Азимжон Асқаров Қирғизистон президентига мурожаат билан чиққан

Image caption Бегуноҳлигини ўзи ҳам ва дунё ҳам айтиб чарчаган фаол...

Қирғизистон қирғинидан кейин қотилликда айбланган инсон ҳуқуқлари фаоллари Азимжон Асқаров мамлакат раҳбариятига мурожаат қилиб, ўз бегуноҳлигини таъкидлаган.

Бу борада у қолаётган Бишкекдаги қамоқхонада учрашган Россиялик журналист маълум қилган.

Ўзбек миллатига мансуб жалолободлик инсон ҳақлари фаоли, қирғиз мулозимини ўлдириш айблари билан умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилганди.

Инсон ҳақлари фаолларига кўра, жаноб Аскаров ўз фаолияти ва миллати ўзбек эканлиги боис жазоланган,холос.

Азимжон Асқаров билан кўришган журналист Даниил Кислов Бишкекка келиб, президент Атамбоев билан учрашган ва унда асосан ўз вебсаҳифаси Fergana.ruнинг Қирғизистонда таъқиқланиши сабабларини мубоҳаса этганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати Москвага қайтган Даниил Кислов билан боғланиб Азимжон Асқаровнинг аҳволи ҳақида сўради.

Даниил Кислов: Азимжон Асқароқ ҳозир 47чи колонияда ўтирибди. У ерда яхши касалхона бор. Унга яхши тиббий ёрдам кўрсатишмоқда. Мен у билан осон учрашдим ва бир ярим соат гаплашдим. У шу жараёнда видеомурожаат қилди. У анча тетик кўринади ва керакли тиббий муолажани кўрсатишмоқда, деб айтди. Азимжон ака ҳамма касалим ёшим туфайли дейди. Ҳозир 61 ёшда, лекин ўзини кекса ҳисоблайди. Бу мурожаатида Азимжон ака ўз тарихини сўзлайди ва не сабабдан қамоқда ўтирганини ҳамон тушумаслигини айтади. Мурожаатда айбим нима эканлигини билмайман ва ишимни қайта кўриб чиқишингизни сўрайман, деб айтади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption fergana.ru Қирғизистонда тўсиб қўйилган эди

Би-би-си: Сиз мана бир ярим соат гаплашдим дедингиз. Бу вақт жараёнида мурожаатидан ташқари яна нималарни сўзлаб берди? Масалан қамоқ жазосини қайта кўриб чиқишга оид...

Даниил Кислов: У биринчи бўлиб ҳали бешинчи мартда мурожаат ёзганини ва ҳимоячисига ҳамда қамоқхона маъмуриятига бу мурожаатни топширганини айтди. Лекин ҳеч қаерда чиқмаган ва илтимос, мурожаатни видеотасвирга тушириш мумкинми деб сўради. Кейин у менга ўз ишидаги кичик тафсилотларга тўхталди ва уларга эътибор қаратиш муҳимлигини айтди. Ҳозир унинг ишини қайта кўришда икки йўл турибди. Биттаси узундан узун қайта қайта шикоят йўли. Аммо иккинчи йўли бор ва унда фақатгина юзага чиққан янгича ҳолат ва далиллар туфайли иши қайта очилиши мумкин.

Би-би-си: Демак у айбларини ҳамон рад этмоқда ва қандай янгича ҳолатлар ҳақида гапирмоқда?

Даниил Кислов: У айбларни буткул рад этмоқда. Унинг ҳимоячилари ҳозир Азимжон Асқаровнинг жиноят юз берган жойда бўлмаганини тасдиқловчи гувоҳларни излашмоқда. Азимжон аканинг ўзи эса ҳозир бир нарсага урғу бермоқда. Яъни, ҳали ўша июн ойида собиқ бош прокурори баёнот билан чиққан ва Азимжон Асқаров оломон ичида бўлган ва қирғиз милиционерини ўлдиришга чақиргани туширилган видеотасма бор деганди. Азимжон ака ҳозир нега бу видеотасма ҳалиям жамоатчиликка намойиш этилмаяпти, деб сўраётир. Кўп одамлар видеотасма бор ва демак Асқаров айбдор деб айтишади. Лекин Азимжон ака, марҳамат, ўш видеотасма бўлса, унда кўрсатинг деб айтмоқда. Лекин шу пайтгача бунақа видеотасма кўрсатилмади. Демак, агар бу видеолавҳа бўлмаса, унда маҳкама ишни қайта кўриб чиқиши керак бўлади.

Би-би-си: Мана сиз Президент Атамбоев билан учрашдингиз Бишкекда. Азимжон Асқаров иши бўйича ҳам гаплашдингизми?

Даниил Кислов: Азимжон Асқаров масаласини кўтармадим. Чунки Қирғизистон президенти бу ишга алоқадор эмас. Унинг иши бўйича олий маҳкама ҳукми бор. Шу боис айни иш билан халқаро ташкилотлар ва адвокатлари шуғулланишади. Кейин, мен бошқа масалада Қирғизистон президенти билан учрашгандим. Бу ҳам бўлса бизнинг Fergana.ru вебсаҳифамизга тўсиқ қўйилиши масаласи эди. Кейин мен ўзим Азижмон ака билан суҳбатлашиш ва унга далда бериш учун қамоқхонага учрашувга бордим.

Би-би-си: Сиз Асқаровнинг аҳволи яхши дедингиз. Лекин унга нисбатан муносабат қандай экан қамоқхона ичида?

Даниил Кислов: Унинг айтишича, бу қамоқхонада унга муносабат яхши. У ердаги бошлиқлардан тортиб, оддий қўриқчилар ҳам уни ҳурмат қилишаркан. Мен ўзим ҳам бунга гувоҳ бўлдим. Ҳатто кузатувчисиз, ўзи бемалол юраркан. Ўзи учун телевизор бор, кундалик газеталарни ўқишига имконият яратилган. Кўплар кекса одам деб ҳурмат қилишаркан. Лекин барибир, ноҳақ қамалишни ҳеч кимга раво кўрмайсан киши...

Би-би-си: Сиз мана Қирғиз раҳбарлари ва Аскаровнинг ўзи билан учрашдингиз... Ҳозир Азимжон Асқаровнинг озод этилиши бўйича бирон аломат ва умидлар борми?

Даниил Кислов: Биласизми, Азимжон Асқаровни озод қилиш йўлида иккита муаммо турибди. Унинг ишини қайта кўриш учун янги далиллар керак. Бу далилларни эса воқеа гувоҳлари бера оладилар. Бироқ бу гувоҳларни гапиришга, кўрсатма беришга кўндириш лозим бўлади. Бу гувоҳлар асосан ўзбек миллатига мансуб одамлар. Улар ҳуқуқ тартибот идораларидан ҳозир жуда кўрқишади. Кўп ўзбеклар ҳали илк маҳкама пайти кўрсатма беришдан бош тортишган. Чунки гувоҳлик берсак, кейин ҳуқуқ-тартибот идоралари биздан қасос олишади, деб қўрққанлар. Иккинчи масала эса - бу Қирғизистон раҳбариятининг, ҳакамларнинг сиёсий иродасига бориб тақалади. Чунки айнан улар бу ишни қайта кўриб чиқишлари мумкин. Азимжон Асқаров устидан маҳкама сохта айбловларга асосланган ва шу ҳолатида уни қайта кўриб чиқишса ҳам,барибир, мавжуд ҳукм ўзгармай қолиши мумкин.