Қирғизистон: қийнаб ўлдирилган ўзбек иши яна терговга қайтарилган

Сўқилиқ туман маҳкамаси(Фергана.ру сурати)
Image caption Милиционерлар яқинларининг босими туфайли маҳкамани Чуй вилоятида ўтказишга қарор қилинган

Қирғизистонда ўтган йили милиция томонидан сўроққа тутилиш ортидан вафот этган миллати Россия фуқароси Усмонжон Холмирзаевнинг ўлими юзасидан бўлиб ўтаётган маҳкамада жиноят ишини қайта кўриб чиқиш учун Жалолобод вилоят прокуратурасига юборишга қарор қилинган.

Маҳкамада Бозорқўрғон милициясидан ишдан бўшатилган милиция ходимлари айбланувчи деб кўрилаяпти, ҳакам улардан тилхат олиб эркинликка қўйиб юборган.

Жабрланувчи тараф бўлган Усмонжон Холмирзаевнинг яқинлари маҳкамада қатнаша олмаяптилар.

Олдинроқ Усмонжон Холмирзаевнинг беваси Зулфия Холмирзаева Чуй вилояти Сўқилиқ туманида ўтаётган маҳкама раисига ариза ёзган.

Ўз аризасида Зулфи Холмирзаева бундан кейин маҳкама жараёнида иштирок эта олмаслигини билдирган.

"Ариза берганимга саккиз ой бўлган бўлса, бирор бир натижа бўлгани йўқ. Судга ёлғон гувоҳларни олиб боришаяпти. Ҳақиқат қилиб бергани йўқ. Бундай узоқ жойга бориб келиш оилавий шароитимга ҳам, соғлигимга ҳам, моддий томондан ҳам тўғри келмаяпти", дейди Зулфия Холмирзаева.

"Суд бошланганидан бизни ҳақоратлашни бошлашган. Суд залида ҳам, ташқарига чиққанимизда ҳам ҳақорат қилишлар, қўрқитишлар, катта пул таклиф қилишлар бўлди", дейди Усмонжон Холмирзаевнинг беваси.

Ўтган йили август ойида Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туман милицияси ходимлари ушлаб турганларидан кейин уйига келиб вафот этган Усмонжон Холмирзаев Қирғиз милициясидаги ноинсоний муомала қурбони бўлган ягона инсон эмас.

2011 йил 1 сентябр куни Ўшдаги 5-ҳибсхонада 63 ёшли Маматазиз Бузруков ҳаётдан кўз юмган.

Қирғизистон Омбудсмани Турсунбек Акунга кўра, маҳбуснинг оғир касаллиги бўлса-да, ҳибсхона ходимлари ва тиббиёт вакиллари унга бепарво муносабатда бўлганлар.

Маматазиз Бузруков ўғлининг ортидан 2010 йил июнидаги миллатлараро низоларга алоқадорлик гумони билан ҳибсга олинган.

Қирғиз маҳкамаси ўша ҳодисаларда айблаб бир умрга қамоқ жазоси тайинлаган бозорқўрғонлик таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг иши халқаро миқёсда танқидларга сабаб бўлди, Қирғизистон раҳбариятидан Азимжон Асқаровни озод қилиш талаб қилинди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига кўра, Қирғизистон маҳкамалари қийноқлар асосида олинган кўрсатмаларни қонунийлаштириб бермоқда, миллатчиликни янада кучайтирмоқда.

Қирғизистонга ташриф буюрган БМТнинг Қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Хуан Мендес ҳуқуқ-тартибот идоралари ва айниқса қамоқхоналарда қийноқлар кенг тарқалганлигини айтган.

Ушбу вазиятни Қирғизистон расмийлари ҳам тан олганлар.

Бу мавзуда батафсилроқ