Қозоғистонлик жангарилар: ‘Муҳаммад бизнинг одам...’

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Муҳаммад Мераҳ уюштирган ҳужум ортидан Францияда 19 киши "Салафийлик" оқимига алоқадорликда гумон этилиб, ҳибсга ҳам олинишганди

Қозоғистонда фаолият юритувчи “Жунд ал-Халифат” исломий гуруҳи француз ҳарбийларининг ўлдирилиши ва Франциянинг Тулуз шаҳридаги яҳудий мактабига уюштирилган ҳужумга масъулиятни ўз зиммасига олган.

Гуруҳнинг веб саҳифасида баён қилинишича, мактабни ҳужумга тутиб, етти кишининг умрига зомин бўлган ҳужумчи Муҳаммад Мераҳ ўз жангариларидан биридир.

Аммо франциялик масъуллар Мераҳнинг бирор бир экстремистик гуруҳга алоқадорлигини кўрсатувчи далилга эга эмасликларини таъкидлашади.

“Жунд ал-Халифат” гуруҳининг баёнотида эса, Муҳаммад Мераҳ “француз Юсуфи”, дея аталади ва уюштирилган амалиёт “сионист-салбчиларнинг таянчини зил титратган”и айтилади.

Қозоғистонда бўлган мухбиримиз Динмуҳаммед Каликуловнинг айтишича, гуруҳнинг бу каби баёноти мамлакатда исломий ташкилотлар хавфи кучаётгани мазмунида расмий Остонани ташвишга солмай қўймайди.

Гуруҳ

Image caption Муҳаммад Мераҳ Тулуздаги яҳудий мактабига уюштирган ҳужумидан бир неча кун ўтиб, Франция махсус кучлари томонидан ўлдирилган

Қозоғистонда “Халифалик аскарлари” фаолияти тақиқланган террорчи ташкилот саналади.

Мамлакат ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, гуруҳ 2011 йилда уч нафар фуқаролари томонидан Қозоғистонда “жиҳод олиб бориш” мақсадида тузилган.

Экспертларнинг айрим фаразларига кўра, “Халифалик аскарлари” Афғонистон ҳудудидан туриб фаолият олиб боради.

Бошқа бир тахминларда эса, гуруҳнинг Қозоғистоннинг ўзида яширинча иш юритиши айтилади.

“Жунд ал-Халифат” илк бор ўтган йил куз ойларида тилга тушган.

Гуруҳ давлат ташкилотларида намоз ўқишни ҳам тақиқловчи Дин тўғрисидаги янги қонун қабул қилинишидан қисқа вақт ўтмай Атирау шаҳрида амалга оширилган иккита портлашга масъулиятни ўз зиммасига олиб чиқади.

Мухбиримизнинг айтишича, Қозоғистон ҳукумати унгача бу каби хавфга ҳеч қачон рўбарў келмаган.

“Халифалик аскарлари” ўтган йил декабр ойида Олма-ота яқинидаги Боралдай қишлоғида кечган отишмаларга ҳам масъулиятни ўз зиммасига олганди.

Шу йилнинг 26 март куни 47 нафар судланувчи “террорчилик”, “террорчиликни тарғиб этиш”, “террорчи гуруҳ тузиш, унга бошчилик қилиш ва фаолиятида иштирок этиш”, яна шунингдек, “экстремистик ёки террорчилик фаолиятини молиялаш” айблари билан Атирау маҳкамаси қаршисида ҳозир бўлишди.

Масъуллар уларни “Жунд ал-Халифат” сафдошлари сифатида кўришади.

Маҳкама жараёнининг ўзи эса, ёпиқ тартибда кечмоқда.

Франциялик ҳужумчи Муҳаммад Мераҳ эса, бундан ўн кунча бурун мамлакат махсус кучлари томонидан Тулуз шаҳрида ўлдирилганди.

Бу мавзуда батафсилроқ