'Халқаро Амнистия' тожик ҳукуматини қийноқларга барҳам беришга чақирди

Image caption "Амнистия"га кўра, Тожикистонда, айниқса, тақиқланган исломий гуруҳ аъзоларининг қийноққа солиниш хавфи катта

Лондонда жойлашган "Халқаро Амнистия" ташкилоти Тожикистон ҳукуматини Бирлашган Миллатларнинг қийноқларни тугатишга қаратилган тавсияларини бажаришга чақирган.

"Амнистия" тарқатган баёнотда айтилишича, тожик ҳукумати халқаро кузатувчиларнинг мамлакат ҳабсхоналаридаги вазиятни давомли кузатиб боришларига рухсат бериши ва қийноқларга чек қўйиш юзасидан шошилинч чоралар кўриши лозим.

Ташкилот ўзи олиб борган тадқиқотлар натижасида Тожикистонда қийноқлар кенг тарқалган, деган хулосага келган.

Унга кўра, қийноқлар айниқса, дастлабки тергов изоляторларида кенг қўлланади.

"Милиция ва хавфсизлик хизматлари маҳбусларни ва баъзи ҳолатларда қийноқ гувоҳларини ҳам ўзлари ва бошқаларга қарши гувоҳлик беришга мажбурлаш мақсадида қийноққа соладилар", дейилади "Халқаро Амнистия" баёнотида.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳига кўра, Тожикистонда айниқса, тақиқланган диний гуруҳларни қўллаб-қувватлашда гумон қилинган одамларнинг қийноққа тутилиш хавфи катта.

"Амнистия" тожик ҳукуматини беш нафар маҳбуснинг қийноққа солингани ва қамоқда вафот этгани ҳақидаги иддаолар юзасидан ҳар томонлама текширув ўтказишга чақирган.

"Ҳукумат барча ҳуқуқ-тартибот идораларига қийноқ ва ноинсоний муомалага тоқат қилинмаслиги ва жавобгарлар жазога тортилишини тушунтириши керак", дейилади баёнотда.

'Жазосизлик'

"Халқаро Амнистия"нинг айтишича, қийноқ қўллаган тожик милицияси ва хавфсизлик хизматлари жазосиз қолишларига ишонишади.

Бундан ташқари, тожик ҳукуматининг қийноқ ҳоллари текширилгани ёки тасдиқлангани ҳақидаги баёнотларига қарамай, биронта ҳам қийноқ қурбонига товон тўлангани маълум эмас.

Қийноқ қурбонларидан бири Мирзохон Каримовнинг мисолида, "Амнистия"нинг айтишича, икки милиция ходимлари беш йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилган, аммо амнистия шарофати билан озод этилганлар.

Мирзохон Каримов эса, "Амнистия" маълумотича, 2009 йилда қийноққа солингани учун товон пули талаб қилишда давом этмоқда.

У ўзининг сўзларига кўра, милиция ходимлари томонидан қаттиқ дўппосланган ва иқрорлик кўрсатмасини имзолашга мажбур қилинган.

Суд-тиббиёт экспертизаси унинг мияси жароҳатланганини тасдиқлаган.

"Халқаро амнистия" қийноқлар натижасида олинган кўрсатмаларнинг тожик маҳкамаларида ҳануз далил сифатида ишлатилаётганидан ташвишда эканини билдирган.

Ўтган йил июлида Хўжандда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари устидан ўтган маҳкамада икки айбланувчи айбни бўйниларига олиш учун қийноққа солинганликларини айтишган.

Бошқа маҳбуслар ҳам қийноқлардан шикоят қилишган.

"Халқаро Амнистия" га кўра, маҳкумларнинг яқинлари холис ва ҳар томонлама тергов ўтказилишини талаб қилишда давом этмоқдалар.

Ташкилот шунингдек, тожик ҳукуматини қийноқ даъволари ҳақида хабар бераётган журналистларнинг қўрқитишлар, бўҳтонда айбланишлар ва маъмурий назоратларсиз фаолият олиб боришларини таъминлашга чақирган.

Бу мавзуда батафсилроқ