Алишер Соипов ўлимига боғлиқ маҳкама иши қайта кўриб чиқилади

Алишер Соипов Фото муаллифлик ҳуқуқи b
Image caption Оврўпо Иттифоқи Қирғизистон ҳукуматини Алишер Соиповнинг ўлдирилиши юзасидан шаффоф тергов ўтказишга чақирган

Қирғизистон Олий Маҳкамаси таниқли журналист Алишер Соипов ўлимига боғлиқ маҳкама ишини қайта кўриб чиқиш қарорини олган.

Ўш шаҳрида ўзбек тилида нашр этилувчи "Сиёсат" газетасининг 26 ёшли муҳаррири Алишер Соипов 2007-йил октябрида номаълум қуролли шахс томонидан отиб кетилганди.

Авваллари олинган барча қарорларни бекор қилган Олий Маҳкама журналист ишини Ўш шаҳар маҳкамасига қайта йўллаган.

Алишернинг отаси Аваз Соиповнинг айтишича, ўғлини ўлдиришда айбланиб, икки йил муқаддам 20 йилга озодликдан маҳрум этилган Абдуфарит Расулов жиноят содир этилган пайти бошқа жойда бўлган.

Абдуфарит Расулов 2009 йил февраль ойида Боткен милицияси томонидан ҳибсга олинганди.

Милиция ҳибсга олиш чоғида унинг ёнидан Макаров тўппончаси топилганини маълум қилган.

Журналистнинг айни тўппончадан отиб ўлдирилгани хабар қилинган.

"Сиёсат" журналининг муҳаррири Алишер Соипов Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг ашаддий танқидчиларидан бири сифатида танилганди.

Журналист ўлимидан саккиз ой ўтиб, Аваз Соипов Ўзбекистон президентини ўғлини ўлдиришга буйруқ беришда айблаб чиқди.

Аваз Соипов унда Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ва хавфсизлик хизматларининг алоҳида ходимлари ушбу қотилликни амалга оширишда ёрдам берганликларини тасдиқловчи далиллар борлигини айтган.

Қотиллик юзасидан тергов олиб бораётган қирғиз расмийлари турли фаразлар ўрганилаётгани, жумладан Алишер Соиповнинг ўлимига Ўзбекистон махсус хизматларининг алоқаси борлиги ҳақидаги иддаолар ҳам назардан соқит қилинмаганини маълум қилишган.

Аваз Соипов ўғли ўлими юзасидан ишнинг қайта маҳкамага йўлланишини "адолатнинг кичик ғалабаси" дея баҳолаган.

Оврўпо Иттифоқи Қирғизистон ҳукуматини Алишер Соиповнинг ўлдирилиши юзасидан шаффоф тергов ўтказишга чақирган.

Бу мавзуда батафсилроқ