BBC navigation

"Россиянинг Марказий Осиёдаги амалларини неоколониализм деса бўлади" - таҳлилчи

Сўнгги янгиланиш 30 март 2012 - 10:59 GMT

Россия Қирғизистондаги гидроэнергия лойиҳаларига қизиқиш билдирган

Россиянинг Қирғизистондаги йирик энергия лойиҳаларига эгалик қилиш интилишларини кузатувчилар анчайин муҳим қадам дея баҳоламоқдалар.

Аввалроқ Россия Қамбарота гидроэлектростанцияси ҳиссларининг 75 фоизини олмоқчи эканини маълум қилганди.

Гидроэнергия ва сув масаласи анчайин зиддиятли муносабатларга сабаб бўлаётган минтақадаги Россиянинг бу соҳага кириб келиши сиёсий жиҳатдан қандай аҳамиятга эга бўлиши мумкин?

Бу савол билан Би-би-си минтақа масалалари бўйича таҳлилчи Жон Маклаудга мурожаат қилди.

Маклауд: Сўзсиз, Кремль Россияда вужудга келган сиёсий тузумнинг акс-садосини Марказий Осиёда ҳам топишга катта харакат қилмоқда. Бу ҳаракатларни неоколониализм деб атасак бўлади. Ҳаттоки Россиянинг демократик сайловларида ғолиб бўлиб чиққан биринчи президенти Борис Ельцин даврида ҳам Россия айрим тузумлар орқали ўз сиёсий таъсирини қайта қўлга киритиши мумкин деган тасаввур пайдо бўлган. Ҳозирги кунда Кремль нафақат Марказий Осиё минтақасида, балки собиқ Совет Иттифоқининг бошқа ўлкаларида ҳам турли хил иқтисодий воситалар орқали, ва давлат қарамоғида бўлган йирик конгломератлар ҳамкорлигида энергетика заҳираларидан фойдаланиш имконларини қўлга киритмоқчи. Мисол учун, Тожикистон ва Қирғизистон каби кичик давлатларда гидроэлектрик тўғонлар ва улардан фойдаланишнинг муқобил йўллари орқали Россия ўша мамлакатларда сезиларли даражада ўрнини эгаллашга ўринмоқда. Шу билан бирга, Россия айнан бу мамлактларда ҳам иқтисод ва ҳам сиёсатда, ҳамда асосий савдо шериги сифатида ўзига хос таъсирга эга бўлиб, хўжайин сифатида амал қилмоқда.

Би-би-си: Марказий Осиёда гидроқувват хақида гап кетганда, бу масала сиёсий тусга эга бўлиши мумкин. Чунки, агар Россиянинг мустақил ширкатларидан бири минтақада гидролойиҳани қўлга киритишга муваффақ бўлса, қуйи оқим мамлакатларга бу ўта салбий таъсир қилиши ва улар норози бўлишлари мумкин, шундай эмасми?

Маклауд: Назаримда, Россиянинг ўзи давлат сифатида ва унинг ширкатлари бу масалага ўта эҳтиёткорлик билан ёндошишлари керак. Албатта, россияликлар минтақада ўз иқтисодий манфаатлари ҳақида уйлаб, даромадини оширишга ҳаракат қилади, ва ҳукуматга ўз таъсирини ўтказишга уринади. Лекин, минтақада вужуд бўлган зиддиятларни чуқурлаштиришга уларнинг нияти йўқ деб ўйлайман. Кремль раҳбарияти минтақада қурилаётган гидролойиҳаларга норозиликларини билдирган Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги машмашаларга аралашиш истаги йўқ. Россия юзага келган мувозанатни бузмоқчи эмас ва кимнидир мажбурлашга тайёр эмас, менимча. Ҳозирда Россия Хитой билан Марказий Осиёга киритилаётган сармоялар устида баҳслашиши мумкин. Лекин, минтақада Россиянинг сиёсий таъсири чегараланган, мисол учун Қирғизистонда уларга дўстона бўлган ҳукуматни исташади, бироқ шу билан Қирғизистоннинг ички ишларига таъсир ўтказиш қобилиятига эга бўлишини хоҳлашмайди деб ўйлайман.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.