Туркманистон президенти доривор гиёҳларни ўрганмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Туркманистон президенти қатор илмий асарлар муаллифи саналади

Туркманистонда президент Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг доривор гиёҳларга бағишланган илмий ишларининг учинчи жилди кенг жамоатчиликка тақдим этилди.

Учта алоҳида китоб ҳолидаги тўплам туркман, рус ва инглиз тилларида нашр этилган.

Туркман раҳбарининг илмий ишлари "Туркманистоннинг доривор гиёҳлари" номи остида чоп этиб келинмоқда.

Янги китобнинг тақдимот маросими Туркманистон Соғлиқни сақлаш ва Тиббиёт саноати вазирлигида бўлиб ўтган.

Сўзга чиққанлар янги нашрнинг қанчалик улкан аҳамиятга эга эканини урғулашган.

Президент Бердимуҳаммедовнинг ўзи эса, Туркманистон Фанлар академиясининг академиги, тиббиёт фанлари доктори ва профессор саналади.

У 90-йиллар охирларида Туркманистон Соғлиқни сақлаш вазири бўлиб ҳам ишлаган.

Илмий иш

Аён бўлишича, янги жилдда Туркманистонда ўсувчи доривор гиёҳлар алифбо тартибида тизиб чиқилган ва ҳар бири ҳақида батафсил маълумот берилган.

Улардан илмий йўлда ва халқ табобатида фойдаланиш йўл-йўриқлари кўрсатилган.

Бундан ташқари, ҳар бир доривор гиёҳнинг сурати ҳам келтирилган.

Президент Бердимуҳаммедов ўзининг илмий ишини 2009 йилда ёзишни бошлаган.

Расмий хабарларга кўра, унинг биринчи жилди қатор хорижий тилларга таржима ҳам қилинган.

Ўтган уч йил давомида маҳаллий доришунослар ва мутахассисларнинг иш столларидан жой эгаллаган.

Дастлабки икки жилдда яна доривор гиёҳларни йиғиш тақвими, улардан дори тайёрлаш усуллари ва туркман тиббиёти эришган ютуқлар ҳақида ҳам сўз борган.

Президент-ёзувчи

Туркманистоннинг амалдаги президенти яна қатор асарлар муаллифи ҳисобланади.

Жаноб Бердимуҳаммедовнинг, бундан ташқари, "Туркманистонда соғлиқни сақлаш тизими ривожланишининг илмий асослари", "Туркманистон - соғлом ва юксак ахлоқли инсонлар мамлакати", "Ахалтекин отлари - бизнинг шон ва шарафимиз" ва "Тараққиётнинг янги чўққилари сари" деган китоблари ҳам нашрдан чиққан.

Ўтган йил охирларида эса, туркман раҳбарининг "Одамдан яхши ном қолади", деган илк романи дунё юзини кўрганди.

Президент ўз романини ўқитувчи бобоси Бердимуҳаммад Аннаевга бағишлаганди.

Гурбангули Бердимуҳаммедов ўтган ой бўлиб ўтган сайловларда иккинчи бор Туркманистон президенти этиб сайланганди.

У марҳум Туркманбоши Сапармурот Ниёзовнинг кутилмаган ўлими ортидан 2007 йилда илк бор қудратга келганди.

Бу мавзуда батафсилроқ