Қозоғистон:'Йирик портлашнинг олди олинди'

Image caption Қозоғистон расмийлари Олма-Ота шаҳрида йирик портлашнинг олдини олишганини айтишмоқда

"Олма-ота шаҳридаги жамоат жойларида, хусусан, истироҳат боғи ва ҳокимият яқинида режаланган йирик портлаш тўхтатиб қолинди".

Айни баёнот билан чиққан Қозоғистон прокуратураси портлашни режалаган шахс - ҳозир қидирувда юрган мухолифатчи Мухтор Аблязовнинг шахсий тан қўриқчиси бўлгани ҳақида айтмоқда.

Расмий баёнотга мувофиқ, ўтган 24 март кунига режаланган портлашлашларнинг буюртмачи - Қозоғистон фуқароси бўлмиш Александр Павлов исмли шахс. "У2005 йилдан буён Мухтор Аблязовнинг тан қўриқчиларига раҳбарлик қилади ва махфий топшириқларини бажаради".

Бу шахс рўйхатдан ўтмаган “Олға” партиясининг хориждаги етакчилари бири билан ҳамкорлик қилгани ҳам айтилмоқда.

Павлов жаноблари ушбу портлашларни амалга ошириш учун 25 минг АҚШ доллари ваъда қилгани ва ушбу маблағнинг 15 минги олдиндан тўлаб қўйилгани даъво қилинмоқда.

“Тезкор тергов тадбири давомида, режаланган террор амалининг асосий мақсади - халқни қўрқитиш, тартибсизлик ва ваҳима уйғотиш, мамлакатда ижтимоий-сиёсий беқарорликни келтириб чиқариш эканлиги аниқланди”, - дейилади Бош прокуратура тарқатган хабарда.

Суриштирув жараёнида ҳуқуқ-тартибот ходимлари ушбу амални режалаган шахслар Қозоғистон ичкариси ва ташқарисидаги радикал диний гуруҳлар билан алоқага чиққани ҳақида маълумот олингани ҳам маълум қилинмоқда.

Айни ҳодиса юзасидан бир неча шахс қўлга олинган ва тергов ишлари кетмоқда.

Мухтар Аблязов Қозоғистоннинг энг йирик БТА банкининг ҳиссадори сифатида маълум. Қозоғистондаги юқори лавозимларда фаолият юриган бу шахс таниқли тадбиркор ҳамдир.

У 2009 йилнинг февраль ойи Англияга қочиб ўтган ва бунинг сабабини Қозоғистонда ўзининг тазйиққа тутилгани билан изоҳлаганди.

Қозоғистон ҳукумати жаноб Аблязовни Жанаўзендаги оммавий тартибсизликларда ҳам қўли бор, деб гумон қилади.

Қозоғистоннинг Атирау ва Тараз шаҳарларида 2011 йили портлаш ва отишмалар уюштирилганди. Ушбу портлашларни “Жунд ул-Хилафа” гуруҳи ўз бўйнига олган ва Қозоғистон давлат муассасаларида намоз ўқишни тақиқловчи қонунга норозилик сифатида бу амалларга қўл уришганини айтишганди.