Туркманистон парламентининг собиқ спикери қамоқдан озод этилди

Image caption Кузатувчиларга кўра, Гурбангелди Бердимуҳаммедов даврида янги президент шахсига сиғинишга ўтилмоқда

Туркманистон парламентининг собиқ спикери Овазгелди Атаев ва унинг рафиқаси қамоқдан озид этилган.

Бу ҳақда интернет ахборот агентликлари мамлакат Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Вепа Ҳажиев сўзларига иқтибосан хабар берганлар.

Айтилишича, Вепа Ҳажиев бу борада БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси вакиллари билан учрашуви пайтида билдирган.

Туркманистон Конституциясига мувофиқ, парламент спикери марҳум Туркманбоши Сапармурод Ниёзовдан сўнг қудратга келиши керак эди.

Бироқ, Овазгелди Атаев Туркманбоши ўлимининг эртасигаёқ вазифасидан бўшатилиб, 2007 йил февраль ойидаги сайловлардан кейин, 5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилганди.

Собик парламент воизининг қачон озод этилгани маълум эмас.

Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари кенгашига маълум қилган Туркманистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари жаноб Ҳажиев ўтган икки йилда халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг ҳисоботларида номлари келтирилган шахслардан бир нечтаси озодликка чиқарилгани, улар орасида Авазгелди Атаев ва унинг аёли ҳам борлигини айтган.

Бир пайтлар марҳум президент Ниёзовнинг меросхўри сифатида кўрилган жаноб Атаев ва аёли Туркманбошининг ўлимидан кейиноқ ҳибсга олинган ва уларга ўз келинларини "жонига қасд қиладиган ҳолатга олиб бориш" деган айб қўйилганди.

2007 йил январида улар етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилди.

Туркманистон Конституциясига мувофиқ, айнан парламент воизи 2006-йил декабрида тўсатдан вафот этган президент Сапармурот Ниёзовнинг ўрнини эгаллаши ва президент сайловларигача муваққат давлат раҳбари вазифасини бажариши керак эди.

Айни пайтда Туркманистон ҳукумати мамлакат қамоқхоналарида қолаётган бошқа сиёсий маҳбуслар, жумладан, собиқ ташқи ишлар вазири ва мухолифат раҳбарларидан бири Борис Шихмурадовнинг тақдири ҳақида маълумот бермаган.

Борис Шихмурадов 2002 йилда марҳум Туркманбоши ҳаётига суиқасдда айбдор деб топилиб, узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилганди.

Туркманистон ўшанда расмий Тошкентни жаноб Шихмурадовни Ашхабоддаги Ўзбекистон элчихонасида яширишда айблаганди.

Айни ҳодиса ортидан ўзбек-туркман муносбатлари ўта совуқлашиб кетди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашидаги ҳисобот сўнгги 15 йил ичида туркман ҳукуматининг Бирлашган Миллатларга инсон ҳуқуқлари мавзусида қилган биринчи чиқиши бўлган.

Туркманистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбсоари бу ҳисоботни 15 йил сабрсизлик билан кутганликларини айтган.

БМТ кенгашининг йиғилишида туркман инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ҳам қатнашиб, ўзлариннг муқобил ҳисоботларини тақдим этганлар.

Туркманистон дунёда инсон ҳуқуқлари энг кўп поймол қилинадиган авторитар давлатлардан бири сифатида кўрилади.

Бу мавзуда батафсилроқ