Ўзбекистон туркман газининг жанубий транзитига рухсат берадими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Тожикистонга уланган ягона газ қувури Ўзбекистон орқали ўтади

Туркманистон Тожикистонга газ етказиб беришга тайёрлигини билдирган.

Эндиликда Ўзбекистон билан транзит масаласини ҳал қилиш муаммоси ўртага чиққан.

"Авеста" хабар агентлиги Тожиктрансгаз мулозимининг "ягона қувур Ўзбекистон худуди орқали ўтади, шундай экан, муаммо ечимининг калити Ўзбекистоннинг қўлида", деган сўзларини келтиради.

Тожикистон томони ушбу масалада ҳамкорлик кўрсатишни сўраб, Ўзбекистонга мурожаат қилган.

Кузатувчилар Ўзбекистон газни қўшни давлатларга босим воситаси сифатида кўриши ва бундай келишувга рози бўлмаслиги мумкинлигини айтишади.

Марказий Осиё давлатларининг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон қўшнилар билан алоқада ўта эҳтиёткор ва ўзгарувчан сиёсат юритиши кузатилади.

Ўзбекистон шартнома муддати тугаганлиги боис, Тожикистонга газ етказиб беришни тўхтатишни маълум қилганидан сўнг, Тожикистон бошқа муқобил йўлларни қарай бошлади ва деярли топди ҳам.

Туркманистон бу давлатга газ етказишга тайёрлигини билдирди, аммо ўртада яна Ўзбекистон билан музокара ўтказишга тўғри келмоқда. Икки давлатнинг ўртасида айнан Ўзбекистон жойлашган ва унинг руҳсатисиз ушбу келишув аҳамиятини йўқотиши мумкин.

'Кичик Россия'

Қозоғистонлик сиёсатшунос Расул Жумали Ўзбекистон газ ва шу каби имкониятлардан қўшни давлатларга босим ўтказиш воситаси сифатида фойдаланиши сабаб музокаралар боши берк кўчага кириб қолиши мумкинлигини урғулайди.

“Ўзбекистон Марказий Осиёнинг кичик Россияси каби газни босим ўтказиш мақсадида фойдаланади. Балки қисқа муддатли истиқболда Ўзбекистон қандайдир натижаларга эришса ҳам, аммо узоқ муддатли истиқболда бу хатодир. Ушбу хато қўшнилар билан шусиз ҳам яхши бўлмаган муносабатларни кескинлаштириши мумкин”, - дейди Расул Жумали.

Ўзбекистонга қўшни давлатлар билан ўта ўзгарувчан ва бир томонлама муносабатда бўлувчи давлат дея қаралади. У мавжуд 5 та қўшниси билан 3 тасида виза режимини ўрнатган ва қолган давлатлар билан ҳам чегараларни вақти вақти билан ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз ёпиб туради.

“Ўзбекистоннинг бошқа давлат ва турли иттифоқларга нисбатан ўзига хос қараши бор. Бу биринчи навбатда давлат раҳбари Ислом Каримовнинг шахсиятига боғлиқ бўлса, иккинчидан 15-20 йилдан бери ўзини таъминловчи иқтисод, ёпиқ сиёсий тизим, бошқалардан божхона каби тўсиқлар билан чегараланиб турувчи ёпиқ давлат қуришга интилаётган ҳукуматга ҳам боғлиқ”, - дейди қозоғистонлик таҳлилчи Расул Жумали.

Шундай бўлсада, Ўзбекистон минтақадаги турли иттифоқларга дам кириб ва дам чиқиб туради. Март ойининг ўрталарида Ўзбекистоннинг МДҲ давлатлари орасидаги эркин савдо ҳудудига қўшилиши маълум қилинди.

Эркин савдо ҳудудига аъзо давлатлар барча чегараларни очиши ва божхона тўсиқларини олиб ташлаши керак. Ушбу келишув парламентларда ратификация қилинса, давлатлар ўртасида товарларнинг ҳаракатланиши эркин бўлади ва тўловлар йўқотилади.

'Ёпиқ иқтисод'

Ўзбекистонлик иқтисодий таҳлилчи Анвар Ҳусаинов МДҲ давлатлари ўртасида ҳар қандай тузилма истиқболини Ўзбекистонсиз тасаввур қилиш қийин эканини айтади.

“Россия, Беларус ва Қозоғистон ўртасида тузилган иттифоқ Ўзбекистон ва Украинасиз мураккаб масалаларни ҳал қила оладиган ташкилот бўлолмайди. Уларда табиий, молиявий заҳиралар бор, лекин ишчи кучи ва илмий салоҳият Ўзбекистон ва Украинда бор. Агар улар ушбу иттифоқни кучайтирмоқчи бўлса, улар Ўзбекистонни таклиф қилиши керак”, - дейди Анвар Ҳусаинов.

Бошқа мутахассислар ҳам минтақавий интеграция жараёнида Ўзбекистоннинг ўрнини юқори баҳолашади, аммо Ўзбекистонни бошқараётган ҳозирги сиёсатчилар билан бундай ҳамкорлик учқун каби бир ёниб яна ўчиши мумкинлигини айтишади.

Қозоғистонлик таҳлилчи Расул Жумали Ўзбекистон томонидан бу каби қўшишилиш ташаббуслари олдин ҳам бўлганини, аммо маълум вақтдан кейин воз кечилгани ҳақида айтади. Унга кўра Ўзбекистоннинг ёпиқ иқтисоди бу каби иттифоқларга қўшилишга тайёр эмас.

“Ушбу ташкилотга қўшилиш айни шароитлардаги Ўзбекистон учун фойдали бўлади деб ўйламайман. Ўзбекистон иқтисодининг ёпиқлиги ва натурал хўжаликка йўналтирилгани, бир неча соҳалардан ташқари Ўзбекистон саноатининг рақобатбардош эмаслиги, раҳбариятнинг ишлаб чиқаришга муносабати бозор иқтисодиёти шартларига тўғри келмаслиги ва ниҳоят ўзбек сўми қийматини сунъий равишда ушлаб турилиши, иқтисод очиқ юритила бошласа умуман қадрсизланиб кетиши каби омиллар бундай интеграцияга тўсқинлик қилади”, - дейди Расул Жумали.

Мутахассислар Марказий осиё давлатларининг бирлашувини Ўзбекистонсиз тасаввур қилиб бўлмаслигини таъкидлашади.

Марказий Осиё давлатларининг қоқ ўртасидаub Ўзбекистон ушбу давлатларни бирлаштиришда муҳим жўғрофий нуқтада жойлашган. Интеграция ҳам қўшнилар ҳамда Ўзбекистонга саноқсиз фойда келтиради.

Аммо бу каби интеграциянинг амалга ошиши учун Ўзбекистон бошқарувига янги сиёсий кучларнинг келиши лозимлиги урғуланади.

“Ўзбекистон реал интеграцияга рози бўлишига катта шубҳа билан қарайман, балки бу Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти ташаббуси билан амалга ошиши мумкин. Бироқ Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатлари учун ҳар томонлама: стратегик, геополитик, иқтисодий жиҳатдан интеграциялашувдан бошқа муқобил йўл йўқ”, - дейди таҳлилчи Расул Жумали.

Бу мавзуда батафсилроқ