'Наркобаронларнинг ягона халқаро маълумот базасини тузиш керак'

Image caption Афғонистонда гиёҳванд моддалар етиштириш 40 баравар кўпайгани айтилади.

Россия Гиёҳванд моддалар айланишини назорат қилиш Федерал хизмати раҳбари Виктор Иванов гиёҳванд моддалар савдосидан ноқонуний даромад кўраётган инсонлар ҳақидаги ягона маълумот базасини тузиш таклифи илгари сурилганини билдирди.

Виктор Ивановнинг айтишича, бундай маълумотлар наркобаронларга қарши иқтисодий чора кўриш учун зарурдир.

Москвада матбуот анжумани уюштирган Россия Гиёҳванд моддалар айланишини назорат қилиш Федерал хизмати раҳбари айтишича, Россия тарафи ушбу таклиф билан Шанхай Ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатларга мурожаат қилган.

"Биз Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти йиғилиши доирасида наркобаронлар, наркотрафикчиларнинг ягона маълумот базасини тузишни таклиф қилдик, боиси бундайлар жуда кўп сонда Афғонистонда ҳам, Хитойда ҳам, бизда ҳам ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида ҳам бор", деб айтган Виктор Иванов.

Жаноб Иванов сўзларига кўра, бир неча мамлакатларда мавжуд маълумотларни бирлаштириш гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдосига қарши кураш самарасини оширади.

Россия гиёҳванд моддаларга қарши кураш идораси раҳбари мисол тариқасида АҚШ тажрибасини тилга олган.

"Бундай амалиёт АҚШда фаол қўлланади. Масалан, ўтган йили ёзида Қўшма Штатлар Президенти Барак Обама наркотикларга қарши кураш қонуни доирасида ижроия ҳужжатини имзолади. Бу ҳужжат наркобаронларнинг рўйхатини тузиш, наркотрафикчиларни бу рўйзатга киритиш ва уларга иқтисодий таъсир ўтказишни назарда тутади", деган Виктор Иванов.

Россия гиёҳвандларга қарши бош ташкилоти раҳбарига кўра, Афғонистондаги ўзига БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан юклатилган вазифани уддалай олмагани учун Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти НАТО устидан халқаро маҳкамаларга мурожаат қилиши мумкин.

Жаноб Иванов айтишича, БМТ Хавфсизлик Кенгаши мандатида ноқонуний гиёҳванд моддалар савдоси Афғонистонда қурол-яроғ сотиб олишнинг асосий манбаси бўлаётгани қайд этилган ва НАТОга бу мамлакатдаги бангивор моддалар етиштирилишига барҳам бериш вазифаси ҳам юкланган.

Бироқ НАТО миссияси бошланганидан буён Афғонистонда наркотик моддалар ишлаб чиқариш 40 марта кўпайди, деб айтган Виктор Иванов.

Бу мавзуда батафсилроқ