"Ўзбекистонда аёлларга юксак ҳурмат эътибор кўрсатилади"

Ўзбекистонда аёлларнинг ҳуқуқий аҳволи ачинарли Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Адолат излаган сари аёлларнинг ўзларига нисбатан уюштирилган турли жиноий ишлар очилиши айтилади

Ҳуқуқ ҳимоячилари Халқаро хотин қизлар куни арафасида аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қила олмаётганини таъкидламоқда. Айниқса адолат талаб қилишни бошлаган аёлларнинг бошига ҳуқуқ тартибот органи ходимлари томонидан тазйиқлар борлиги айтилади. Шу билан бирга мамлакат раҳбари аёлларни байрам билан табрикларкан уларга ҳукумат томонидан ғамхўрлик кўрсатилаётганини ва жамиятда хотин қизларнинг ўрни ошиб бораётганини айтган.

Халқаро хотин қизлар куни билан аёлларга байрам табригини йўллаган Ислом Каримов уларга Ўзбекистонда юксак ҳурмат кўрсатилаётганини таъкидлаган.

"Мамлакатимизда аёлларга бўлган юксак ҳурмат-эътибор ва ғамхўрликнинг амалий исботи сифатида кейинги йилларда хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги роли ва таъсирни кучайтириш, уларнинг ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий ва маънавий манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган 80 дан ортиқ миллий ва халқаро ҳужжатлар қабул қилинганини алоҳида қайд этиш лозим," - дейилади президентнинг табригида.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистонда аёлларнинг ҳуқуқий аҳволи жуда ҳам ачинарли ҳолатда эканинини таъкидлашади.

Айниқса адолат излаб турли органларга мурожаат қилган, аёлларнинг аҳволи янада ёмонлашган ҳолатлар кўпаймоқда.

Қўқонлик Муҳайё Одилова бундан бир неча йил олдин ойисининг уйига тушган ўғрига тавсия берганликда айбланиб озодликдан маҳрум қилинади. Фарғона шаҳар қамоқхонасида турган кезлари уни жинсий зўрлаб калтаклашади. "Мен Фарғонанинг вақтинчалик тергов изоляторидан жазони ўташ калониясига келгунимча 3 ойлик ҳомила билан келганман. Бунақа ҳолатларга ким қарайди? Ҳеч ким қарамайди, ҳозиргача шу нарсани яшириб келишяпти".

Муҳайё Одилова ўзини зўрлаган шахснинг милиция амалдори эканлигини, ҳозир одам ўлдириш иши бўйича жиноий жавобгарликка тортилганини, аммо зўрлаш ҳолати бўйича аризаларни ҳеч ким кўриб чиқмаганини айтади.

Жинсий зўрланган Муҳайё Одиловани Фарғона шаҳар тергов изоляторида опасига нисбатан ёлғон кўрсатма бериш мақсадида 27 кун ноинсоний шароитларда ушлаб қийнашган.

"Қамоқдан чиққанимда на оғзимда тишим бор эди. Тишларимга урганда тушиб кетган. Терговчи бурнимгача синдириб ташлаган. Фарғона турмасида оёқларимни хлор сувга тиқиб 27 кун ертўлада ушлаб туришган ва росса хўрлашган. Сочларимгача кесиб ташлаган", - дейди Муҳайё Одилова.

Муҳайё опанинг қамоқхонада ҳомиладор бўлиб қолганини ва қийноққа тутилганини билган яқинлари турли идораларга шикоят хати билан чиқишни бошлайди.

Аммо адолат излаган сари уларнинг ўзларига нисбатан уюштирилган турли жиноий ишлар очилади.

Унинг онаси, опаси ва укаси Муҳайё Одилованинг уйини ноқонуний сотишга ҳаракат қилганликда айбланиб узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинади

Энди эса қамоқ жазоси аҳлоқ тузатиш ишлари алмаштирилган ушбу олий маълумотли оила қоровуллик, фаррошлик қилиб давлатга пул тўлашга мажбур. Улар ҳозир уйсиз ҳам қолишган.

"Опам билан онам ноҳақликларнинг ҳаммасини исботлайман деб югуриб юрганда онамларнинг устидан жиноий қўзғатишди. Энди ҳозир пропискамиз ҳам йўқ, яшайдиган уйи жойимиз ҳам йўқ. Ҳаттоки кийимимиз ҳам йўқ, ишонасизми. Ҳамма нарсамизни талон тарож қилишди", - дейди Муҳайё Одилова.

Тошкент вилоятининг Паркент тумани кар соқовларга боғчаларда дарс бериш билан шуғулланган Насиба Аширматова ҳам ҳуқуқ тартибот органи ходимлари томонидан турли босимларга учрамоқда.

Насиба опа ўзига нима учун босимлар ўтказилаётганини аниқ сабабини билмайди. Ишлаб турган боғчасида 100 миллион сўмни ноқонуний ўзлаштирилганини суриштиргани учун шу каби босимларга учраётган бўлиши мумкинлигини айтади. Унга нисбатан уйида ноқонуний диний сабоқ бериш айби қўйилган ва жарима тўлашга тўғри келган, энди эса солиқ идорасидан иддао билан чиқишмоқда.

"Менга алам қилаётган жойи араб тилида Қуръон ўқишни ҳам билмайман. Беш вақт номоз, 4 та суърадан бошқа ҳеч нарсани билмайман. Мен унақа диний билим берадиган одам эмасман. Органлар ўз манфаати йўлида фойдаланмоқда. Кимгадир мансаб керак. Диний экстремист деб битта қамоққа тиқса, уларнинг мансаби кўтарилади. Уларнинг асл мақсади шу, бошқа билмайман", - дейди Насиба Аширматова.

Инсон ҳуқуқлари фаоли Елена Урлаева аёлларнинг ҳуқуқи бузилиш ҳоллари кўп учрашини аммо улар одатда шикоят қилмаслигини айтади.

"Айрим аёллар ҳуқуқ тартибот органи ходимлари томонидан кучли қўрқитилади. Яна улар ишониб борадиган бирор муассаса йўқ. Чунки кўрсатмалар асосида орган ходимларига нисбатан жиноий иш очилган ҳолат бўлмаган. Мурожаатлар самарасиз бўлгани учун жим юришни афзал билишади", - дейди Елена Урлаева.

Аммо соғлиғи ва мол мулкини йўқотишига қарамасдан Муҳайё Одиловага ўхшаб адолат излаб юрганлар ҳам топилади. "Биз зиёли оиланинг фарзандлари бўлганмиз. Бизни ота онамиз соф виждонли, ёлғон гапирмасликка ўргатиб катта қилишган. Ҳаммамиз олий маълумотлимиз. Опам, укам инженер, ўзим психологман. Ҳақиқатни топаман деб охирги кучимгача ҳаракат қилаяпман. Лекин охиригача етоламанми, йўқми ҳеч тушунмаяпман", - дейди Муҳайё Одилова.