаҳри ҳокими Мелис Мирзакматов тарафдорлари бўлган қирғиз миллатига мансуб ёш йигитлар деярли ҳар бир сайлов участкаси олдида кўзга ташланганини айтганлар.

Мухбирларга кўра, Ўш ҳокими шу йўл билан рақиб партияларига нисбатан кўп овоз тўплашни мақсад қилган.

Бир неча участкаларда ўзбеклар ўзларига овоз беришга йўл бермаганликларидан шикоят қилганлар, бироқ бу шикоятларга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаган.

Сайлов мулозимларига кўра, жами сайловчиларнинг қарийб 70 фоизи овоз беришда қатнашганлар, овоз бериш пайтида жиддий қонун бузилиши ҳоллари кузатилмаган.

Бу мавзуда батафсилроқ