Қирғизистон: АҚШ 2014 йилдан кейин ҳам "Манас"даги базани сақлаб қолиши мумкин

Image caption Қирғиз ҳукумати аввал ҳам "Манас"ни ёпиш билан таҳдид қилган

Хабарларга кўра, АҚШ мудофаа вазири Леон Панетта билан музокаралар чоғида қирғиз расмийлари "Манас"нинг келажаги юзасидан музокараларга очиқ эканликларини билдиришган.

Қирғиз томони Қўшма Штатлар 2014 йилдан кейин ҳам базадан фойдалана олишига ишора қилган.

Сешанба куни Бишкекда ўтган музокаралар олдидан гапирган қирғиз мудофаа вазири Бусурманқул Табалдиев "2014 дан кейин Манасда ҳарбий миссия бўлмаслиги лозим"лигини урғулаган.

Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон ноҳарбий юклар транзити борасида Қўшма Штатлар билан 2014 йилдан кейин ҳам ҳамкорлик қилишга тайёр.

Қирғизистоннинг ўтган йил декабрида қасамёдга келтирилган янги президенти Алмазбек Атамбаев ўзининг илк баёнотларидан бирида 2014 йилда, жорий ижара шартномаси ниҳоясига етганидан сўнг Америка ҳарбийларини мамлакатдан чиқариб юбориш билан таҳдид қилган эди.

Эшиклар очиқ

Франс-Пресс хабар агентлигининг номини ошкор этишни истамаган АҚШ мулозимидан иқтибос келтиришича, жаноб Панеттанинг Бишкекка сафаридан мақсад қирғиз расмийларини 2014 дан кейин ҳам базанинг тақдири борасидаги музокаралар учун "эшикни очиқ қолдириш"га кўндириш бўлган.

Аммо ёпиқ эшиклар ортида ўтган музокаралардан сўнг журналистларга гапирган жаноб Панетта Бишкекка "музокаралар учун келмагани"ни айтган.

У Қирғизистон раҳбариятига АФғонистондаги амалиётлардаги ҳамкорлиги учун миннатдорчилик билдирганини таъкидлаган.

"Манас"даги база Афғонистонга АҚШ қўшинлари ва ҳарбий жиҳозларини етказишда муҳим нуқта ҳисобланади.

Базадан фойдаланиш ҳақида қирғизлар билан имзоланган амалдаги келишув 2014 йил, АҚШ Афғонистондан қўшинлар ва ҳарбий техникани олиб чиқишни бошлайдиган пайт ниҳоясига етади.

Нью Йорк Таймс рўзномасига кўра, бу Пентагон учун жиддий бош оғриғи яратиши мумкин.

Рўзноманинг маълумотича, АҚШ ҳарбийлари қўшинларни ҳеч қаерда тўхтамасдан, Шимолий Қутбдан ўтувчи ҳаво йўли орқали олиб ўтиши мумкин.

Аммо бу хавфсиз эмас ва қимматга тушади.

Иккинчи йўл эса, Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон орқали ўтадиган қуруқлик йўлидир.

Шу ой бошида Британия Мудофаа вазири Филипп Ҳэммонд ва Қуролли Кучлар вазири Ник Ҳарви минтақага сафар қилиб, Ўзбекистон ва қўшни давлатлар билан британ қўшинлари ва ҳарбий техникасини олиб чиқиш йўлларини муҳокама этишган.

Тарих такрорланмоқдами?

Қирғизистондаги АҚШ ҳаво базаси аввал-бошдан зиддиятли масала бўлиб келган.

Таҳлилчиларга кўра, ҳозирги вазият 2009 йилни эслатади.

Ўшанда Қурманбек Бакиев ҳукумати америка ҳарбийларини "Манас"дан чиқариб юбориш билан таҳдид қилган, аммо узоқ давом этган музокаралардан сўнг база "Транзит маркази" деб қайта номланган эди.

Вашингтон базадан фойдаланиш эвазига ижара ҳақини оширган ва ёрдам дастурларини кенгайтирган.

Кузатувчилар бу сафар ҳам шундай бўлиш эҳтимолини истисно этмайдилар.

АҚШ мудофаа вазири 2012 йилда Бишкекка айни масала юзасидан музокаралар олиб бориш учун махсус экспертлар гуруҳини юборишини айтган.

Расман "Транзит маркази" деб номланган Бишкек яқиндаги Манас аэропортида жойлашган база Американинг Марказий Осиёдаги ягона ҳарбий базаси ҳисобланади.

Қирғизистон, шунингдек, минтақада ҳам АҚШ ва ҳам Россия ҳарбий базасига мезбонлик қилаётган ягона давлатдир.

Таҳлилчиларга кўра, АҚШ базасининг ёпилиши ҳақидаги ҳар қандай эълон Кремл томонидан олқишланади.

Кузатувчилар собиқ қирғиз президенти Бакиевнинг ҳокимиятдан ағдарилишини унинг АҚШ базасини ёпиш ҳақидаги ваъдасининг устидан чиқмагани билан ҳам изоҳлайдилар.

Президент Атамбаевнинг "Манас"ни ёпиш ҳақидаги баёноти Қўшма Штатлар Ўзбекистонда ҳарбий база очишни режалаётгани ҳақидаги фаразларга сабаб бўлган.

Аммо АҚШ Марказий Қўмондонлиги ва Американинг Ўзбекистондаги элчиси махсус баёнот билан чиқиб, Қўшма Штатларнинг Ўзбекистон ва минтақада янги ҳарбий база очиш режаси йўқлигини айтишган.

Бу мавзуда батафсилроқ