'Ўзбек ва Тожик раҳбарлари юзма-юз учрашишлари керак'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Тожикистондаги сиёсий партиялар вакиллари Ўзбекистон билан юазга келган танг вазиятни ечиш йўлини икки мамлакат раҳбарларининг юзма-юз учрашувида кўрмоқдалар.

Тожикистонда рўйхатдан ўтказилган етти сиёсий партия вакилллари Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонга мурожаат билан чиққанлар.

Тожикистон Аграр партияси, Ислом Уйғониш, Коммунистик, Социалистик, Демократик, Иқтисодий ислоҳотлар партияси ва Умуммилий Социал-демократик партиянинг Суғд вилоят бўлимлари умумий баёнот эълон қилганлар, бу баёнот Ўзбекистон ва Тожикистон президентларидан ташқари БМТ ва Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти раҳбариятига ҳам йўлланган.

Мурожаатда сиёсий партиялар икки мамлакат ўртасида охирги пайтда таранглашган вазиятдан хавотир билдирганлар.

Тожикистон "Ислом Уйғониш Партия"сининг "Нажот" рўзномаси бош муҳҳарири, таҳлилчи Ҳикматулло Сайфуллозодага кўра, вазиятнинг ўта жиддийлиги сиёсий ҳаракатлар вакилларини бу каби қадамга ундаган омиллардан биридир.

Ҳикматулло Сайфуллозода: Ҳақиқатан ҳам икки қўшни халқ орасида эмас, таъбир жоиз бўлса икки қўшни ҳукмдор ўртасида келишмовчиликлар давом этиб, йилдан йилга турли омил ва сабаблар қўшилиб боряпти. Ва ҳеч қайси томон ўз ҳолича бу муаммоларни еча олмайди. Тожикистондаги сиёсий партияларнинг Хўжанддаги вакиллари биргалашиб, бу муаммони ечишнинг ягона йўли икки раҳбарнинг юзма -юз учрашиб, мулоқот қилишлари лозим, деган хулоса чиқардилар. Яъни икки халқ бошдан кечираётган азиятларни давом эттиришга умуман ҳожат йўқ. Лекин бу хулосага ҳозирча фақатгина Сўғд вилояти бўлинмалари келдилар, мамлакатдаги сиёсий партияларнинг марказий раҳбарияти ҳозирча бу борада ўз сўзини айтгани йўқ.

Би-би-си: Сиёсиий партия вакиллари ана шу каби мурожаат билан чиқишга қарор қилган эканлар, вазиятни шу қадар жиддий қабул қиляптилар, деб ўйлайсизми?

Ҳикматулло Сайфуллозода: Фикримча, вазият жиддийдан-да кўра оғирроқ. Бу вазиятдан чиқиш йўлларидан бири эса бизнинг Хўжанддаги вакилларимиз айтганидек -икки раҳбарнинг учрашуви. Яъни ҳеч қандай воситачиларсиз, ҳаттоки халқаро миқёсдаги воситачиларсиз учрашишлари керак. Чунки, уларнинг якка ўзларигина тушуна оладиган жиҳатлар бор. Агардаки, кимдир бу учрашувда қатнашса ана жиҳатларга аралашув бўлади. Бизнинг вакилларимиз ана шу таклифни ўртага ташлаётган эканлар, демак бу муаммони фақатгина икки раҳбарнинг ўзигина ҳал қила оладилар, деганидир.

Би-би-си: Лекин бу икки раҳбар ўртасидаги муносабатлар ҳам охирги йилларда яхши бўлмаган, ана шу жиҳат назарда тутилса, уларнинг ҳозирда юзма-юз учрашувлари не қадар реал таклиф?

Ҳикматулло Сайфуллозода: Бу таклиф иккала раҳбар ўртадаги вазиятни англаб етиб, воқеликни тан олган тақдирларидагина реалликка айланади. Агардаки, жаноб Каримов ва жаноб Раҳмон иккаласи ҳам фақатгина ўз мавқеи ва нуқтаи назарини ўтказмасликка ҳаракат қилиб, иккала мамлакатдагина эмас, минтақадаги вазиятни ва оқибатларни англаб етсалар бу учрашув имкони пайдо бўлади. Улар бир-бирлари билан мушталашганлари ёда айтишганлари йўқку, Каримов Тошкентда қандайдир сиёсий баёнотларни қилган, Раҳмон эса Душанбеда, сал қўполроқ сўзлар айтилган бўлиши мумкин. Лекин буларни ҳаммасини четга суриб, ўтириб, очиқчасига муаммоларни муҳокама қилиш имкони бор менимча.

Би-би-си: Мурожаатда икки раҳбар ўз шахсий манфаатларидан халқ манфаатларини юқори қўйишлари керак, дейилган. Бу ерда шахсий манфаат деганда, нималар назарда тутиляпти?

Ҳикматулло Сайфуллозода: Баёнотдаги бу сўзлар айнан нимани англатишини билмадим, лекин бу мавзуда кўплаб мақолалар ёзган муаллиф сифатида шуни айтишим мумкинки, менимча бу ерда иккала раҳбарнинг ҳам қудрат курсисига тирмашиши назарда тутилган. " Мен раҳбар ёда президент бўлишни хоҳлайман ва ҳеч кимга бу мавқени бермайман" деган ёндошувни халқ манфаатидан юқори қўйиш - ана шу назарда тутиляпти менимча. Раҳбарлик курсисида ўтирган ҳар қандай онгли инсон юз фоиз халқ мени қўллаб-қувватлайди, деб ишонч била айта олмайди. На жаноб Каримов ва на жаноб Раҳмон бу каби даъвони қила олдилар. Шунинг учун халқ манфаати масаласига афзаллик берилиши керак.

Би-би-си: Икки давлат раҳбари ҳозирда бу мурожаатда айтилган даъватга қулоқ тутадилар, деб ўйлайсизми?

Ҳикматулло Сайфуллозода: Бунисини айтиш қийин, агарда бу каби баёнот пойтахт Душанбеда янграганида, анчайин таъсирлироқ бўларди, деб ўйлайман. Лекин ҳозирда жаноб Каримов ёда жаноб Раҳмон, айниқса жаноб Каримов бу мурожаатга қулоқ тутиш у ёқда турсин, бутунлай эътибор қаратмайдилар, деб ўйлайман. Шунинг учун айтаманки, ҳозирга қадар хоҳ партиялар томонидан айтилган бўлсин, хоҳ раҳбарлар томонидан айтилган бўлсин, ҳамма гапларни четга суриб, икки халқ ва балкида бутун минтақа манфаатларини назарда тутиб, юзма-юз учрашув ўтказилиши керак, ёда минтақавий раҳбарлар саммитини чақириш керак. Ҳеч қайси томоннинг манфаатларини бир-биридан устун қўймай, очиқчасига гаплашиш керак. Фикримча бу нарса имконли.

Бу мавзуда батафсилроқ